Украина 17 миллиард долларлик тезкор тикланиш режасини амалга ошириш учун ҳали «бир сент ҳам» олгани йўқ, деди мамлакат президент Владимир Зеленский. Бу ҳақда у Берлинда ўтказилган Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро конференциядаги онлайн нутқи чоғида гапирди.
Шунингдек, у ракета ҳужумлари оқибатида мамлакат энергетика секторининг учдан бир қисмидан кўпроғи вайрон бўлганини айтди.
«Россия қишдан омон чиқишимизни қийинлаштириш учун ҳамма нарсани йўқ қилмоқда», —деди Зеленский.
Германия канцлери Олаф Шольц Берлиндаги конференциянинг очилиши олдидан у «XXI аср Маршал режаси»ни яратишга бағишланишини айтган.
Шольц Европа Иттифоқи раҳбари Урсула фон дер Ляен билан биргаликда Frankfurter Allgemeine Zeitung учун мақоласида Украинани қайта тиклаш режасини таклиф қилган ва уни «XXI асрнинг янги Marshall режаси» деб атаган эди.
Шольц ва фон дер Ляен мақоласида Украина Евроиттифоққа аъзо бўлиш учун номзод эканини эслатди. «Шунинг учун қайта тикланиш сари йўл — Украинанинг Евроиттифоққа томон йўли ҳамдир», — дейилади мақолада. Уларнинг фикрича, «тинчликка ҳали анча бор бўлса-да» мамлакатни тиклаш ҳақида тезроқ ўйлаш керак. Украина «тезда оёққа туриши» учун вайрон бўлган турар жой бинолари, мактаблар, йўллар, кўприклар, энергетика инфратузилмасини тиклаш масаласи ҳозирдан ҳал қилиниши зарур.
«Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳарбий амалиётлар оқибатида Украинага етказилган зарар 350 миллиард еврони ташкил этади», — дейилади мақолада.
«Marshall режаси» АҚШ давлат котиби Жорж Marshall томонидан 1947 йил 5 июнда, унинг Гарвард университетидаги нутқи чоғида таклиф қилинган эди. Ўша йили Парижда уни муҳокама қилиш учун Европа мамлакатлари конференцияси чақирилди, иштирокчилар Ғарбий Европага зарур бўлган тўрт йиллик кредитлар қийматини аниқлади. АҚШ Конгресси «Marshall режаси»ни 1948 йилда тасдиқлади. У Чет давлатларга кўмак бериш бўйича тўрт йиллик дастур тўғрисидаги қонун доирасида амалга оширилди, умумий сумма 12,4 миллиард долларни ташкил қилди.
Изоҳ (0)