Россия қўшинлари 25 май, якшанбага ўтар кечаси яна бир бор Украинага кенг кўламли ҳужум уюштирди. Ҳужумлар зарба берувчи дронлар ва қанотли ракеталар орқали амалга оширилди. Украина ҳудудининг бир нечта вилоятларида портлашлар қайд этилди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятга таяниб, DW нашри хабар бермоқда.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, мамлакатнинг турли ҳудудлари бўйлаб кўплаб зарба берувчи дронлар ҳаракати аниқланган, шунингдек, Россиянинг стратегик бомбардимончи самолётларидан Украина томон ракета отиш ҳоллари кузатилган. Баллистик қурол ва дронлар таҳдиди сабабли барча вилоятларда ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди.
Киев Россия дронлари томонидан оммавий ҳужумга учради
Россия томонидан амалга оширилган зарба берувчи дронлар ҳужумининг энг кучли йўналишларидан бири пойтахт Киев бўлди. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти берган маълумотларга кўра, ҳужум натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлган. Дрон қолдиқларининг турли туманларга тушиши натижасида камида 16 киши, жумладан, уч нафар бола жароҳатланган.
Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг айтишича, Голосеево туманида аҳоли яшаш биносига дрон қолдиқлари тушиб, бинода ёнғин ва қисман вайронагарчилик содир бўлган.
Хмелницкий, Житомир, Николаев ва Харьков вилоятларида ҳам талафотлар бор
Хмелницкий вилояти расмийлари ҳужум натижасида тўрт киши ҳалок бўлганини, беш киши яраланганини ва фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етказилганини билдирди.
Житомир вилоятида маҳаллий фавқулодда вазиятлар хизматига кўра, ҳужум оқибатида уч нафар бола ҳалок бўлган, яна 12 киши жароҳат олган.
Николаевда эса Россия дронлари ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланиб, касалхонага ётқизилган. Дрон ҳужумлари натижасида турар жойларга зарар етган.
Харьковда кечаси дрон зарбалари сабаб бир нечта портлашлар содир бўлган. Натижада турар жой бинолари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрган. Уч киши, жумладан бир бола жароҳат олган. Шунингдек, Черниҳов атрофида ҳам портлашлар қайд этилган.
Бу — сўнгги пайтлардаги кенг кўламли ҳужумлардан бири
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг хабар беришича, ўтган кечаси Россия сўнгги пайтлардаги энг кенг кўламли ҳужумлардан бирини амалга оширди. Ҳужумда 14 та “Искандер-М” / КН-23 баллистик ракеталари, тахминан 250 та “Shahed” дронлари ва бошқа турдаги дрон-имитаторлар қўлланилган.
Шаҳар маъмурияти бу ҳужумни “пойтахтга қарши амалга оширилган энг кучли комплекс ҳужумлардан бири” деб атади.
Изоҳ (0)