Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан YouTube платформасининг Ўзбекистонда реклама даромадларидан фойдаланиш (монетизация) хизмати ёқилишининг иқтисодиётга таъсири ва мавжуд тўсиқлар таҳлил қилинди.
YouTube монетизацияси 108 та давлатда ёқилган бўлиб, Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистонда мавжуд.
YouTube монетизациясининг иқтисодиётга таъсири
Маданий ва креатив соҳадаги маҳсулотларнинг дунё ялпи ички маҳсулотидаги ўрни 3,1 фоизни ташкил этади ҳамда жаҳонда иш билан банд аҳолининг 6,2 фоизи ушбу соҳага тўғри келади. Ўзбекистонда креатив индустрия соҳасига оид 9,6 минг корхонада 84 минг нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Креатив иқтисодиётнинг умумий иқтисодиётдаги улушини 2030 йилгача 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Ўзбекистонда 2025 йил январь ойи ҳолатига 33,9 млн та мобил алоқа фойдаланувчилари, 32,7 млн интернет фойдаланувчилари мавжуд (ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ошган). Мобил интернет ўртача тезлиги 37,82 мб/c, симли (ўзгармас) интернет тезлиги 79,06 мб/с. Фаол ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 11,7 млн нафар.
Ўзбекистонда 2,3 млн – Facebook, 11,7 млн – Instagram, 2,6 млн – TikTok, 250 минг – Х ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мавжуд. Веб трафикнинг 66 фоиз – Instagram, 13 фоиз – Pinterest, 8 фоиз – Facebook, 6,3 фоиз – YouTube тармоғига сарфланади. Ҳозирда Ўзбекистонда ойлик фаол фойдаланувчилар YouTube ижтимоий тармоғида 13 млн ташкил этади. Telegram – 20 млн, Меtа (Facebook ва Instagram) – 10 млн.
Монетизация хизмати ёқилиши натижасида Ўзбекистонда маҳаллий реклама бозори ҳажми ошади. 2024–йилда реклама бозори 2,1 трлн сўм бўлиб, 29 фоиз рақамли рекламага тўғри келади (20 фоиз – ташқи реклама, 51 фоиз телерекламалар).
2023–йилда Қозоғистонда рақамли реклама бозори ҳажми 100 млн долларга ошган (+30 фоиз). Россияда YouTube монетизацияси ўчирилгандан сўнг блогерлар 20 млрд рубль (231 млн доллар) зарар кўрган.
Бундан ташқари, маҳаллий компаниялар YouTube орқали ўз аудиториясига реклама бериш имконияти очилади. Рекламадан тушган маблағнинг бир қисми маҳаллий блогерларга қайтади.
YouTube рекламаси Ўзбекистон аудиториясига ёқилмаган. Монетизация ёқилиши орқали Ўзбекистон ЯИМ 0,05-0,1 фоизга кўпайиш эҳтимоли мавжуд. Қозоғистонда YouTube монетизациясидан олинадиган даромад ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз бўлган.
Ўзбекистонда рақамли контентни монетизация қилиш салоҳияти
YouTube платформасида расмий монетизация имкониятлари очилиши Ўзбекистонда креатив иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун янги имкониятларни яратмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек видеоблогерлари томонидан бир йилда кўриладиган умумий даромад ҳажми 30–50 млн доллар атрофида бўлиши мумкин.
Янги контент яратувчилар сони ошиб, креатив саноат ривожланади. Блогерлар ва медиа агентликлар кўпайиб, IT (монтаж, видео, анимация) хизматларига талаб ортади. Блогерларнинг даромади ошиши натижасида, улар томонидан маҳаллий бозорга инвестициялар ҳажми ошади, маҳаллий савдо ва хизматлар ошади.
Айни пайтда мамлакатда 26 мингдан ортиқ фаол видеоблогерлар фаолият юритмоқда. Улардан 1000 нафар катта блогерлар (100 мингдан ортиқ обуначи), 5000 нафар ўрта блогерлар (10–100 минг обуначи) ва 20 минг нафар кичик блогерлар (1–10 минг обуначи) ҳисобланади.
Агар 1000 та кўриш учун ўртача SPM (реклама тўлови) 0,8 сент – 1,4 доллар деб олинадиган бўлса ва йиллик умумий кўришлар сони 36 миллиардни ташкил этса, жами даромад 28,8–50,4 млн доллар оралиғида бўлиши мумкин.
Таққослаш учун: АҚШда SPM 5–15 доллар, Қозоғистонда 0,8 сент – 2 доллар атрофида. Бу Ўзбекистонда блогерлик фаолияти бозорининг ўсиш салоҳияти юқори эканини ва рақобат даражаси нисбатан пастлигини кўрсатади.
YouTube монетизацияси учун асосий тўсиқлар
Шахсий маълумотларни сақлашга доир. YouTube монетизациясини ёқиш учун асосан шахсий маълумотлар базасини (сервер) Ўзбекистонда сақлаш талаби тўсқинлик қилиши мумкин. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга асосан, Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлари жисман Республика ҳудудида жойлашган ва рўйхатдан ўтказилган техник воситалар ҳамда базаларида сақланиши шарт.
Аксарият хорижий давлатларда ҳам серверларни мамлакат ичкарисида жойлаштириш талаби мавжуд бўлса-да, йирик халқаро IT компанияларга нисбатан талабларни юмшатиш ва алоҳида шартномалар тузиш тажрибаси қўлланилган.
Россия ва Қозоғистонда шахсий маълумотларни маҳаллий серверларда сақлаш бўйича қаттиқ талаблар бўлса-да, Google ва Меtа каби компаниялар билан муросага келиб, ўз серверларини мамлакат ҳудудида жойлаштириш мажбуриятини юкламасдан, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича келишувларга эришилган.
Европа Иттифоқида мамлакат ташқарисига маълумотни чиқариш Европа сингари хавфсиз сақланиш шарти билан рухсат берилади. Ҳиндистонда фақат молиявий маълумотларни давлат ичида сақлаш талаби мавжуд.
Маҳаллий маълумотлар марказларини ривожлантириш ва маҳаллий серверлар талабини енгиллаштириш учун глобал булутли хизматлар (AVS (АWС), Google Cloud, Microsoft Azure) билан ҳамкорликни кенгайтириш талаб этилади (Қозоғистон тажрибаси).
YouTube серверлари асосан халқаро Tier III стандартлари асосида ишлайди. Ўзбекистонда биринчи бўлиб, 2021–йилда “Ўзтелеком” Tier III стандартларига асосан булутли маълумотлар маркази қурган. Tier III стандартидаги маълумотлар базасини қуришда ҳар бир млн мегаватт учун ўртача 7–10 млн доллар сарфланади. YouTube маълумотлар базаси ўртача 5-20 млн мегават бўлади.
Google компанияси жами маълумотлар марказлари 33 та. АҚШ (18 та), Уругвай, Чили, Ирландия, Нидерландия (3 та), Дания, Финляндия, Германия, Бельгия, Норвегия, Буюк Британия, Тайван, Сингапур, Япония давлатларида Google маълумотлар марказлари мавжуд.
Муаллифлик ҳуқуқига доир. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича қонуний ва амалий назорат бўйича камчиликлар YouTube контент яратиш бозорининг ривожланишига таъсир қилиши мумкин.
Муаллифлик ҳимоясига оид бир қатор муаммолар учрамоқда:
- ўғирланган контентларни тарқатиш кенг тарқалган. Баъзи кичик телеканаллар ва блогерлар томонидан хорижий фильмлар, мусиқалар, спорт трансляцияларни рухсатсиз юклаш ҳолатлари кузатилади;
- контент муаллифларининг асарлари рухсатсиз нусхаланиб, бошқа каналларда қайта юкланиши орқали ўз контентини ҳимоя қила олмаган муаллифлар мотивациясиз қолади;
- расмий лицензияланган контент бозори ривожланмаган. Масалан, YouTube’даги мусиқалар, фильмлар, сериаллар учун расмий дистрибюторлар йўқ.
Реклама бозори тўғрисида маълумотларга доир. Очиқ маълумотлар базаси ва статистика кўрсаткичларида доим янгиланиб борадиган реклама бозори кўрсаткичлари етарли эмаслиги сабабли, халқаро нашрларда етарлича акс эттирилмаслиги сабабли, YouTube каби халқаро компаниялар томонидан маълумотлар топиш ва қарор қабул қилишларини секинлаштиради.
Реклама бозорида шаффофликни таъминлаш учун реклама фаолиятини кузатиш рақамли мониторинг тизимини жорий этиш, қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда янгилаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, реклама бозоридаги асосий кўрсаткичлар ва статистик маълумотларни очиқ ҳолда эълон қилиш талаб этилади.
Ўзбек аудио тилига доир. YouTube’нинг аудио англаш алгоритми турли тиллардаги сўкинишлар ва тақиқланган сўзларни аниқлаш учун сунъий интеллект ва машинавий ўрганишга асосланган бўлиб, ўзбек тилининг шевалари ва лаҳжалари кўп бўлгани учун, алгоритмга ушбу тилни тўғри англаш ва модернизация қилишда қийинчилик мавжуд.
YouTube’нинг аудио таниш алгоритмлари тилни тўғри англаши учун катта ҳажмдаги овозли маълумотларга муҳтож. Шу сабабли ўзбек тилида сифатли субтитрлар ва автоматик транскрипсия хизматларини яхшилаш учун очиқ маълумотлар базаларини яратиш, давлат телерадиоканаллари, илмий муассасалар ва университетлар томонидан ўзбек тилидаги овозли маълумотлар йиғилиб, очиқ манбаларга жойлаштириш, Google ва YouTube билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, YouTube мутахассислари билан махсус тренинглар ташкил этиш, сунъий интеллект ва табиий тилни қайта ишлаш технологиялари бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш, давлат тилшунослари ўзбек тили ва шеваларининг стандарт талаффуз ва луғавий меъёрларини яратиш, блогерлар, подкастерлар ва контент яратувчилар учун грант ва субсидия ажратиш орқали сифатли ўзбек тилидаги контент ҳажмини ошириш чораларини кўриш зарур.
Халқаро тўлов тизимига доир. Ҳозирда Ўзбекистонда Visa, МастерCард ва UnionPay каби халқаро тўлов тизимлари мавжуд бўлса-да, YouTube монетизациясида кенг қўлланиладиган PayPal, Stripe ва бошқа халқаро тўлов тизимлари Ўзбекистонда расмий ишламайди.
Ўзбекистонда PayPal фақат чиқим қилиш (харид) учун ишлайди, лекин маблағ қабул қилиш функцияси йўқ. Маҳаллий банклар (валюта ҳисоб рақами) орқали халқаро тўловларни қабул қилиш мумкин бўлса-да, уларнинг конверсия ставкалари ва қўшимча чекловлари мавжуд.
Изоҳ (0)