Меtа корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг Оқ уй томонидан COVID-19 пандемияси даврида компаниясига босим ўтказилгани ҳақида маълум қилди.
Цукербергга кўра, АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг юқори мартабали амалдорлари Facebook’даги коронавирус билан боғлиқ айрим контентларни “цензурадан ўтказишни” талаб қилган.
Шунингдек, амалдорлар бир неча ой давомида Facebook’дан “COVID-19 билан боғлиқ баъзи контент, жумладан, ҳазил ва киноя”ни олиб ташлаш ёки чеклашни сўраган. Компания буни қилишдан бош тортганида, уларнинг ҳафсаласи пир бўлган.
“Ҳукумат босими нотўғри бўлганига ишонаман ва биз бу ҳақда очиқроқ гапирмаганимиз учун афсусдаман”, дейди Цукерберг.
Меtа раҳбари ўз корпорациясининг бу борадаги баъзи қарорлари нотўғри бўлиши мумкинлигини истисно этмаган ва компания келажакда бундай босимга қарши курашишига ваъда берган.
2021 йил август ойида Меtа корпорацияси COVID-19 ҳақидаги нотўғри маълумотлар туфайли Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги 20 миллиондан ортиқ постларни ўчириб ташлашини эълон қилганди. Бундан ташқари, вакциналар ҳақидаги сохта хабарларни тарқатишда гумон қилинган юзлаб аккаунтлар ўчирилгани маълум қилинган.
Изоҳ (0)