Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетиши оқибатида бир киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Мудофаа вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу снаряд вазирлик тасарруфида бўлмаган ҳудудда маҳаллий чўпонлар томонидан ўзбошимчалик билан қазиб олинган ҳамда металлоломга топширилган. Бундай ҳолатларда фуқаролар хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан хабар қилиши шарт.
Ушбу воқеага ҳарбий хизматчиларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва жиноий жавобгарликка тортилмаган. Мазкур турдаги снаряд Ўзбекистон Қуролли Кучларида мавжуд эмас. Маълумотларга кўра, бу турдаги снаряд 1970 йилларда қўлланилган.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, портлашдан сўнг воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва сапёрлар етиб борган. Ўрганиш жараёнида шохобчадан яна 30 га яқин снаряд топилган.
Тармоқлардаги видеода марҳум О.Б.нинг онаси ўғли оила боқувчиси бўлганини, унинг 2 фарзанди етим қолганини айтган. Она снарядларни сотган ва сотиб олиб шохобчага келтирган шахсларга қатъий жазо қўллашни сўраган.
Изоҳ (0)