Меtа компанияси 2025 йилнинг биринчи ярмида ўзини йирик контент ишлаб чиқарувчиси сифатида кўрсатган 10 миллионга яқин сохта Facebook ҳисобларини ўчириб ташлади. Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, бу компаниянинг “спам-контент”га қарши курашиш ва Facebook янгиликлар лентасининг долзарблиги ҳамда ишончлилигини ошириш бўйича кенг қамровли саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади. Бундан мақсад спам хатти-ҳаракатлари билан шуғулланувчи, жумладан сунъий интеллект ёрдамида контент яратувчи ҳисобларни чиқариб ташлашдир.
Шунингдек, Меtа муаллифларнинг асл нашрларини устувор тарғиб қилиш ва илгари суриш учун янада қатъий чораларни жорий этмоқда.
“Facebook ноўрин ва спам хатти-ҳаракатлар билан шуғулланувчи деб аниқланган тахминан ярим миллион ҳисобга нисбатан чора кўрди. Бу чоралар шарҳлар рейтингини пасайтириш ва контент тарқалишини чеклашни ўз ичига олади, бу эса мазкур ҳисоблар томонидан постларни даромад манбаига айлантиришни қийинлаштиради”, дейилади комппания хабарида.

Меtа ноўрин контентни асл муаллифини кўрсатмаган ҳолда расм ёки видеолардан такроран фойдаланиш деб таърифлайди. Таъкидланишича, энди унда такрорий видеоларни аниқлаш ва уларнинг тарқалишини чеклаш имконини берувчи технология мавжуд.
Меtаънинг бу қадами компаниянинг сунъий интеллектга сармояларни кўпайтираётгани билан боғлиқ. 14 июль куни бош директор Марк Цукерберг келгуси йилда биринчи суперкомпьютерни ишга тушириш учун сунъий интеллект ҳисоблаш инфратузилмасига юзлаб миллиард доллар сарфлаш режасини эълон қилди.
Бундан аввал YouTube раҳбарияти нореал видеолар билан курашиш мақсадида платформанинг қоидаларига ўзгартириш киритгани ма`лум қилинганди. Бунда гап нейротармоқлар ёрдамида яратилган видеороликлар ҳақида кетмоқда. Шу тариқа видеохостинг ўз обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олади. Бундай контентларнинг муаллифлари даромадини камайтириш орқали молиявий харажатлар ҳам қисқартирилади.
Изоҳ (0)