Жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал савдодаги рақобат мураккаблашиб бораётган бир пайтда миллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, ички бозорни ноқонуний ва сифатсиз импортдан ҳимоя қилиш, адолатли рақобат муҳитини таъминлаш зарурати юзага келмоқда.
Ҳукумат қарори билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун айрим товарларни божхона чегараси орқали олиб кириш тартиби такомиллаштирилди. Ягона божхона тўлови жорий этилиб, товарлар миқдори ва қиймати бўйича аниқ меъёрлар белгиланди.
Агар товарлар тижорат мақсадида олиб кирилаётган бўлса, улар учун умумий божхона тартиби қўлланилади. Эндиликда жисмоний шахсларнинг мамлакатга товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари қуйидагича бўлади:
- ҳаво транспортида — 1000 доллар;
- темирйўл ва дарё транспортида — 500 доллар;
- автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали — 300 доллар.
Жисмоний шахсларга халқаро курерлик жўнатмалари орқали етказиб бериладиган товарлар учун ставка 200 доллар миқдорида бўлади.
Бу каби тартиб кщплаб давлатларда амал қилмоқда ва товарларни божсиз олиб киришнинг чегараси Ўзбекистондагидан анча паст. Масалан, Европа иттифоқи давлатларида божсиз олиб кириш меъёрлари ҳаво транспортида — 480 долларни, авто, пиёда ва темирйўлда — 330 долларни, куьрерлик жўнатмалари — 175 долларни ташкил этади. Туркияда барча ўтказиш пунктларида божсиз олиб кириш меъёри — 480 доллар, Хитойда — 722 доллар этиб белгиланган. Курерлик жўнатмалари учун эса меъёр Туркияда — 79 доллар, Хитойда — 288 долларни ташкил қилади.
Шунингдек, 20 июлдан бошлаб божхона тўловисиз лимитдан фойдаланиш учун мамлакат ташқарисида бўлишнинг минимал муддати жорий этилади. Хусусан, пиёда ёки автомобилда кираётган фуқаролар чет элда камида икки кун, самолётда қайтаётганлар эса камида уч кун бўлишлари керак. Акс ҳолда олиб кирилган товарлар белгиланган лимитдан ошган деб ҳисобланади ва уларнинг тўлиқ қийматидан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.
Жисмоний шахс томонидан мамлакатдан божхона декларациясини тақдим этмасдан олиб чиқилиши мумкин бўлган товарлар учун белгиланган максимал норма 5000 доллар миқдорида сақланиб қолади.
Бу чоралар нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилади, балки божхона назоратини самарали ташкил этиш ва контрабанданинг олдини олиш имконини ҳам беради.
Мазкур қарор орқали давлатимиз глобал савдо занжирларидаги ўзгаришларга, хом ашё ва тайёр маҳсулотлар нархларининг кескин тебралишларига ва ташқи иқтисодий хатарларга мос равишда ички иқтисодий сиёсатни мослаштирмоқда. Ҳаракатлар натижасида:
- миллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги рақобатбардошлиги мустаҳкамланади;
- арзон ва сифатсиз маҳсулотлар оқимининг олди олинади;
- ички бозордаги нарх-наво барқарорлиги сақланади;
- мамлакат иқтисодиёти учун барқарор солиқ тушумлари таъминланади.
Янги тартиб фуқароларнинг шахсий эҳтиёжларини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, ички ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, бозорда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)