25 март куни Европа комиссияси Apple, Google ва Меtа компанияларига нисбатан суд текширувини бошлади. Улар Рақамли бозорлар тўғрисидаги қонунга (DМА) риоя қилмасликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Текширув шу ой бошида кучга кирган ва бир қатор қоидаларни ўз ичига олади. Мазкур қоидаларнинг бузилиши катта жарималар ва ҳатто компанияларни тугатишга олиб келади. Текширувдан мақсад рақамли бозорларда технологик гигантларнинг ҳукмронлигига барҳам бериш, уларни соғлом ва адолатли рақобатга янада очиқ қилиш.
Европа Иттифоқи Google ва Apple фойдаланувчилар учинчи томон дастурчиларидан ўз иловалари ҳақида маълумотни эркин олишларини таъминлаш учун зарур чораларни кўрган-кўрмаганлигини текширади. Еврокомиссия ушбу IT-компаниялар рақобатчиларга қўшимча тўловлар орқали ўз таклифларини эркин тарғиб қилишга рухсат бермасдан, мижозлар танловини чеклаяпти, деб ҳисоблайди.
Меtа’га қарши даъволар унинг “тўлаш ёки қабул қилиш” моделига тегишли бўлиб, Facebook ёки Instagram’да мақсадли рекламадан воз кечиш учун обуна тўловини талаб қилади. Фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тўплаш улар қилган танловдан қатъи назар амалга оширилиши ҳақида хавотирлар мавжуд.
Европа Комиссияси шунингдек, Google қидирув тизимидаги вариантларни тартиблашда рақобатчилардан кўра ўз таклифларини афзал кўришини даъво қилган. Бу рақамли бозорлар қонуни доирасида Европа Комиссиясининг биринчи суд текшируви.
Изоҳ (0)