Европа Иттифоқи бутун дунёдан олимларни жалб қилиш мақсадида 500 миллион евролик (тахминан 566,6 миллион долларлик) кенг кўламли ташаббусни бошлайди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

У Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувда тегишли баёнотни берди. Олимларни жалб қилишга АҚШ президенти маъмурияти ва Америка университетлари ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви сабаб бўлган. Оқ уй илм-фанни молиялаштиришни қисқартирган.
Биз бутун дунё тадқиқотчиларини бирлашишга ва бизга қўшилишга чақирамиз. Агар эркинликни қадрласангиз келинг ва бизга эркин қолишда ёрдам беринг, деди Макрон.
Ажратилган маблағлар илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш, университетларнинг хорижий мутахассисларни жалб қилиш харажатларини қисман қоплашга йўналтирилади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатлари 2030 йилга бориб илм-фанга давлат инвестицияларини ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи даражасига етказмоқчи.
Макрон, ўз навбатида, Франция номидан 100 миллион евро тўлашга ваъда берган, бироқ бу сумма умумий пакетга кирадими ёки қўшимча ҳисса бўладими номаълум.
Эълон Америка илмий муҳитида кучайиб бораётган инқироз фонида эълон қилинди. Оқ уйга қайтганидан сўнг Дональд Трамп университетларга босим ўтказиш кампаниясини бошлади, федерал молиялаштиришни музлатиб қўйди. Трамп маъмурияти олий ўқув юртларини “антисемитизм, антиамерика, марксистик ва радикал сўл мафкурани” тарқатишда айбламоқда.
Апрель ойида АҚШ Таълим вазирлиги Гарвард университетини 2,2 миллиард долларлик давлат маблағидан маҳрум қилди. Шунингдек, 60 миллион долларлик шартномалар ва 2,7 миллион долларлик иккита илмий грантни бекор қилди. Бундан ташқари, Трамп Гарвардни солиқ имтиёзларидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилди. Университет бу АҚШ солиқ кодексини “ноқонуний суиистеъмол қилиш” ҳисобланишини билдирди.
Трампнинг Гарвард университетига қўйган талаблари
Америка ҳукумати 11 апрель куни Гарвардга расмий мактуб йўллаб, университет агар кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширса, федерал молиялаштиришни сақлаб қолиши мумкинлигини билдирган. Акс ҳолда деярли 9 миллиард долларлик молиявий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилган. Трамп маъмуриятининг фикрича, ўтган йили Ғазо секторидаги урушга қарши ўтказилган намойишлар пайтида Гарвард ва бошқа Америка олий ўқув юртларида антисемитизмга йўл қўйилган. Шу сабабли Гарвард университетига қуйидаги талаблар қўйилган:
- бошқарув тизимини ислоҳ қилиш; илмий фаолиятдан кўра фаолликка (активизмга) берилган профессор-ўқитувчиларнинг таъсирини камайтириш;
- АҚШ қадриятларига нисбатан душманона муносабатда бўлган талабаларни қабул қилмаслик;
- шунингдек, хулқ-атвор қоидаларини бузган “грин карта” эгалари ҳақида полицияга хабар бериш.
Гарвард президенти Алан Гарбер 14 апрель куни университет ҳукуматнинг бу талабларини бажармаслигини маълум қилди. Шундан сўнг АҚШ ҳукумати университетга ажратилган 2,2 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги грант ва шартномавий маблағларни музлатиб қўйди.
Изоҳ (0)