Ўзбекистонда сўнгги беш йилликда кибержиноятлар 68 баравар ошган, деб хабар бермоқда ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, биргина ўтган йилда бундай жиноятлар 2023 йилдагига нисбатан 9,1 баравар кўпайган. Ушбу даврда кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар сони эса 34 баравар ортган.
Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-торож қилинган.
2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда 62 турдаги 58 минг 800 та жиноят қайд этилгани ҳамда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши сезиларли равишда ортиши кузатилган.
2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 44,4 фоизга етиб, деярли ҳар иккита жиноятнинг бири ахборот технологиялари орқали содир этилган.
Вазирликнинг билдиришича, кибержиноятларнинг асосий қисмини (98 фоизи) банк карталари билан боғлиқ жиноятлар (киберўғрилик ва киберфирибгарлик) ташкил этмоқда.
Кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда содир этилмоқда:
- 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан;
- 16 фоизи турли алдовлар билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодни қўлга киритиш йўли билан;
- 4 фоизи шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали;
- 11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали;
- 9 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида содир этилмоқда.
Мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қатор ҳуқуқий ва ташкилий техник чоралари кўриб келинмоқда.
Кибержиноятлар — бу ахборот технологиялари, компьютер тизимлари, тармоқлар ёки интернетдан фойдаланган ҳолда содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлардир.
Марказий банкнинг Киберхавфсизлик маркази бошлиғи ўринбосари Даврон Абдуллаев “Дарё” мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистондаги асосий кибер фирибгарликлар хориждан туриб содир этилаётганини маълум қилганди. У кибержиноятлар ортишига асосий сабаблардан бири аҳолида молиявий саводхонлик етишмаётгани билан боғлиқлигини айтганди.
Изоҳ (0)