Ўзбекистонда 2025 йил январь—июнь ойларида 311 минг тонна 368,6 млн долларлик мева экспорт қилингани маълум бўлди.

АОКАда ўтказилган брифингда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ўғилой Болтабоева жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистоннинг мева экспорт йўналишида эришилган натижалар тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, ҳар йили республикада 3,4 млн тонна мева ва 1,9 млн тонна узум етиштирилади, 2024 йилда 2,3 млрд долларлик мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари (шундан, 1,5 млрд долларлик мева-сабзавот) экспорт қилинди.
Жорий йил январь—июнь ойларида мева экспортёрлари томонидан жами экспорт қилинган мева экспортининг 11 фоизи 96,8 млн долларлик гилос (42,1 минг тонна), 3,6 фоизи 6,7 млн долларлик олма (13,3 минг тонна), 3,9 фоизи 10 млн долларлик олхўри (14,6 минг тонна), 15 фоизи 41 млн долларлик ўрик (54,1 минг тонна) ташкил этади.
2025 йилда жами 10 та агрологистика маркази ишга туширилиши белгиланган бўлиб, бугунни кунда 4 таси фойдаланишга топширилди. Жумладан, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 1 та дан агрологистика марказлари ишга туширилди.
Олти ой давомида Ўзбекистон экспорти ҳажми 16,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йил мос давридагидан 33 фоизга ўсди. Бунда товар ва хизматлар экспорти 10,4 млрд долларга етиб (олтинсиз), йиллик ҳисобда 23 фоизга ошди.
Экспорт ўсишига мева-сабзавотлар (40 фоиз), заргарлик буюмлари (4,6 баравар), уран (23 фоиз), қурилиш материаллари (17 фоиз), ун (42 фоиз), фармацевтика маҳсулотлари (20 фоиз), туризм (54 фоиз), ахборот (93 фоиз) ва транспорт хизматлари (22 фоиз) тушумлари ортиши туртки берган.
Ҳудудлар миқёсида Тошкент шаҳри экспорти ҳажми энг кўп ўсди — 493 млн доллар (31 фоиз).
Изоҳ (0)