Тошкент шаҳрида қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган металларни 70 минг долларга сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган фуқаролар Х.У. ва А.Д. умумий оғирлиги 2,06 кг бўлган оддий металлга тилла рангини бериш орқали қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган (999,9 асллик белгиси тамғаси муҳрланган) металларни сотмоқчи бўлган.
Ушбу шахслар ўзаро тил бириктириб М.С ва Р.Л.га металларни 70 минг долларга сотишга келишган. Ушбу пуллар ҳисобидан 35 минг доллар олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
2022 йили Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 999,9 пробали соф олтинни сотмоқчи бўлган шахслар ушланганди.
Изоҳ (0)