Бугун, 25 август куни Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбарлари аввал Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюрган.
“Мажмуа Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири Қусам ибн Аббос ва бошқа арбобларнинг мақбараларидан ташкил топган. Мажмуанинг тарихий, маданий ва бадиий аҳамияти шундаки, у меъморчилик ва безак санъатининг бир неча аср давомидаги тараққиётини акс эттиради. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Расман Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи Фотима ва куёви Али ибн Абу Толибнинг авлодлари ҳисобланган Ҳошимийлар сулоласи вакили бўлган Иордания подшоҳи Қусам ибн Аббос хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди”, дейилади манбада.

Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида Иордания делегациясига буюк саркарданинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилган. Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, унинг давлати ўз даврининг энг улкан мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирган.

Ўз навбатида давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат Регистон мажмуасини ҳам зиёрат қилган.
Танишув чоғида олий мартабали меҳмонга ушбу иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи ва нақшларининг ўзига хос жиҳатлари, майдонда олиб борилган реставрация ишлари ҳақида маълумот берилган.
Жорий йил 25-26 август кунлари Самарқандда Ўзбекистон-Иордания саммити тадбирлари бўлиб ўтади. Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25 август куни Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Самарқандга келган. Олий даражадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)