Ер майдонларини сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида фуқаро Қ.Х. электрон аукцион савдолари натижаси бўйича ўзининг номига деҳқон хўжалиги юритиш учун ижара шартномаси асосида ажратилган 10 сотих ерни фуқаро Ҳ.С.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 30 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Хонобод шаҳрида фуқаро Ф.Х. фуқаро М.Т.нинг ишончига кириб, фуқаро С.Т.га деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ажратилган 20 сотих ерни гўёки ўзига тегишли эканини айтган.
Ушбу ер майдонида бино-иншоотлар қуришга рухсат берувчи ҳужжатларини тайёрлаб, унинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 10 минг долларни олган вақтида ушланган.
Шу билан бирга, Ғозғон шаҳарида фуқаро Д.К. “Оқ олтин” МФЙ ҳудудидаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 13 сотих бўш ерни фуқаро М.Ж.га сотишга келишган. У 6 минг долларни олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Сўнгги ойларда ерни ноқонуний сотишга уриниш ҳолатлари
2025 йил февралида Фарғонада фуқаро 2,5 гектар ерни 650 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 100 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни 2,4 млн долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Сурхондарё вилоятида фуқаро қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ерни 60 минг долларга сотишга келишиб, 56,7 минг доллар ва 43 миллион сўм олган вақтида қўлга тушганди. Хоразм вилоятининг Урганч туманида фуқаро давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг доллар ва 13 миллион сўм олган вақтида ушланганди.
Изоҳ (0)