Асосий макияж юзни янгилаши, ҳатто визуал тарзда бир неча йилга ёшартириб кўрсатиши мумкин. Бунинг учун эса юзингизга мос косметика воситаларини танлаш ва улардан тўғри фойдаланишни билиш кифоя. Қуйида кундалик макияжда осонгина қўллаш мумкин бўлган 5 самарали гўзаллик усулини билиб олинг.

Ёш ўтган сайин кўз, ёноқ ва лаб соҳаларидаги ҳажм ва нафислик йўқола бошлайди. Аммо бир нечта оддий усуллар ёрдамида юз чизмаларига яна ёрқинликни бағишлашингиз мумкин.
Ёноқларнинг “олма” қисмига кремли румяна суртиш

Юзни янгилашнинг энг содда ва тезкор йўлларидан бири — ёноқларнинг “олма” қисмига бир оз кремли румяна суриш. Бу усул юзнинг ўрта қисмини кўтаришга ва енгил лифтинг-эффект яратишга ёрдам беради. Актриса Эмилия Кларк айнан шундай содда усулдан тез-тез фойдаланади. Унинг макияжи ҳар доим жонли ва табиий кўринади, румяна эса янгиланиш қўшади.
Нега айнан кремли текстуралар? Улар осон сурилади, ҳатто бармоқлар билан ҳам яхши ёйилади ва тери фактурасини ажратиб кўрсатмайди. Шунчаки табассум қилинг, ёноқларнинг чиқиб турган жойига озгина румяна суринг ва чакка томон ёйиб чиқинг. Натижада табиий румяна, юмшоқ чизмалар ва визуал тарзда янги кўриниш ҳосил бўлади.
Совуқ ранг ўрнига тиниқ табиий ранглар

Совуқ ранглар аста-секинлик билан ўтмишда қолмоқда. Улар терининг оқариб кўринишини кучайтиради, чарчоқни ва ёшга боғлиқ ўзгаришларни бўрттиради. Энди уларнинг ўрнига тиниқ табиий ранглар ишлатилмоқда. Улардан шафтоли, пушти, ўрик ранглари терига илиқлик, макияжга эса енгиллик ва янгиланиш ҳисси беради. Масалан, актриса Сабрина Карпентерни олайлик, ушбу нафис образда илиқ пуштиранг лаб ва ёноқларда акс этган. Бу эса унинг юмшоқ чизмаларини кўрсатиб, юзга табиийлик қўшган.
Табиий ранглар, айниқса, румяна, лаб бўёғи ва тенларда яхши кўринади. Юз терисига қараб тўғри ранг танлаш муҳим. Қорачадан келган юз учун — карамел ва маржон ранглар, нейтрал тери учун — пушти-беж, оч тери учун эса — нозик шафтоли ва пушти ранглар. Энг муҳими ранг юз териси билан бирлашиб кетмасин, балки “ички порлаш” эффектини берсин.
Кўзнинг ички бурчагига оч консилер

Кўз ички бурчагига оч рангдаги консилер суриш — қарашни “уйғотади” ва чарчоқ изларини яширишнинг тезкор усули. Айнан шу зона кўпинча соя солади, бу эса юзга маъюслик ва чарчаган кўриниш беради. Агар ялтироқ таъсирга эга (тонал кремдан ярим тон очроқ) консилерни бир оз суриб, бир текисда ёйилса, қараш очиқроқ, юз эса дам олгандек кўринишга эга бўлади.
Консилерни нуқтали тарзда қўлланг: аввал бурун ёнидаги ички бурчакка, кейин пастки қовоқ остида, марказга яқин жойда бир оз ёйинг.
Енгил, намловчи текстуралар энг маъқули. Улар майда ажинларга ботиб кетмайди ва терига юмшоқ ялтираш беради. Бу усул айниқса уйқуга тўймаган ёки мураккаб макияжсиз бардам кўринмоқчи бўлган пайтларда жуда асқатади.
Аниқ контурсиз табиий қошлар

График чизиқларга эга аниқ ва қуюқ қошлар визуал тарзда ёшга ёш қўшиши мумкин. Улар юз чизмаларини кескинлаштиради, қарашни оғирлаштиради. Макияжни ҳақиқатан чиройли қилиш учун эса — юмшоқ, табиий кўриниш бериш маъқул. Буни, масалан, Ариана Гранденинг макияжида кўриш мумкин: енгил, ёйилган қошлар кўзларга урғу беради, аммо бутун диққатни тортмайди ва образни юмшоқ сақлаб қолади.
Тўқ рангли қалам ўрнига қошлар учун тен, пудра ёки тушдан фойдаланинг. Маҳсулотни туклар йўналишида енгил чизиқлар билан суринг, сўнг чўтка билан ёйиб чиқинг. Натижада қошлар силлиқ ва табиий кўринади. Рангни эса табиий қош рангига мос ёки бир оз очроқ танланг. Бу қарашни юмшатади, кўзларни очади ва юзга енгиллик беради.
Лаб устига, бурунга ва ёноқларга ҳайлайтер

Ҳайлайтер — терига порлаш ва юзга янгиланиш кўринишини берувчи тезкор восита. Муҳими — меъёрни билиш ва тўғри текстура танлаш.
Майда ялтирашлар ёки сатен эффектли маҳсулотлар энг яхшиси. Улар енгил, нафис порлаш ҳосил қилади, ажинлар эса кўринмайди. Марго Робби макияжида бу усулни очиқ кўриш мумкин: порлаш табиий кўринади, юз релефига урғу беради.
Ҳайлайтерни нуқтали тарзда суринг: ёноқнинг юқори қисми, бурун учи, қош усти, лаб устига. Бу урғулар юзга ҳажм ва енгиллик қўшади. Айниқса, кундузги ёруғликда ҳайлайтер гўё ичкаридан порлаётгандек эффект беради. Агар тери қуруқликка мойил бўлса, кремли текстуралар танланг: улар текис ётади, қуриб қолган жойларни таъкидламайди ва кун давомида нафис ялтирашни сақлайди.
Ҳар кунги образга ушбу оддий усуллардан бир-иккитасини қўшинг ва ойнада янгиланган, порловчи, ишончли ва қувватга тўла юзингизни кўрасиз.
Изоҳ (0)