“Ўзгидромет” тезкор гидрометеорологик ахборот эълон қилиб, 4 кун жуда иссиқ ҳаво бўлишидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, 17—19 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда.
17 июлда республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида, 18—20 июлда ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 44-45 даражагача кўтарилади.

Республика бўйича шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда 2—5 июлда кузатилган жазирама иссиқ кунлари тез тиббий ёрдам хизматига 247 459 та чақириқ келиб тушганди. Уларнинг 172 минг 676 тасини шошилинч кўрсатма, 65 минг 163 тасини эса сурункали касалликлар билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этди.
Тегишли масъул ташкилотлар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга аномал иссиқ ҳаво шароитида эҳтиёт чораларини кўриш тўғрисида берилган тавсиялар туфайли чақириқлар сони ундан олдинги ҳафтага (24—29 июнь) нисбатан 1,2 фоизга камайган.
Изоҳ (0)