Шимоли-шарқий университетнинг америкалик олимлари электроника ишлашини 1000 марта тезлаштириши мумкин бўлган материалларнинг электрон хусусиятларини бошқаришнинг илғор усулини ишлаб чиқди. Бу терагерсли процессорлар яратилишига йўл очади. Тадқиқот натижалари Nature Physics (NatPhys) илмий журналида эълон қилинди.

Мутахассислар ёруғлик ва ҳарорат таъсирида ўтказувчанлик ва изоляцияловчи ҳолатлар орасида бир зумда ўта оладиган 1Т-ТаС2 квант материалидан фойдаландилар. “Термик сўндириш” деб номланган усул материалнинг ўтказувчанлигини мисли кўрилмаган аниқлик билан бошқариш имконини беради.
Замонавий чиплар кремнийга асосланган бўлиб, ўтказувчи ва изоляцияловчи компонентлар орасида мураккаб интерфейсларни талаб қилади. Янги ёндашув ёруғлик билан алмаштирилиши мумкин бўлган битта материалдан фойдаланиш имконини беради. Бу эса қурилма тузилишини соддалаштиради ва ишлаш тезлигини оширади.
Материалларнинг ўтказувчанлигини бошқаришга бўлган дастлабки уринишлар ўта паст ҳароратлар ва қисқа муддатли таъсирлар билан чекланган эди. Энди олимлар хона ҳароратида барқарор ўтишга эришдилар.
“Ҳозирги кунда процессорлар гигагерцларда ишлаяпти, аммо бизнинг технологиямиз терагерцларга ўтиш имконини беради”, дея тушунтирди тадқиқотнинг етакчи муаллифи Альберто де ла Торре.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кремний технологиялари физик чегараларга яқинлашмоқда ва квант материаллари кейинги авлод ҳисоблаш қурилмалари учун асос бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)