Украина Қуролли кучлари Россиянинг Белгород вилояти Валуйский шаҳар округининг Уразово посёлкасини ўққа тутди, бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят раҳбари Вячеслав Гладков маълум қилди.
Гладковнинг сўзларига кўра, снарядлардан бири хусусий турар жой биносига келиб тушган, оқибатда эркак жиддий жароҳатлар олиб, ҳаётдан кўз юмган.
Яна икки маҳаллий аҳоли жароҳатланган: бир эркак кўкрагидан, аёл эса елкаси, юзи, бўйни ва орқасидан снаряд парчалари билан яраланган. Улар касалхонага ётқизилган, шифокорлар уларнинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.
Аввалроқ Гладков Украина Қуролли кучлари 2 сентябрь куни Долгое Валуйский қишлоғига учувчисиз учоқлардан ташланган портловчи мосламалар билан икки марта ҳужум қилгани ҳақида хабар берганди. Одамларга зиён етмаган, хусусий уйнинг ойналари синган ва фасад тешилган, автомобиль ва инфратузилма алоқа иншооти шикастланган.
Яна бир дрон Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан Грайворон шаҳар округида уриб туширилди, деди Гладков. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда жабрланганлар йўқ. Головчино қишлоғидаги хусусий уйлардан бирининг ойналари синган.
Россия Мудофаа вазирлиги “Киев режимининг самолёт типидаги учувчисиз учоқ билан теракт уюштиришга уриниши” қайтарилгани ҳақида хабар берган. Дрон Белгород вилояти осмонида уриб туширилди, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)