“Мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун бериладиган имтиёзлар жорий этиладиган иқтисодиёт тармоқлари рўйхатига “қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш” йўналиши ҳам киритилади.
Амалда тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун бериладиган имтиёзлар жорий этиладиган иқтисодиёт тармоқлари рўйхатига қуйидагилар киритилганди:
1. Радиоэлектрон саноати буюмлари ҳамда компьютер ва ҳисоблаш техникаси бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш.
2. Енгил саноат:
- тайёр ип газлама ва жун газламалар ишлаб чиқариш;
- тайёр тикувчилик, трикотаж, пайпоқ маҳсулотлари ва тўқимачилик галантереяси ишлаб чиқариш;
- терини қайта ишлаш;
- пойабзал, тайёр кўн-галантерея буюмлари ишлаб чиқариш.
3. Ипакчилик саноати:
- шойи газламалар ва ипакдан тайёр буюмлар ишлаб чиқариш.
4. Қурилиш материаллари саноати:
- Президентнинг 2005 йил 24 мартдаги ПФ-3586-сонли фармони 1а-иловасида кўрсатилган қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш.
5. Парранда гўшти ва тухумни саноат миқёсида етиштириш.
6. Озиқ-овқат саноати:
- маҳаллий хом ашёдан саноат миқёсида қайта ишланган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (алкоголли, алкоголсиз ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари бундан мустасно).
7. Гўшт-сут саноати:
- гўшт ва сут маҳсулотларининг тайёр турлари, пишлоқ ва сариёғ ишлаб чиқариш.
8. Кимё-фармацевтика саноати:
- дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш;
- синтетик кир ювиш воситалари, маиший кимё товарлари ишлаб чиқариш.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шу жумладан, фермер ва деҳқон хўжаликларига чорвачилик соҳасига озуқабоп экинларни етиштириш учун 6 ой муддатда қайтариш шарти билан ҳар бир гектарига 15 миллион сўмгача Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган ставкада (шундан 2 фоизи банк маржаси) имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланди.
Фармонга кўра, Солиқ кодексида белгиланган алоҳида солиқлар бўйича имтиёзлар кўрсатиб ўтилган корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг 1—3 тоифадаги туман ва шаҳарларидан ташқари республиканинг барча шаҳарлари ва аҳоли яшаш жойларида жойлаштиришда қўлланилиши белгиланди.
Президент фармонида қайд этилишича, юқоридаги ўзгаришлар инвестиция муҳитини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек, хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатларни таъминлаш мақсадида қарор қилинди.
Изоҳ (0)