Ўзбекистонда ҳар йили бир гуруҳ шахслар собиқ Совет даври байроғи, Сталин ва Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг расмларини кўтариб кўча юришлари қилади. Буни улар “Ўлмас полк” деб аташади. Шу вақтга қадар на ҳокимлик, на ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бунга на тушунтириш бергани ёки бирор чора кўрганича йўқ.
Бундай “тадбир” 9 май куни Тошкент шаҳридаги Биродарлик қабристонида яна ўтказилгани акс этган видео тарқалди. Видеода кўринишича, “Ўлмас полкчилар” юриш қилаётган вақтда бир гуруҳ ёшлар қўлида Ўзбекистон байроқлари билан уларга қўшилган ва “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон” дея қўшиқ куйлашган. Негадир бундан улар ғазабланган ва бир аёл рус тилида бу ишларни “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров қилгани, бу иши учун ҳар бири АҚШнинг USAID компаниясидан пул олганини алоҳида таъкидлаган.
Буларни ҳаммаси Алишер Қодировнинг издошлари. Улар русийзабонларни йўлини тўсиб қўйишди. Мана сизларга Мустақиллик, мана сизларга Ўзбекистоннинг аҳволи. Бир замонлар боболари бирга жанг қилганини эсдан чиқариб қўйган. Бизнинг устимиздан кулишмоқда. Бу ишлари учун уларга Американинг USAID компанияси томонидан пул тўланган, буларнинг ҳаммаси пул олган, дея бир аёл уларни ҳақорат қилган.
Қадрсиз қурбонлар
Ҳар галгидек на пойтахт ҳокимлиги, на ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳолатга бирор изоҳ беришганича йўқ. “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам муносабат билдирмаган бўлса-да, Telegram’даги саҳифасида “Хотира ва қадрлаш кунида тафаккур қилинг!”, дея пост қолдирган:

9 май – инсоният бошига келган оғир фожиалардан бирини якунига етган кун.
Бундай фожиалар доимо бир инсоннинг хаёли билан бошланиб, миллионларнинг инқирози билан якунланган. Ҳуқуққа айланиб бораётган “кучли — ҳақ” дунёқараши кўрсатмоқдаки, инсоният бундай фожиаларни ҳали кўп кўради.
Бу кунда биз ўзлигини топталишига рози бўлмаган, бу йўлда ўлимигача курашган шарафли, шаҳид аждодларимизни ёд этиб, уларни хотирлаш, ҳақларига дуолар қилиш билан бирга, унутмаслигимиз керак: ўзлигини қадрламаганлар ўзлигини қадрлаганлар учун қадрсиз қурбондекдирлар!
Ўтганларни хотирлаш билан бирга, ўзлигимизни қадрлашни ҳам ўрганайлик. Хотира ва қадрлаш кунида тафаккур қилинг!
Юқоридаги видео тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда ва бу юришни амалга оширганларга тегишли идоралардан жиддий чора кўришни сўрашмоқда. “Дарё” шундай муносабатларнинг айримларини жамлади.
“Жиноятга тенглаштирилиши керак”
Блогер Муҳрим Аъзамхўжевнинг эътироз билдиришича, идеалда бу шахслар ва уларнинг ўнлаб шериклари қўлидаги ўроқ-болғали қизил байроқ, бўйнидаги қора-оловранг ленталар ҳам қонун билан тақиқланиб, уларни кўтариш ёки осиб юриш жиноятга тенглаштирилиши керак:

Шунда уларга ёқмаган ватандошларимизни “USAID’га сотилганлар” деб атаётган бу кимсалар ўзини анча йиғиштириб олган бўларди. Улар ўзини йиғиштириб олиши шарт, уларни шунга мажбур қилиш керак.
Унутмаслигимиз керак — бугун Ўзбекистон байроғини кўтарган ёш ватандошларимизни ҳақорат қилаётган бу кимсалар эртага Ўзбекистонни биринчилардан бўлиб душманга сотади. Ўзи бизнинг битта душманимиз бор, Ўзбекистонни ўша душманга сотиш — буларнинг орзуси. Қани энди Ўзбекистонни ўша душманга сотилса-ю, Тошкент кўчалари, масалан, худди Тирасполники каби совет рамзлари билан тўлса.
Биз йилдан йилга бу душманнинг ичимиздаги малайларига юмшоқлик қиляпмиз. Улар бундан 8-9 йил аввал бунчалик сурбетлик қила олмасди, писиб юрарди, унини чиқаришга қўрқарди керак бўлса. Энди-чи, Ўзбекистон пойтахтида Ўзбекистон байроғини кўтариб Ўзбекистон ҳақида қўшиқ куйлаётган ўзбекистонликларни сотилганликда, сотқинликда айблашдан ҳам қайтмаяпти. Андишанинг отини қўрқоқ қиляпти.
“Ичимизда Кремлнинг ғамхўрлари кўп”
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Совет давридаёқ рус элитасининг зеҳниятида ҳамма балоларга Ғарбни мубтало қилиш тенденцияси бўлган:

Кейинги йилларда ҳам бу зеҳният парваришланди ва бу яна бир неча йил ҳосил беради. Ким уларга қарши гапирса, чириган Ғарбнинг айғоқчиси, ҳомийлардан пул олади ёки буюртма бажаради.
Бугун ўзбекларга ҳам худди шу риторика такрорланмоқда. Алишер Қодиров депутатликни қойиллатмаса ҳам русофобия ва шовинизмга қарши анча фаол, бу уларга ёқмаяпти. Ичимизда ҳам Кремлнинг ғамхўрлари кўп ва жараённинг ичдан қўпорилиши назаримда бугун бошланди. Ёшлар агентлиги қилганми, бошқами, жуда яхши қилишибди.
“Қачондан буён ўз юртида ўз байроғини кўтарганлар провокатор бўлиб қолди?”
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа бу байрамни ким бошқача тарзда нишонламоқчи бўлса, ўшандай давлатга бориб нишонлашни тавсия қилди:

Қачондан буён ўз юртида ўз байроғини кўтарганлар провокатор бўлиб қолди? Нима дегани бу? Булар қайси мамлакатда яшамоқда? Булар Ўзбекистонда яшасаю хаёли бошқа жойда бўлиши ғалати эмасми? Мен бундай чиқишларга қаршиман.
Биз урушда ҳалок бўлганларни барчасини ҳурмат қиламиз. Бежизга “Хотира ва қадрлаш куни” дейилмайди. Бундай кунларни биз ўзимизга хос, ўзимизга мос тарзда ўзбекона, мусулмон динига хос тарзда хотирлашимиз жоиз. Ким бошқача тарзда нишонламоқчи бўлса, марҳамат, билет олиб, ўзи хоҳлагандек нишонлаётган давлатга бориб, истаган тартибда ўтказсин. Ҳеч ким қарши эмас.
Ҳар бир суверен давлатни байрамлари, маданияти, ўзига хос жиҳатлари бўлади. Шунга мувофиқ биз байрамларни ўзимизга хосликда нишонлаймиз. Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон салмоқли ҳисса қўшган ва байрамда иштирок этишимиз жуда шарафли ва шу билан бирга ҳаққимиз ҳам бор. Лекин тадбирни ўтказиш регламенти ва протоколни ҳар бир давлат ўзи мустақил ҳал қилади. Ўзбекистон ўз йўлидан бормоқда ва буни бошқалар ҳурмат қилиши шарт.
Ҳолатни тасвирга олиб, фуқароларни ҳақорат қилган шахсга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар чора кўриши сўрайман.
“Чора кўрилишини сўрайман”
Тарихчи, жамоатчилик фаоли Ихтиёр Эсоновнинг таъкидлашича, бу воқеа уни дарғазаб қилган ва “Ёвузлик салтанати”ни очиқча қўмсовчиларга жиддий чора кўрилиши шарт:

Бу воқеа мени дарғазаб қилмоқда. Босқинчи Россия империяси ва ундан кейинги Совет Иттифоқи бизни тарихимизда жуда катта доғ сифатида қолган. Бу босқинчи империяларни “Ёвузлик салтанати” деб атаса ҳам бўлади. Шунча берган азоб ва уқубатларига чидаб келдик. Энди уларнинг бундай ҳаракатлари ўтиб тушди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан буларга ҳуқуқий баҳо берилган ҳолда жиддий чора кўрилишни сўраб қоламан.
“Совет байроғи, рамзлари, қизил юлдузлар ва Георгий ленталари тақиқланиши керак”
Блогер Никита Макаренко ўз фикрини билдирар экан, совет байроғи, совет рамзлари, қизил юлдузлар ва Георгий ленталари тақиқланиши кераклигини урғулаб ўтди:

Менимча, Совет Иттифоқи — жиноий, тоталитар ва мустамлакачилик давлат бўлган. Унинг рамзлари Ўзбекистонда қонун билан тақиқланиши, уларни очиқ намойиш қилиш жазоланиши лозим. Бу нима учун керак? Шу мақсаддаки, бу даҳшатли тузум — “ёвузлик империяси” — бизнинг заминимизга ҳеч қачон қайта келмаслиги учун. Болға ва ўроқ, қизил байроқни кўрсатиш нафақат уят, балки қонунга хилоф бўлиши керак. Биз ёш авлодимизни айнан шу руҳда тарбиялашимиз зарур.
Аксинча, биз ўз байроғимизга, миллий рангларимизга муҳаббатни ҳар томонлама тарғиб қилишимиз керак. Мен Ўзбекистон давлат байроғини қонунан рухсат этилган куннинг ўзида ўз ойнамга илиб қўйганман. У ҳали ҳам илинган. Нима учун Туркияда, АҚШда одамлар ўз байроқларини яхши кўради, биз эса уялиб турайликми? Бу нотўғри.
Хотира ва қадрлаш куни учун эса, тинч, мустақил ва суверен мамлакатимизнинг қадриятларига мос янги маросимлар ишлаб чиқилиши керак. Ҳалок бўлганларни эҳтиром билан ёд этиш, жаҳонда содир бўлган даҳшатли фожиа учун мотам тутиш, бу такрорланмаслиги ҳақида ўйлаш керак. Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва суверенитети учун жонини фидо қилган қаҳрамонларни улуғлаш керак. Бу мотам куни бўлиши шарт. Бу байрам эмас, бу ерда мастона қўшиқлар, рақслар ва Иосиф (бандитлик лақаби “Коба” ва “Сталин” билан танилган) каби жиноятчиларни даҳолашга ўрин йўқ.
“Ўзбекистонга ҳурматсизлик”
Иқтисодчи, блогер Отабек Бакиров ҳам ўз муносабатида чоралар бунақа кўринишда эмас, қаттиқроқ бўлиши зарурлигини айтиб ўтди:

Яъни қизил байроқ ва Сталин суратини кўтариб чиққанлар ноқонуний оммавий тадбир ўтказишда айбланиб жазоланиши керак
Аналог бўйича бошқа шунақа рухсат этилмаган оммавий тадбир учун қанақа жазо қўллаган бўлишарди, масалан?
Қолаверса, Қизил байроқ кўтарган кимсаларнинг чақириқларида миллатлараро низо чиқаришга, Мустақиллик ва давлат байроғига ҳурматсизлик кўрсатишга уриниш ҳам бордек. Балки экспертиза хулоса берар.
Қизил байроқ ва Сталин сурати билан рухсат этилмаган маршга чиққанларнинг иккинчи фуқаролиги бор-йўқлигини ҳам текшириш зиён қилмайди.
“Уларга ташаккур!”

Бу ҳолатни партия уюштирганми, ёшларнинг ўзининг ташаббусими ёки ватанпарвар кучишлатар тизимимиз назоратида бўлганми билмадим, лекин олқишлайман. Бу қарорга келиш осон бўлмаган. Уларга ташаккур!, деди блогер Зафарбек Солижонов.
“Бу — миллий таҳдид”
Депутат Алишер Қодиров Telegram’даги саҳифасида Тошкентдаги мактаб ўқитувчиси ўқувчиларга “Катюша” ёдлатилиши ортидан ТИВ орқали “Россотрудничество”га сўров юборилишини маълум қилди:
Боғча ва мактабларда болаларнинг онг остига ўзлигимиз хўрланган совет даврига соғинч, аждодларимизни қирғин қилган империалистик рамзларга муҳаббатни сингдирилиши миллий таҳдид сифатида баҳоланиши зарур.
Ўзбекистондаги боғча ва мактаблар фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида, ўзлигимизга меҳр ва садоқат билан тарбиялаш учун керак, ташқи пропаганда тарғиботи учун эмас. МТТ вазирлигидан бу масалада изоҳ сўралади.
Ташқи ишлар вазирлигига “Россотрудничество” фаолиятини таҳлил қилиш ҳақида сўров юбормоқчимиз.
Изоҳ (0)