Коронавирус дунё келажагини ўзгартириб юборадими? АҚШ етакчилик синовидан йиқилдими? Глобализациянинг сўнгги кунлари ва вакцина яратишга киришган дунё олимлари ҳақида жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг коронавирусга бағишланган навбатдаги сонида маълумот оласиз.
Коронавирусдан кейинги дунё манзараси қандай бўлади? Олимлар нима демоқда?
The Foreign Policy нашри дунёнинг кўзга кўринган олимларидан коронавирусдан сўнг инсоният қандай жамиятда яшай бошлашига оид саволларига жавоб олди.Берлин деворининг қулаши ХХ аср охирларида дунё сиёсатига қандай таъсир этган бўлса, COVID-19 пандемияси ҳам биз билган дунё манзарасига кучли таъсир қилмоқда. Буни инсоният эндигина англай бошлаяпти. Касаллик одамлар ҳаётига зарба бермоқда, бозор механизмлари қонуниятларига салбий таъсир қилмоқда, айрим ҳукуматларнинг нооқилона бошқарув асосига қурилганини кўрсатиб қўймоқда. Бу эса иқтисодиёт ва сиёсатга ҳам таъсир қиляпти.
Эркинлик, тараққиёт ва озодлик чекланган дунё
Гарвард университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори Стивен Уолтнинг фикрича, пандемия марказий ҳукуматнинг таъсирини, миллий ватанпарварлик руҳини кучайтиради. Инқирознинг олдини олиш борасида ҳукуматлар фавқулодда чораларга мойил бўлади, аксар давлат раҳбарлари бугунги ҳолатдаги вазиятда ўз манфаатлари йўлида ҳам фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, COVID-19 таъсир ва куч жойлашувининг Ғарбдан Шарққа кўчиши юз беради. Жанубий Корея ва Сингапур вирусга қарши моҳирона курашган бўлса, Хитой ҳукумати бошида хатоларга йўл қўйиб бўлса-да, вазиятни ўнглай олди. Европа ва Америка қитъасидагилар эса касалликка қарши курашда ўз номига доғ туширишга улгурди.
Мавзуга доир:
Тайвань ва Кореянинг коронавирусни енгиш йўлидаги муваффақияти сирлари. Улардан нима ўрганиш мумкин?
Ўлимга олиб келувчи вирус бошқарувнинг ноқобиллигини, инсониятни глобал хавфлар олдида ожизлигини кўрсатиб қўйди ҳамда дунёда озодлик, демократия, тенглик масалаларини синовдан ўтказди. Синовдан кўплар ўтолмади.
Глобализация сўнгги кунларини кўрмоқда
Chatham House халқаро муносабатларни тадқиқ қилиш маркази директори Робин Ниблет назарида, COVID-19 глобаллашган иқтисодиёт асосини йўқ қилишга қодир бўлган сабаблардан биридир. Хитой ҳукуматининг иқтисодий ва ҳарбий соҳалардаги муваффақияти натижасида АҚШ Хитойни америкаликлар яратган юқори технологиялардан сиқиб чиқаришга аҳд қилган ва ўз иттифоқчиларини ҳам шунга мажбурлашга уринмоқда.
Жамоатчилик ва айрим сиёсий гуруҳлар углерод чиқиндиларини камайтириш учун босим ўтказаётган бир вазиятда COVID-19 мамлакатларни алоҳидаланишга – изоляцияга маҳкум қилмоқда. Шундай бир манзарада дунё глобализациянинг манфаатли экани ғўясига қайтмаса керак.
ХХ аср давомида катта саъй-ҳаракатлар билан эришилган глобаллашув ютуқлари ўзини ҳимоя қилолмасдан, COVID-19 ҳужуми таъсирида пуч хаёлга айланиб қолмоқда. Ечим эса қуйидагича: дунё давлатлари раҳбарлари геосиёсий рақобатга берилмай, халқаро ҳамкорлик сари қадам ташлаши жоиз. Шундай экан, давлатлар вирусни енга олишига ўз халқини ишонтириши, бунинг уддасидан чиқиши керак ва шундагина улар сиёсий капиталга эга бўла олади.
Хитойга қадалган глобализация
COVID-19 дунё иқтисодиётини кескин ўзгартириб юбормайди, балки АҚШга йўналган глобаллушув марказини Хитойга йўналган марказлашувга буриб юборади. Бугун АҚШ глобализация ва халқаро савдо борасида ўз устунлигини йўқотганига ишонч мустаҳкам ўрнашиб олди. Эндиликда дунё Хитойни ишончли ҳамкор сифатида билмоқда.
2020 йилда АҚШ президенти ким бўлишидан қатъи назар, йўқотилган нуфузни тиклаш учун анча вақт керак бўлиши табиий. Хитой саноатининг ўсиши бугун хитойликларда мамлакат ҳар қачон ва ҳар қандай жамиятда рақобатлаша олишига ишонч уйғотмоқда. Шундай экан, АҚШ ўз жамиятининг фаровонлигини таъминламоқчи бўлса, Хитой билан ҳамкорлик қилишга маҳкум, акс ҳолда антагонистик геосиёсий рақобат фақат америкаликларга зиён етказади. Аммо АҚШ сиёсий давраларидаги соғлом ақлнинг Хитойга нисбатан сиёсатда ғолиб чиқиши мўъжиза.
АҚШ дунё етакчиси синовидан йиқилди
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти директор ўринбосари Кори Шалькенинг фикрича, АҚШ ортиқ дунё етакчиси мақомига эга бўлолмайди, чунки АҚШни ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ва тор сиёсий доирага эга бўлганлар бошқармоқда. Агарда АҚШ ҳукумати Хитойдаги пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кузатувчиси бўлмай, «Хитой вируси» дея тамға босмай, қўлидан келган ёрдамни берганида эди, вазият бошқача бўлган, АҚШ дунё етакчиси деган номга лойиқлигини исботлаган бўлар эди. Ҳозирда АҚШ вазиятни бой берди ва имтиҳондан йиқилди.
Халқаро муносабатлар кенгаши президенти Ричард Хаас COVID-19 таъсирида ўз ички сиёсатига боғланиб қолган, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишган уринаётган мамлакатлар сони кўпаяди ва бу мамлакатларда ҳокимият заифлаша бошлайди, деб фикр билдирган бўлса, Гарвард университети бошқарувчилар мактаби профессори Николас Бернснинг фикрича, 7,8 миллиард аҳоли яшайдиган сайёрада АҚШ ва Хитой бир-бирини ким инқирозда айбдорлигини исботлашдан ва ким самарали бошқарув тизимига эга экани борасида пойгага киришмасдан, Европа Иттифоқи 500 миллионли аҳолисига мақсадли йўналтирилган ёрдамни кўрсата олса, бугунги дунё манзарасини сақлаб қолиш мумкин. Акс ҳолда Брюссель ҳам кўп ваколатларидан айрилади.
Ғарбликларнинг COVID-19 га бефарқлиги ўлимлар сонини кўпайтирмоқда
Сайёҳлар оқимидан тўлиб-тошган Нью-Йорк ва шаҳар боғларидан оёғи узилмайдиган югурувчилар пандемия даврида ҳам ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ деган тасаввурни беради. Шунга қарамай, COVID-19 билан касалланганлар сони ошиб бормоқда, Италиядаги вазият ҳам эътиборга молик, деб ёзади CNN нашри.Италияда COVID-19 вируси аниқланган пайтда ҳукумат мамлакат шимолида «қизил ҳудуд»ларни ташкил қилди ва вирусдан касалланганларни олиб кела бошлади; шунга қарамай, вирус кенг ёйила бошлади. Натижада Италия ҳукумати 9 март санасида мамлакат миқёсидаги изоляцияни эълон қилди. Карантин ҳолатини бузган ҳуқуқбузарларга 232 доллар миқдорида жарима ёки олти ойлик қамоқ жазосини тайинлаши ҳақида маълумот берди.
100 минглаб италияликлар полициядан карантин қоидаларини бузгани учун жарима тўлаши кераклиги борасидаги хабарларни олишига қарамай, чоралар самара бермади. Шунда Италия ҳукумати вазиятга ёрдам бериш мақсадида армияни жалб қилди, сабаби мамлакатда вирус билан боғлиқ вазият кескин паллага кириб улгурган, аҳоли ҳамон жамоавий тўпланишлардан тўхтамаётган эди.
Италияда бир кунда 1 400 киши вирус сабаб ҳалок бўлгани эълон қилинганда ҳукумат янада кескинроқ чораларни кўришга киришди. Шу тариқа Европа Хитойдан вирус ўчоғига айланиш эстафетасини қўлга киритди, аммо Европадаги кўпгина давлатлар Италиядаги вазиятдан сабоқ олмади.
Лондонда Борис Жонсон ҳукумати барчага уйда қолиб, ўз вақтларини оила даврасида ўтказишга чақирган бўлса-да, кўплаб британияликлар баҳорнинг салқин ва хушвақт ҳавосида бўш вақтларини боғларда ўтказишга уринди. Ҳукумат фақат биринчи ёрдам учун зарур маҳсулотларни сотиб олиш, кунда бир маҳал спорт машғулотлари билан шуғулланиш, тиббий ёрдам олиш ва зарур бўлган ҳолатдагина ишга чиқиш мумкинлиги ҳақида эълон қилди.
Бу ўлчамларга мос келмаганлар эса жаримага тортилишига, моддий зарар кўрмаслик учун ва яқинлари ҳаётини хавф остида қолдирмаслиги учун ҳам уйда қолишлари тавсия қилинди. Полицияга жамоатни тарқатиш ва жаримага тортиш ваколати юклатилди. Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэт Хэнкок ҳукумат талабини бажармаётганларни «худбинлар» деб атаган бўлса, Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо кўчада тўпланадиганларни «адашганлар, такаббурлар, ҳиссизлар» деб атай бошлади.Аммо қарши фикрлар ҳам бор. Уорвик бизнес мактаби профессори Ник Чейтернинг фикрича, татбиқ этилган чоралар етарли бўлмай, Ғарб ҳукуматларининг барларни, ресторанларни ёпиш борасидаги сиёсати турли маънодаги изоҳларга сабаб бўлмоқда. Чейтер барчани уйдан чиқмасликка чақирар экан, соғлик энг муҳим бойлик эканини ҳам айтиб ўтди.
Шунингдек, Ник Чейтер COVID-19 ҳолатида одамларга мулозамат билан муомала қилиш ёрдам бермаслиги, аксинча, уларга вазиятни бор ҳолича тушунтириш кўпроқ ёрдам берган бўлар эди, дейди.
Хитойдан фарқли равишда, Ғарб мамлакатлари COVID-19 шароитида юмшоқ чоралар кўрмоқда. Ҳар ҳолда демократия ватани-да. Кескин чоралар ўрнига Буюк Британия, Германия, Австралия давлатлари ҳукуматлари ижтимоий муҳофазаланишга урғу бермоқда, ишчиларни ўз ишларини иложи борича уйдан туриб битказишга ундамоқда.
Мисол учун, Германияда ҳукумат иккита фуқародан ортиқ шахснинг тўпланишини жаримага тортадиган бўлди. Бу баёнот, ўз-ўзидан, вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган.
Австралияда эса машҳур Бонди пляжига ўтган дам олиш кунлари мингдан ортиқ зиёратчи келди, ҳукумат машаққат билан эришилган тушинтириш ишлари натижасида пляжга келганларни уйларига қайтаришга эришди. Пляж карантин сабаб ёпилди.
Британияда парламент депутати Бермондси Нил Койл Twitter'даги саҳифасида йўловчилар билан тўлган метро вагонини эълон қилди ва ҳукуматдан масъулиятсиз иш берувчиларни жаримага тортишни сўради.
Hearing about estate agents, construction workers, accountants, beauticians and so many more being forced to continue working - some due to rogue employers, others self-employed still waiting for Government protection: https://t.co/NFrBT3OzPT
— Neil Coyle (@coyleneil) March 24, 2020
Уэльснинг Сноудония миллий боғи ҳукуматдан мураккаб вазиятда ташриф буюрувчилар сони ошиб кетгани боис керакли чораларни кўришни сўради. Ачинарлиси шуки, боққа келувчилар «Уйингизга қайтинг» белгисига ҳам амал қилмаган.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом пляжларга келувчиларга «Худбин бўлманглар» дея мурожаат қилган. Шотландия бош вазири аҳолини «ақллироқ бўлишга» чақирган. Австралия бош вазири Скот Моррисон ватандошларини бемулоҳазаликда, ижтимоий масофани сақламаётганликда айблаган.
Хитой эса айни пайтда вирус билан янги касалланганлар миқдори қайд этилмагини ҳақида баёнот бермоқда. Сабаби, татбиқ этилган чоралар натижасида аксар хитойликлар ойлаб ўз уйларини тарк этмаган.
Бугун Европа аҳолиси саломатлиги ҳақида қайғурмоқчи бўлса, у ҳолда янада кескин чораларни кўриши лозим.
COVID-19 қарши малҳам воситалари қачон пайдо бўлади?
Бугун COVID-19 вируси дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва вирусга қарши малҳамнинг яратилишини кўпчилик истаб қолмоқда. Агарда вирусга қарши вакцина яратилса, бу инфекциянинг олдини олишда янада ижобий қадам бўларди.Мавзуга доир:
Одатда бирор-бир касалликка қарши малҳам топишга ўн йиллаб вақт керак бўлади. Вирусга қарши қўлланилаётган дорилар эса самара бермай келяпти. COVID-19 дан азият чекаётганлар сафи 600-700 минг атрофида экан, ҳозирда шифокорлар тасарруфида қандай дори воситалари қолмоқда, қандай дори воситалари келажакда яратилади каби саволларга жавоб олиш ниҳоятда зарур, деб ёзади The Statnews сайти.
Мавжуд вирусга қарши дори воситалари: гидроксихлорохин ва хлорохин
Гидроксихлорохин ва хлорохин тиббий дори воситаси айни пайтда кўплаб клиникаларда Sars-CoV-2 инфекциясини муолажа қилиш ва олдини олишда самарали восита сифатида ишлатиб келинмоқда. Сан-Франциско университети ва Вашингтон университети клиникаларида гидроксихлорохин ва хлорохин тиббиёт вакиллари учун инфекцияни даъволашдаги протоколга ҳам киритилди.
Мазкур дорилар Франция ва Хитойда коронавирусга қарши восита сифатида ишлатилди, Японияда эса фавирапавир малҳамидан фойдаланилди. Аммо бу дорилар коронавирусдан самарали муолажа қилишда ёрдам беряптими деган саволнинг жавобини топиш, дорининг натижавийлигини исботлаш бир неча ой вақт талаб қиладиган жараён.
Ремдесевир
Ремдесевир малҳами Gilead фарм компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Дастлаб у Эбола вирусига қарши қўлланилганда кутилган натижаларни бермади. Ҳозирда мазкур дори воситаси COVID-19 вирусига қарши препарат сифатида ишлатилмоқда. Ремдесевир препаратининг клиник таҳлиллари апрель ойида эълон қилиниши кутилмоқда.
Яқинда Gilead компанияси коронавирусга чалинганлар миқдори кўпайиши ортидан мазкур дори воситасига талаб ортганини, шунинг учун ҳам препарат, энг аввало, ҳомиладор аёллар ва болаларга берилиши лозимлигини айтди.
Вирусдан соғайганларнинг қон плазмаси
Коронавирусга қарши ишлатилиши мумкин, аммо бу касалланганларда қандай натижа бермоқда? Клиник тадқиқотлар ҳозирда айрим ижобий натижаларни бераётган бўлса-да, якуний хулоса бериш бир неча ойларни талаб қилади. Вирусга қарши курашда соғайган инсоннинг қон плазмасидан фойдаланиш эски амалиётлардан бири бўлса-да, самарали усул. Чунки вирусдан соғайган инсоннинг қон плазмасида антитана – организмда антигенларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради ва касалликнинг таъсирини йўқотишга ёрдам берадиган жисмлар беморнинг иммун тизимини ҳимоя қила бошлайди.
Хитойда ўнта беморда ўтказилган тадқиқот натижаларида қон плазмасини қуйиш ижобий натижа берди ва беморлар ўзларини яхши ҳис қила бошлади, вирус эса йўқолди.
Takeda фармацевтик компанияси антитаналар билан бойитилган қон плазмасини мукаммалаштиришга доир изланишлар олиб боряпти ва журналистлар учун уюштирган матбуот анжуманида дори воситаси яқин 18 ой мобайнида сотувга чиқарилиши ҳақида маълумот берди.
Артритга қарши дори воситалари
Ревматоид артрит каби автоиммун касалликларига қарши курашда фойдаланиладиган препаратлар инсон иммун тизими заифлашувига олиб келса-да, COVID-19 вирусига қарши натижа бергани ҳайратланарли. COVID-19 билан ўғриган беморлар аксар ҳолатларда цитокин хуружини бошидан кечиради ва бу уларнинг танасига катта оғриқ беради.
Roche компаниясининг актерма дори воситаси саратон касаллигини даъволашда цитокин хуружини камайтиришга қарши қўлланиладиган восита бўлса-да, Хитойда вирусга чалинган 21 беморда ўтказилган тажрибаларда актерма уларнинг иситмасини туширишда ва кислородга талабини камайтиришда ёрдам берди.
Regeneron ва Sanafi компаниялари ҳам кевзара малҳамини вирусга қарши препарат сифатида ишлата бошлади. Компания масъуллари фикрига кўра, препаратнинг иситма ва кислород борасидаги батафсил таҳлиллари апрель ойларида эълон қилинади. Актерма ва кевзара ILL-6 иммун тизими оқсилларига қаратилган сунъий антитана малҳами бўлиб, асосан укол ёрдамида танага юборилади. Малҳамдан ҳозирда коронавирусга қарши восита сифатида фойдаланишаётган бўлса-да, клиник тадқиқотлар натижаси ёз ойларида очиқланади.
COVID-19 га қарши сунъий антитана
Тиббиётда сунъий антитаналар турли касалликларга қарши муолажада кенг қўлланилади. Regeneron компанияси сунъий антижисмлардан Эбола вирусига қарши курашда сезиларли муваффақиятга эришди. Айни пайтда компания антижисмларни Sars-CoV-2 га қарши синовлардан ўтказмоқда. Таҳлиллар натижаси сентябрь ёки октябрь ойларида маълум қилинади.
Клиник тадқиқотлар ижобий натижа берса, мазкур препарат куз ойларига келиб сотувга чиқарилади ва коронавирусдан зарарланган оғир аҳволдаги беморларни соғайишига ёрдам беради. Канаданинг ElyLilly стартапи, Biogen ва Vir Biotechnology каби компаниялар ҳам антитаналар устида бош қотирмоқда. Антитаналардан вируснинг профилактикаси борасида ҳам қўлланилиши мумкинлиги айтилаётган бўлса-да, клиник тадқиқотлар учун анча вақт керак бўлади.
Вирусга қарши янги препаратлар
Ҳозирда Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси Sars-CoV-2 вирусига қарши вакциналар ишлаб чиқариш борасида тадқиқотларни бошлаб юборган. Бу жараён эса барча ишни нолдан бошлаш керак деганидир. Ремдесевир каби синалган усуллардан бири топиладиган бўлса, коронавирусга қарши тиббиёт малҳами топилиши жараёни янада тезлашиши мумкин. Таҳлиллар натижаси 2021 йилнинг баҳорида кутилмоқда.
Вакциналар
COVID-19 вирусига қарши вакциналарни яратиш тез амалга ошиши мумкин. Бунинг йўли ҳали тиббиётда кенг қўлланилмаган иммунитет ҳосил қилувчи протеин ҳужайраларини яратишга ёрдам берадиган информацион рибонуклеин кислоталаридан фойдаланишдир.
Айни пайтда мазкур жараён билан Moderna, Pfizer ва BioNTech каби фармасевтик компаниялар иш олиб бормоқда. Мазкур ёндашув асосида вирусга қарши вакцина топиш 1-1,5 йилни ўз ичига олади. Ишлаб чиқариш қувватларини ҳисобга оладиган бўлсак, препарат яратилган тақдирда ҳам барчани вакцина билан таъминлаш мураккаб вазифага айланади.
Вирус билан касалланганлар сони ортиб борар экан, тиббиёт олимлари ҳам мунтазам ҳаракатда. Барча яна аввалгидек ҳаёт тарзига қайтишни хоҳлайди. Аммо Takeda компаниясининг вакциналар ишлаб чиқаришга масъул бўлган ходими Ражив Венкая айтганидек, «компаниялар вирусга қарши малҳам ишлаб чиқардик деб айтиши ҳам мушкул, сабаби вакцина яратишга киришиш бу ҳали вакцина яратилади дегани эмас».
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)