“Ёшимга хос бўлмаган равишда гимнастика қила бошладим ва шкафни елкамга ортдим. Бу аҳмоқлик эди”, деб ёзганди Лев Толстой ўз кундалигига 1910 йил 20 октябрь санасида.
Бир оз вақтдан сўнг, у батафсилроқ матн ёзиб қолдирган: “Ўз аҳмоқлигингни ҳатто кундаликда тан олишинг ҳам инсофдан. Кечадан бери гимнастика билан шуғулланаман, ёшариб кетаман, деб шкафни елкамга ташлагандим, ўзим аҳмоқман, бекорга чарчадим”. Ўшанда Толстой 82 ёшда эди. Шкаф билан боғлиқ ҳолат вафотидан бир неча ҳафта олдин содир бўлган.

Толстой ёшлигидан шуғулланган ва спортнинг деярли барча турларини синаб кўрган. Агар ҳозирги замонга кўчирадиган бўлсак, Толстойнинг ҳисобида улар 16 га яқин бўларди: сузиш, кураш, тош кўтариш спорти, велосипед, конкида учиш, узоқ масофаларга юриш, қиличбозлик, югуриш, крокет, лапта, чанғи, шахмат, теннис, бадминтон, шашка, отда юриш.
Толстой учун ҳар қандай спорт тури билан шуғулланиш ёки одатий турмуш тарзини ўзгартириш — узоқ ўйлаш ва онгли танлаш натижасидир. Баъзан ҳатто: “Нега бундай қиляпман? Зеро, маънавий меҳнатга мушаклар ишидан кўра вегетарианлик, тўғри овқатланиш кўпроқ ёрдам беради”, дерди.
Спорт ва ақлий фаолият Толстой ҳар сафар ўзининг идеал версиясини яратишга ҳаракат қилган воситаларга айланган. Бундай нарсалар ёшликдан бошланган ва ҳар доим давом этган.
Толстой умр бўйи ўзини ўзи баҳолаш учун кундалик юритган. Ундаги тана масаласи — асослардан бири
1847 йил 11 мартда Қозон университетининг 19 ёшли талабаси Лев Толстой маҳаллий касалхонада ётарди. Ўшанда у кундалик тута бошлайди. Биринчи қайдлар 17 март куни ёзилган:
“Мана, олти кундирки, клиникада ётибман, мана, олти кундирки, ўзимдан деярли мамнунман “...”. Бу ерда мен мутлақо ёлғизман, менга ҳеч ким халақит бермайди, ҳеч қандай хизмат буюрилмайди, ҳеч ким ёрдам бермайди — демак, ақл-идрок ва хотирага ҳеч қандай бегона нарса таъсир қилмайди ва менинг фаолиятим албатта ривожланиши керак. Асосий фойда шундан иборат бўлдики, кўпчиликнинг ёшлик оқибати деб биладиган тартибсиз ҳаёт кўнгилнинг эрта бузилиши оқибати эканлигига аниқ ишонч ҳосил қилдим”.
Бундай услуб ва кўринмас ўқувчи билан мунозара олиб бориш истаги табиийдир: Толстойни кундалик юритишга сиёсатчи ва файласуф Бенжамин Франклин илҳомлантирган. Толстой ёшлигидан ўйлашга ва ўз-ўзини таҳлил қилишга мойил бўлган, шунинг учун дунёқараш кундалиги ғоясини деярли тўлиқ такрорлаган.

Франклин 20 ёшида кундалик юритишни бошлаган (эслатиб ўтамиз, Толстой 19 ёшида). Унда у ўзининг шахсий тизимини яратган, у қоидалар ўлимига қадар амал қилган, Толстойда ҳам худди шундай. Франклиннинг фикрича, бундай тизим “ахлоқий баркамоллик”ка эришишга ёрдам берган.

У 13 фазилат (мўтадиллик, сукут, тартиб, қатъият ва бошқалар) рўйхатини тузди ва уларга амал қилишга ҳаракат қилди. Франклин ҳар бир ҳафта учун устунларда ҳафта кунлари ва қаторларда фазилатлар жадвалини тузди. Бу жадвалда у ҳар куни кечқурун идеаллардан оғишларни қайд қиларди.
Толстой ўз қоидаларини 1847 йил март—май ойларида ёзган. Бу унинг биринчи дунёқараш пойдеворидир. Толстой Франклин сингари кундалик амалиётни муҳим деб ҳисоблаган, аммо ўз тизимини яратган: фазилатлар рўйхатини тузмаган, балки унга яхшироқ бўлишга ёрдам берадиган ҳаракатлар ва тушунчаларнинг умумий тўпламини тузган.
Франклин ўз қоидаларида тана масалаларига умуман тўхталмайди, фақат биринчи бандда шундай деган: “Тўйиб овқат еманг, чанқоқ босилгунига қадар ичманг”. Толстой учун эса танани назорат қилиш асосий масалалардан бири бўлган.
Толстойнинг қоидалари шундай бошланади: “Ички ёки ўз-ўзига муносабат қоидалари ахлоқийликни тарбиялаш қоидалари ва жисмонийликни тарбиялаш қоидаларига бўлинади. Ирода одамнинг қайси қисмидан устун туришига қараб, тараққиётнинг турли босқичларида бўлади. Унинг ҳукмронлигидаги уч асосий нуқтаси: тана, ҳис-туйғулар ва ақлни назорат қилиш”.
Кейинчалик Толстой “Кечаги кун тарихи”да шундай ёзади: “Кундаликда мен ҳар куни ўзим қилган барча ёмон ишларга иқрор бўламан. Журналда менинг заиф томонларим устма-уст ёзилган”.
Март ойида тилга олинган биринчи ёзувда Толстой ўзи тузмоқчи бўлган тизим билан баҳслашаётгандек туюлиши рамзий маънога эга: “Бирор бир ибтидони амалиётга татбиқ этишдан кўра, ўн жилд фалсафа ёзиш осонроқ”.
Ёш Толстой: гимнастика ҳамда “онгли” спорт кайф-сафо ва шахмат билан аралаш

Кундалик машғулотлар журналида Толстой барча фойдали ишларни: қайси фанларни ўрганаётганини, шунингдек, ундан ташқари бошқа машғулотларни ҳам кўрсатган. Журналда “бир ярим соат инглиз тили билан шуғулландим”, “Гоголни ўқидим” деган ёзувлар қайд этилганди. Ёки “ухлаб қолдим” деган ёзув ёзилганди. Кундаликда Толстой кўплаб ҳаётий қоидалар ва мақсадларни шакллантирган, аммо уларнинг жуда оз қисмига амал қила олган.
Даволанишни тугатгач, 1847 йилнинг баҳорида Толстой университетдаги ўқишини ташлаб, ўзига тегишли бўлган Ясная Полянага жўнаб кетди.

1847 йил 2 июнда журналда “хўжалик ва гимнастика” деган сатр пайдо бўлган. Бу ёзувчининг ҳар қандай спорт машғулотларини биринчи марта тилга олиши ҳисобланади. Ўша куниёқ Лев Николаевич расм чизишни, инглиз, немис, италян тиллари билан шуғулланишни режалаштирган. Спорт машғулотлари орасида “сузиш” ва “пойга”, 4 июнда эса “сузиш” ва “хўжалик” бор эди.
Ўша йили Толстойнинг яна бир севимли спорт тури — шахмат ҳақида эслатмалар пайдо бўлган.
Ёзувчининг ўғли Сергей Лвович Толстой отасига шахмат ўйнашни айнан ким ўргатгани номаълумлигини тан олади: “Эҳтимол, унга акаси Николай Николаевич ўргатгандир. У кундаликларида акаси билан ўйнаганини бир неча бор таъкидлаган”.

Толстойнинг кексайгунига қадар шахмат унинг севимли ўйини бўлиб қолди. Биргина композитор ва пианиночи Александр Голденвейзер билан Толстой 700 дан ортиқ партия ўйнаган. Goldenвейзер Толстойнинг ўйин услуби доим ҳужумкор бўлганини эслайди. У нима қилиб бўлса ҳам олдинга интиларди, шунинг учун кўп ҳолларда ютқазарди. Толстойнинг 1908 йилда Эйлмер Моод билан ўйнаган партияси Кордел ва Минквицнинг шахмат қўлланмаларида ва “Deutsche Schachzeitung”да “яхши ўтказилган ҳужум намунаси сифатида” чоп этилган.

Қизиғи шундаки, агар ўша пайтда шахмат расмий спорт тури бўлганида, айнан у кундаликларда тилга олинган биринчи спорт турига айланган бўларди. 22 мартдаги ёзувни ўқиймиз: “Инглиз тили ва шахмат, иккаласи ҳам ёмон эмас”. Толстой қоидаларни батафсил ишлаб чиққандан кейингина 2 июнда гимнастика ҳақида эслаб ўтади.
Кундаликнинг бундан кейинги сақланиб қолган парчаларида гимнастика тўғрисида жуда узоқ гапирилмайди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки муаллифни ҳаёт гирдоби қамраб олади.
1848 йил октябрь ойида Толстой Москвага жўнаб кетди ва Арбат туманига жойлашди. Номзодлик имтиҳонларига тайёргарлик кўриш ўрнига ёш Толстой зиёфатларда қарта ўйнашга берилиб кетади. Ўйинни шунчалик шиддат билан ва ўйламасдан ўйнардики, кўпинча ютқазарди.

1850-1851 йиллар қишида Толстой маишатларни йиғиштириб, “Болалик” асарини ёза бошлайди. Ана шунда спорт кундалик саҳифаларига ҳам қайтади. Масалан, гимнастика ҳақида биринчи эслатма: “Жанозага бориш, кейин гимнастикага бориш” (1851 йил 28 февраль). 1850 йилларда эса тош кўтариш спорти ҳақида бир нечта ёзувларни кўришимиз мумкин.
Ўша 1851 йилда Толстой ўқишни давом эттириш уринишларини бутунлай тўхтатади. Бу вақтда Николай Кавказдан қайтиб келади ва укасига у ерда ҳарбий хизмат ўташни таклиф қилади. Лев дарҳол рози бўлмайди, аммо Москвадаги навбатдаги йирик мағлубият қарорни тезлаштирди. Қарзларни тўлаш ва харажатларни минимумга тушириш учун у 1851 йилнинг баҳорида аниқ режасиз Кавказга йўл олади.
Биографларнинг фикрига кўра, Николайнинг ижобий таъсири тажрибасиз, аммо идеалист Левни қутқарган.

Спортга қайтиш: кўпроқ гимнастика, ҳаётда ҳам, матнларда ҳам тош бир эди
1851 йилнинг қиши ва баҳорида гимнастика кундалик саҳифаларига қайтибгина қолмайди. Энди Толстой ўз хатти-ҳаракатларини шарҳлай бошлайди ва у билан содир бўлаётган воқеаларни синчковлик билан таҳлил қилади.
Биринчи шунга ўхшаш ёзув 1851 йил 7 мартда пайдо бўлган:: “Эрталаб узоқ вақт турмадим, сиқилдим, ўзимни нималар биландир алдардим. Бошқа иш бўлганида романлар ўқирди; ўзига-ўзи: қаҳва ичаётганингда ҳеч нарса билан шуғулланиш мумкин эмас, қаҳва ичиб олиш керак-ку, дерди. Гимнастикани шошиб бажарардим”.
9 мартда қиличбозлик, сайрлар, яна гимнастика ҳақида биринчи эслатмани учратамиз. Толстой ҳар доим дангасалик қилса ёки эринчоқлик қилса, буни таъкидлайди. 1851 йил 10 мартда у “гимнастикада шуҳратпарастлик” деб ёзади ва ҳатто журналда шошилинч ва ноаниқ ёзаётганини аниқлаштиради. Эндигина фаолиятини бошлаган муаллиф учун интизомли ва эҳтироссиз бўлиш ҳамон қийин ва у бунинг учун ўзини айбларди.
Ўзгарувчан кайфият ва содир бўлаётган воқеаларни қуйидаги ёзув жуда яхши акс эттиради: “Гимнастикада Биле билан курашдим... дўконга кирдим, очкўзлик... қиличбозлик ҳақида ўқидим”.

Худди шу 1851 йилнинг март ойида у “Кечаги кун тарихи”ни тугатади — бу унинг кундалик ёзувларидан чиққан тугалланмаган ҳикоя. Ушбу матнда биз Толстойнинг изланишлари натижаларини топамиз: “Мен қалбимда бу яхши эмаслигини ва ҳаётда мақсадга эга бўлиш кераклигини ҳис қиламан “...” Мен шундай мақсадни топганга ўхшайман; таълимнинг ҳар жабҳаси ва барча қобилиятларни ривожлантириш”.
1850-1851 йилларда журнал ва кундаликларда тош кўтариш спорти ҳақидаги ёзувларни топамиз. Толстой машғулотнинг умумий қоидаларини батафсил тавсифлайди: енгил чарчоқни ҳис қилгандан сўнг дарҳол тўхташ, янги машқ олдидан нафас олишни тиклаш ва ҳоказо.
Шунингдек, у машғулотлар пайтида бажарадиган машқларини санаб ўтади. Толстойнинг машғулотлари натижалари ёзилган иккита жадвал ҳам сақланиб қолган. Дастлабкисида 1-сериянинг иккала қисмидаги 13 та машқ (9+4), иккинчисида эса 2-сериянинг 7 та машқи келтирилган. Машғулотлар пайтида Толстой тошларни аста-секин юқорига кўтарган, полда ётган ҳолда кўтарган ёки тиззаларини елкаларига теккизиб сакраган.
Тошлар Толстойнинг машҳур романларида ҳам пайдо бўлади:
“Ва бу овозга қулоқ солиб, у икки пудлик тошлар турган бурчакка яқинлашди ва ўзини тетик ҳолатга келтиришга ҳаракат қилиб, уларни гимнастика усулида кўтара бошлади. Эшик ортида қадам товушлари эшитилди. У шоша-пиша тошни ерга қўйди” (“Анна Каренина”).
“Якшанба”да ҳам шунга ўхшаш манзара бор: “Кабинетга кириб, эшикни қарсиллатиб ёпди, пастки токчадаги қоғозлар турган шкафдан иккита гантел (тош) олди ва йигирма марта юқорига, олдинга, ёнга ва пастга ҳаракат қилди, кейин гантелларни боши узра кўтариб, уч марта ўтириб, турди”.
Толстой ўзининг гўзал жисмоний қиёфасини кексайгунча сақлаб қолди. Ҳатто кексайган чоғида ҳам ётоқхонада ётадиган гантеллар билан машқ қилишни яхши кўрарди.
Толстойнинг ўз-ўзини тарбиялаш тизими унга гимнастикани ҳам ўрганишга ёрдам берди. Охир-оқибат, у то кексайгунча эрталаблари хонасида шуғулланарди. Бир куни Ясная Полянага бир ажнабий келади, у Толстойнинг болалари машқ қилаётган снарядлар олдига келиб, қандайдир мураккаб бўлмаган фокус кўрсатди.
Меҳмон истеҳзо билан деди: — Граф, бу санъат сизга нотаниш бўлса керак. Бу гапдан кейин Толстой кулиб юборди ва усталик билан бир неча машқ бажариб, кўрсатди.
“Иван Михайлович” машқи машҳур машқ бўлиб, Толстой уни ёш гимнастикачилар билан маҳорат мусобақасида қўллаган. Қўлларга осилиб, қўллар орасидан оёқларни ўтказиб, қаддини кўтариб, тўсин устига ўтириш керак эди. Толстой бу машқни эллик ёшида ҳам осонгина бажарган.
Уруш ва шон-шуҳратдан сўнг Толстой депрессияни қимиз, шашка ва чавандозлик билан даволади
1852 йилда Толстойнинг анча муваффақиятли ҳарбий фаолияти бошланади. Икки йил Кавказда хизмат қилди, тоғликлар билан кўп тўқнашувларда қатнашди, кейинроқ Қрим урушида қатнашди, Севастопол мудофааси учун бир йўла бир неча мукофот олди.

У ерда артиллериячи Толстой “1854 йил декабрида Севастопол” ҳикоясини ёзди ва уни “Современник”ка юборди. Матн Александр II нинг эътиборига тушган ва у “иқтидорли офицерни эҳтиёт қилиш”ни буюрган.
“Севастопол ҳикоялари” унинг янги адабий авлод вакили сифатидаги обрўсини узил-кесил мустаҳкамлади. 1856 йил ноябрида Толстой поручик унвони билан ҳарбий хизматни тарк этади.У Тургенев билан дўстлашди, уни “Современник” тўгараги билан таништиришди, Некрасов, Гончаров билан мулоқот бошланди. Аммо бу давр узоқ давом этмади ва оғир тушкунлик билан якунланди.
Шуҳрат ёш ёзувчини ҳам қувонтирар, ҳам ғазаблантирарди. Шунингдек, Толстой ҳомийликни, шу жумладан Тургенев томонидан қилинаётган ҳомийликни ёқтирмасди ва ҳар қандай нуқтаи назар билан, унинг мақоми ёки муаллифидан қатъи назар, баҳслашишга доим киришарди. Натижада, Толстой яна олий табақани тарк этади. 1856 йилнинг охирида у шундай деб ёзган эди: “Бу одамлардан жирканардим ва мен уларни ҳам ўзимдан худди шундай бездирдим”.

1860 йилда унинг учун энг яқин дўст ва обрўли бўлган акаси Николай вафот этади. Биографларнинг сўзларига кўра, Толстой ҳар доим тушкунлик ва хавотирга тушган, шунинг учун у оғир ҳолатни енгишга ҳаракат қилиб, “Декабристлар”ни ёзишни бошлайди.
Аммо кейинги воқеалар Толстойнинг аҳволини тобора оғирлаштириб борди. Европага саёҳат, оғир ақлий зўриқиш, жамият билан муносабатлардаги муаммолар ва саноатнинг рад этилиши 1862 йилда оғир тушкунликка олиб келди.
Даҳшатли аҳволдан уни саёҳат олиб чиқди, бу вақтда у анча фаол спорт билан шуғулланган.
Шифокорлар тавсиясига кўра, Лев Николаевич қимиз билан даволашнинг замонавий усулини синаб кўрди ва Самарадан 138 километр узоқликдаги бошқирдларнинг Қоралиқ хуторига йўл олди. У ерда Толстой ўтовда яшайди, қўй гўшти ейди, офтобда тобланади, қимиз ичади, чой ичади. Ва шашка ўйнашни бошлайди. Ўғли Сергей Толстойга шашка ўйнашни улар “Михаил Иванович” деб атаган бошқирд Муҳамедин ўргатганини эслайди.
Толстой бир ярим ой тикланишда бўлиб, яна меҳнатга қайтди. 1863—1869 йилларда “Уруш ва тинчлик” асарини ёзади. Унинг режалари ҳамон улкан ва фикр, кучининг кўлами ушбу энг яхши романида тасвирланган.

Оғир ўтган 1860—1870 йилларда Толстой деярли кундалик юритмаслиги табиий ҳол эди. Бу даврга оид маълумотларнинг аксарияти мактублардан олинади. Бу оғир даврда уни фақат қишда бешинчи фарзандини дунёга келтирган рафиқаси Софя Андреевна қўллаб-қувватлайди. Адибнинг турмуш ўртоғи кундаликларини ўқисангиз, эри қаттиқ бетобдек таассурот уйғонади.
“Левочканинг соғлиғи ҳақида доим хавотир оламан. Икки ойдан бери ичиб юрган қимизи уни тузата олмади; касаллик унинг вужудини эгаллаган”, — деб ёзади Софя Андреевна кундалигида.
Бошқа ёзувларда: “Левочканинг олдинги уч кун кечқурунлари эти увушиб, мазаси қочган”, “Левочканинг ҳамон бели увушиб, мазаси қочяпти”, “Ғамгин, маъюс, ишсиз, машаққатсиз, ғайратсиз, кун бўйи, ҳафта давомида қувончсиз ўтиради. Бу қандайдир маънавий ўлимга ўхшайди, мен эса ундаги бу ҳолатни кўтара олмайман, унинг ўзи ҳам бу тарзда узоқ яшай олмайди”.
1871 йил январь ойида Фетга ёзган хатида Толстойнинг ҳолати яққол намоён бўлади: “Мен энди ҳеч қачон урушлар каби кўп сўзли сафсаталарни ёзмайман. Худо ҳаққи, энди ёзмайман”.
1871 йилнинг ёзида Бошқирдистонга қилган сафари Толстойни яна оғир тушкунлик ва стресслардан қутқариб қолди. Бу сафар у қайноғаси Степан Берсни ўзи билан олиб кетади. Толстой иккинчи саёҳатнинг самараси ҳақида шундай ёзган эди: “Соғинч ва бефарқлик ўтиб кетди, мен ўзимни скиф ҳолатига келаётгандек ҳис қиляпман ва ҳамма нарса қизиқарли ва янги... Кўп нарса қизиқарли: Геродот ҳиди анқиб турган бошқирдлар ҳам, рус мужиклари ҳам, халқининг соддалиги ва меҳрибонлиги билан, айниқса гўзал қишлоқлари ҳам”.
Етиб боргач Лев Николаевич янги келганлар билан танишди. Кекса руслардан бири семинария ўқитувчиси бўлиб чиқди, Толстой у билан кўнгилхушлик учун арқондан сакрай бошлади.
Толстой эрталаб соат 6-7 да туриб, қимиз ёки сутли чой ичиб, “биялар жамияти” билан мулоқот қилиш учун қишлоққа жўнарди. Ўтов атрофида кўп сайр қилар, маҳаллий отларни томоша қилар, овқатланар, ов қиларди. Шу ернинг ўзида янги от сотиб олиб, унда юрарди.

“60 рублга от олдим, Степа билан бирга кетяпмиз. Степа яхши. Ўрдакларни отаман, уларни тановул қиламиз. Ўзимга ҳеч қандай зарарли нарса керак эмас: на кучайтирилган машғулотлар, на чекиш (Степа мени чекишдан чалғитади ва энди кунига 12 та папирос беради), на чой”. Толстой 1888 йилга келибгина тамаки чекишни узил-кесил ташлайди.
Толстой бу ўлкадан шунчалик илҳомланиб кетдики, иккинчи бор келганидаёқ маҳаллий ернинг нархини билиб олди. Келганидан бир неча ой ўтгач, у икки мингга яқин деҳқон яшайдиган 2500 десятина ерни 20 000 рублга сотиб олади. Ерлар Гавриловка ва Патровка қишлоқлари ҳудудида жойлашган. Биринчи марта у ерга бутун оиласи ва Берс Толстой билан 1873 йилда кўчиб ўтади.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Толстой ёввойи даштда ўзини Ясная Полянадагидан кўра анча яхши ҳис қилган. Дашт ҳавоси ва ҳар қандай кўчманчи урф-одатлар унда куч-ғайрат уйғотарди.
Дунёвий жамиятдан “ажралиб” қолган Толстой ўз турмуш тарзини қайтадан ўйлаб топади. Ясная Полянага қайтгач, у бошқа нарсалар қатори мутлақо бошқа спорт турларини синаб кўради ва янги турмуш тарзини бошлайди, гўё даштдаги фаол тартибни анъанавий зодагонлар уйига кўчиргандек.
Конки, теннис, крокет: Толстой Ясная Полянани болалар учун спорт мажмуаси ва ёқимли масканга айлантирган

Лев Николаевичнинг Софя Андреевна билан никоҳидан тўққиз ўғил ва тўрт қиз туғилган, беш фарзанди ёшлигида вафот этган. Тўнғич фарзанди Сергей, 1863 йилда, Толстой Бошқирдистонга биринчи сафаридан қайтганидан бир йил ўтиб туғилган. Самара губерниясига иккинчи сафардан қайтгач, Толстойларнинг олти фарзанди бор эди. Яна олти нафари 1874 йилдан 1888 йиллар оралиғида туғилган.
Толстой болалигидан кундалик тутишга ўргатган фарзандларининг хотираларига қараганда, ёзувчи Ясная Полянада ер юзидаги энг зўр масканни яратишни орзу қилган. Тўғри, бу биринчи навбатда болаларга тааллуқли эди.

Толстой жисмоний машқларнинг инсонни тўлақонли ва гармоник ривожланишидаги улкан аҳамиятини тушуниб, фарзандларида спортга муҳаббат уйғотди: улар учун уйи олдидаги майдончага ўзига хос болалар карусели — тренажёрини қўйди.
Толстой уни Москвадаги машҳур гимнастика муассасаси эгаси Яков Пуаредан 28 рублга сотиб олган. Бир пайтлар Толстой унинг залида тош кўтариш билан шуғулланган. Шунингдек, Ясная Полянада “гимнастика” — ҳалқа ва трапецияли снаряд бор эди.
Анча кейинроқ ўғли Лев Лвович “Яша Полянов” қиссасини ёзади. Номда бола шахси ва қўрғон номи бирлаштирилади. Басинскийнинг сўзларига кўра, Толстой фарзандлари болалик ва ўсмирлик чоғларида маълум маънода ўша яшалар бўлган. Лев Лвович Толстой болалигини шундай хотирлайди:
“Она, ота, ака-укалар, опа-сингиллар, энагалар, мураббийлар, хизматкорлар, меҳмонлар, итлар, камдан кам ҳолларда айиқ ва унинг болалари, отлар, ота ва ака-укаларнинг ови, Рождество байрамлари, арча, Масленица ва Пасха, қиш — қор, чаналар ва конкилар билан; баҳор — лойқа сойлар ва ялтироқ гиламлар билан”.

Қишда Ясная Полянадаги ҳовуз яхмалакка айланарди. Бу даврда бутун оила конки учарди.
“Шошиб овқатланамиз ва кийиниш учун пастга югурамиз. Калта пўстин, қулоқчинли шапка, конки олиб, югуриш бошланади. Отам билан ойим келиб, улар ҳам конкиларини кийишади. Оёқларим совқотади, бармоқларим увишиб қолади, лекин мен индамайман, чунки уйга исиниб келишга юборишларидан қўрқаман. Ҳамма учун бу жараён қизиқ. Кетадиган вақтимиз бўлди, лекин биз яна бир неча дақиқа, яна озгина вақт сўраймиз. Қишлоқдан болалар югуриб келиб, бизнинг чаққонлигимизга қойил қолишяпти. Йиқилиб, шикастланмагунингча турли найранглар қила бошлайсан”, — деб эслайди Толстойнинг ўғилларидан бири.

Толстой спортда ва ақлий меҳнатда болалар учун намуна бўлган, уларни навбат билан алмаштириб туришни жуда муҳим деб ҳисоблаган: “Мен учун жисмоний меҳнатнинг ҳар кунги ҳаракати ҳаводек зарур. Ҳаракатсиз ва жисмоний меҳнатсиз фақатгина ақлий иш билан шуғулланилса, ғам-аламнинг ўзи бўлади”.
Толстой соатлаб ва ҳатто бир неча кунлаб сайр қилишни яхши кўрган. 1881 йилда у тўрт кун ичида Ясная Полянадан Оптина чўлларигача бўлган йўлда 150 километр масофани босиб ўтган. 1880 йилларнинг охирида Толстой Москвадан қўрғонга уч марта саёҳат қилган — бу тахминан 200 километр дегани.
Бошқирдистондаги тушкунлик пайтларида от миниш Толстойга алоҳида ёрдам берган. У деярли ҳар куни тушликдан олдин отда сайр қиларди.
“Лев Николаевич пиёда ва отда разездлар бўйлаб сайр қилишда, айниқса, аввал бормаган жойларга боришни, билинар-билинмас нотаниш сўқмоқлардан юришни, улар қаерга олиб боришини билмай, кам юриладиган ва кимсасиз жойларда адашиб қолишни — янги йўлларни излашни яхши кўрарди”, — деб эслайди ўғли Сергей Толстой.
Ёзувчининг котиби Валентин Булгаков шундай хотирлайди: “Агар ёмғир ёғаётган бўлса, Лев Николаевич сув ўтказмайдиган палто киярди, лекин барибир йўлга чиқарди; енгил бетоблик пайтида ҳам худди шундай эди; у узоққа бормаслиги мумкин, лекин саёҳатдан бутунлай воз кечиши қийин эди”.
Делир — Толстойнинг эркатойи ва эҳтимол, рус адабиёти тарихидаги асосий отдир. Бу ярим араб тулпорининг феъл-атвори жуда қувноқ бўлганини эслашади. Толстой бир марта отда сайр қилиб 10 километрча йўл босган.
Бир куни Толстой адашиб қолади. Оқибатда қарийб 28 километр йўл босиб, кеч соат олтида уйга қайтади. Борди-ю, иш юришмай қолса ва Толстой “ижод инқирози”га дучор бўлса, у дарҳол отни эгарлашни буюрарди.
Толстойнинг энг машҳур портретларидан бирини чизган рассом Крамскаянинг таъкидлашича, отда ўтирган Толстой у кўрган энг кўркам эркакдир.
Толстой кўп вақтини отхонада ўтказар, севимли отини ўзи парвариш қиларди. “Анна Каренина”да от билан боғлиқ бундай аниқ тасвирланган эпизодни қандай эсламаслик мумкин?
Худди шу “Анна Каренина”да Толстой теннис ўйини саҳнасини тасвирлаган. Вронский, Свияжский ва Весловскийлар “олтин суви юритилган устунлар тортилган тўрнинг икки томонида, яхшилаб текисланган крокет-граундда” ўйнашарди. Қизиғи шундаки, ўша пайтда Толстойнинг ўзи ҳали теннис ўйнаб кўрмаганди.

Теннис ҳақидаги биринчи эслатма 1892 йилда пайдо бўлади — мактубда Толстой ўғли Илья Лвович велосипедда учганини, кейин қизи Мария Лвовна ва амакиваччаси Вера билан бирга теннис ўйнаганини ёзади: “Биз теннис ташкил қилдик ҳамда Вера Кузминская ва Маша билан ўйнадик”.
Толстой 68 ёшида теннис ўйнай бошлаган. У бу ишни жон-дили билан қилар ва кортда бир неча соатлаб ўтириши мумкин эди. Котиб ва биограф Пётр Сергеенко Лев Николаевичнинг қизиқишини ўйин “ҳар қандай мушакдан зийраклик, чаққонлик ва зўриқишни” талаб қилиши, шунинг учун “унинг мушакларига катта вазифа юклаши” билан изоҳлади.
“Толстой ҳеч қандай жиддий олмасдан, шунчаки кўнгилхушлик учун ўйнаган. У узоқни кўролмас, лекин жуда тез ҳаракатланар эди. Анча тажрибали ва яхши ўйинчи бўлишимга қарамай, у мени доим ютарди”, — деб эслайди Толстойнинг дўсти ва китобларини инглиз тилига таржима қилган Эйлмер Мод.
Қизиғи шундаки, Толстойнинг матнларидан бирида теннис ҳақида шундай ёзилган:
“Зерикарли ўйин, — деган эди Колосов теннис ҳақида, — Биз болалигимизда ўйнаганимиз лапта анча қувноқроқ эди”, — дейилади 1899 йилда нашр этилган “Тирилиш” романида. Толстой ракетка билан ўйнашни ёқтирмаган бўлса керак — шунчаки теннисга бўлган муносабат Колосовнинг хусусиятларидан бири эди.
Толстойлар оиласи теннисдан ташқари крокет билан ҳам шуғулланган. Степан Берс Ясная Полянадаги ўйин ҳақида шундай эслайди: “Унда ҳамма, катталар ҳам, болалар ҳам иштирок этишди. У одатда тушдан кейин бошланиб, шамлар билан тугарди. Бу ўйинни мен ҳозир ҳам қимор ўйини деб ҳисоблашга тайёрман, чунки мен уни Лев Николаевич билан ўйнаганман. Крокет ўйинида, сайрда у ўзининг иштироки ва ҳазиллари билан ҳаммани жонлантирар, ўйин ҳамда сайрга чин дилдан қизиқарди”.

Айтганча, Толстойнинг спорт билан муносабатларида ғалати ҳолатлар ҳам бўлган. Ўша пайтда ҳарбий хизматчи бўлган Толстой ўз вақтида қоровулликка чиқмагани учун ҳибсга олинганидан кейин жасорати учун Георгий хочини олмаган.
Агар Толстой спорт билан шуғулланган бўлса, уни пухта ўрганишга ва тушуниш бобида бошқалардан қолишмасликка ҳаракат қиларди.
Бу велосипед ҳақидаги машҳур ҳикояда яққол намоён бўлади.
Толстойнинг сўнгги муҳим спорти — велоспорт. У 70 ёшида бу спорт турини ўзлаштирган
Толстой 67 ёшида велосипед ҳайдашни ўрганган. Унинг ўрганиши ҳақидаги батафсил маълумот “Циклчи” журналида бир нечта мақолалар орқали сақланиб қолган. Дастлаб журналда кичкинагина матн пайдо бўлган:
“Велосипед тарафдорлари қаторига биз энди машҳур ёзувчимиз граф Л. Н. Толстойни қўшишимиз мумкин. Ўтган ҳафта биз уни манежда, ўзининг анъанавий кийимида айланиб юрганини кўрдик. Граф велосипед ҳайдаш санъатини жуда осонлик билан ўзлаштирди ва энди у мутлақо эркин ҳаракатланмоқда. Лев Николаевичнинг болалари ҳам велосипед ҳайдайди.
Кейин муаллифлар маҳаллий ҳамжамият аъзоларидан биридан батафсил репортажлар тайёрлашни сўраган.
21-сонидаёқ муаллиф Толстойнинг велосипедчилар орасида қандай пайдо бўлиб қолганини ҳикоя қилади. Ёзувчи манежга Воздвиженка томондан кирган. Аввал ўйинни кузатиб турган, кейин эса манежнинг нариги чеккасига, велосипед минадиган жойга борган.

Маҳаллий қоровул билан кулгили воқеа содир бўлган: у буюк ёзувчини оддий кийимда танимаган ва ҳатто қаршисида граф турганини ўйламаган ҳам. Навбатчи ёзувчини таниб қолган назоратчига Толстойга биринчи машғулотда ёрдам беришни буюрган.
“Марҳамат, жаноби олийлари... Ҳозир сиз учун машина олиб чиқамиз: жуда яхши, яп-янги машина, юриши ҳам жуда енгил.
Шундай деб, қоровул графнинг олдига ҳақиқатан ҳам яп-янги, немис фабрикаси “Науман” тамғаси босилган пневматик велосипед олиб келган.
“Қўрқманг, граф, йиқилиб тушмайсиз: сизни ушлаб қолишади! — атрофини қуршаган халойиқнинг овозлари янгради.
Бу гаплардан кўнгли таскин топган граф зинапоядан туриб, эгарга илк ўтириш учун ноодатий бўлган тарзда анча қулай жойлашиб олди”.

Ўша воқеанинг томошабинларидан бирининг сўзларига кўра, биринчи даврадан сўнг Толстой тезда велосипед ҳайдашни ўрганиб олгани маълум бўлган, чунки бошқа янги келганлардан фарқли ўлароқ, у эгарга қулай жойлашган, педаллардаги оёқлари “бир текис ва шошилмасдан” ишлаган. Биринчи марта Толстой олти айланани босиб ўтган, унинг юзида ўзидан қониқиш ҳиссини кўриш мумкин эди.
Биринчи машғулотдан сўнг, Толстой велосипед билан олдинги муваффақиятсиз тажрибаси ҳақида гапирган:
— Наҳотки, граф, сиз ҳеч қачон манеждан бошқа жойда велосипедда сайр қилмаган бўлсангиз?
— Йўқ, Ясная Полянадаги уйимда бир неча марта уриниб кўрганман, лекин барибир қўлимдан келмади!
— Сизга буни ким ўргатди?
— Ҳеч ким... Мен ўзим ўрганишга ҳаракат қилдим, лекин ҳеч нарса чиқмади: йиқилавердим... Болаларим ўргатишга уринди — ҳеч нарса чиқмади.
Ўша куни у навбатчидан мустақил сайр қилишни сўраган, лекин у рад этган ва бу синовни эртага қолдиришни сўраган.
Эртаси куни Толстой машғулотга келди ва иккинчи даврадан кейиноқ навбатчи Самойлов ёзувчини сездирмай қўйиб юборганида, у ҳеч кимнинг ёрдамисиз ҳаракатланиб кетди. Қарсаклар янгради, аммо улар Толстойга таъсир қилмасди: ёзувчи йиқилмади, балки хотиржамлик билан айлана бўйлаб юришда давом этди.
Машғулотлардан сўнг “Сикчи” муаллифи Толстойдан кичик интервью олди:
— Хўш, граф? Велосипед ҳайдаш сизга ёқадими? У сизни чарчатмайдими? — деб сўрадим дам олиш вақтида ёнимга келган графдан.
— Йўқ, асло... Ахир қўлларим ҳам, оёқларим ҳам жуда бақувват-ку... Қаранг!
— Ҳа, мушакларингиз жуда бақувват, граф! — дедим мен.
— Биласизми, нима учун? — деди менга граф. — Мен ҳаддан ташқари кўп ва доимий равишда жисмоний машқлар қиламан: ўзим ер ҳайдайман, ўтин ёраман, сув ташийман, печкалар ўрнатаман, кўп пиёда юраман.
— Жисмоний меҳнат туфайли, ёшимга қарамай, ўзимни ёш йигитлардек соппа-соғ ҳис қиляпман.

Толстойнинг янги нарсаларни, шу жумладан спортда ҳам ўрганиш одати унга мутлақо хотиржам бўлишга ёрдам берган, бу ҳақда у муаллифга шундай дейди: “Фикримча, велосипедни бошқаришда (дастлабки пайтларда, албатта) уни бошқариш қобилияти эмас, балки ундан йиқилмаслигим ва юра олишимга бўлган ишонч муҳим рол ўйнайди”.
Муваффақиятли машғулотлардан сўнг Толстой 210 рублга The Rover J.K.Starley & Cо. компаниясининг 97011-сонли Старлей велосипедини харид қилди. Аммо худди шу пайтда Москва ҳаваскор велоспортчилар жамияти ҳам унга худди шундай моделни совға қилганди. Шу сабабли у сотиб олинган велосипедни қайтариб юборади.
Кейинчалик Толстой 1896 йил 21 февралда Москва кўчаларида велосипед ҳайдаш учун махсус рухсатномага (2300-рақамли чипта) эга бўлади. Ўша давр қоидаларига кўра, Толстой ўриндиқ орқасига 867-рақамли рақамни тақиб олганди.

Ишқибозлик Толстойни шу қадар ўзига тортдики, у адабиётга камроқ вақт ажрата бошлади, бу эса яқинларида тушунмовчилик ва хавотир ҳиссини уйғотди.
4 май куни Толстой кундалигига шундай деб ёзиб қўйди: “Ҳеч нарса ёзмаяпман. Велосипед”. Ёзувчи Микулич-Веселицкая 1895 йил май ойидаги воқеаларни ёдга оларкан, ёзувчи ўз уйи атрофида янги топиб олган спорти билан завқланиб шуғулланаётганини таърифлайди.
Велоспорт граф қўлга киритган сўнгги спорт қуролига айланган.
***
Толстой ҳамиша ўзини ва ўз табиатини синаб кўрарди: унинг учун олий мақсад йўлида барча керакcиз ва ижтимоий нарсаларни “чиқариб ташлаш” муҳим эди. У ҳар қандай машғулот ёки одам уни қул қилиб қўйишини истамасди, шунинг учун спорт билан шуғулланишга жиддий ёндашарди.

Толстой ёшлигида маишатпараст ҳаётни, кейинчалик эса бадавлат помешчик ҳаётини рад этади. Теварак-атрофида камбағал ва бахтсиз одамлар кўп бўлган бир пайтда у “зодагонлар иши” билан шуғулланишга уяларди.
Энг ёрқин воқеалардан бири 1865 йилда содир бўлган. У “Уруш ва тинчлик” устида ишлаётганда, унга “Ўқиш учун кутубхона” журналининг ношири Пётр Боборикин ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Толстой анча қатъий жавоб берди: “Санъатнинг мақсадлари (математиклар айтганидек) ижтимоий мақсадлар билан ўлчовдош эмас. Ижодкорнинг мақсади муаммони шубҳасиз ҳал қилиш эмас, балки ҳаётни унинг сон-саноқсиз, ҳеч қачон тугамайдиган барча кўринишларида севишга мажбур қилишдир.
Борди-ю, менга “мен барча ижтимоий масалаларга ўзим учун шак-шубҳасиз тўғри бўлиб туюлган нуқтаи назарни белгилаб берадиган роман ёза оламан”, деб айтишса, мен бундай роман устида икки соат ҳам меҳнат қилмаган бўлардим, бироқ, агар менга “менинг ёзганларим йигирма йиллардан кейин ҳозирги болалар томонидан ўқилади, уни ўқиб йиғлайдилар, куладилар ва ҳаётни севадилар”, деб айтишса, мен бутун умримни ва бутун кучимни унга бағишлаган бўлардим”.

Толстой бир неча бор адабий фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаган, бунинг учун барча воситалардан фойдаланган: ўқиш ва тил ўрганишдан тортиб спорт билан шуғулланишгача.
Филолог олим Андрей Зориннинг кузатишича, Толстой “одамларни “ҳаётни севишга” ўргатиш мақсадида ўзини ёзув столига боғлаб қўйган”.
Изоҳ (0)