“Толибон” ҳаракати аъзолари яширин гўзаллик салонларидаги аёлларни пардоз-андоз қилгани учун қўлга олмоқда. Бу ҳақда Etilaatroz хабар берди.
Маълум қилинишича, “Толибон” томонидан гўзаллик салонлари ва сартарошхона эгаларининг таъқиб қилиниши туфайли кўплаб қизлар ҳатто тўйи арафасида ҳам уларга ташриф буюришдан қўрқади.
“Толибон” яширин аёллар салонларига кириб, аёлларни ушлаётганини эшитганман. Шунинг учун мастердан ҳаётимнинг бу муҳим кунида на мен, на оиламга муаммо туғдирмаслик учун имкон қадар тезроқ “укладка”, пардоз қилиб беришини сўрадим, дейди келинлардан бири.
Салон эгаси бўлган аёллардан бири, доимо мижозларидан салоннинг жойлашуви ҳақида бошқаларга айтмасликни сўрашини таъкидлади. Яна бир гўзаллик салони эгаси Фериҳага кўра, “Толибон” унинг салонига 3 марта келиб, сартарошлик фаолияти жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, таҳдид қилган.
Биринчи ва иккинчи сафар салонда бўлмаганимда, улар мени қўшниларимдан излаб топди, шунингдек, онамни сартарошлик тақиқлангани ҳақида огоҳлантирганлар, дейди Фериҳа.
“Толибон” босими ва бошқа даромад манбаларининг йўқлиги туфайли аёллар барча иш ускуналарини уйнинг ертўласига кўчиришга ва ноқонуний ишлашни давом эттиришга мажбур бўлди. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг июль ойида “Толибон” Афғонистондаги барча сартарошхоналар ва гўзаллик салонларини ёпишни буюрганди.
Изоҳ (0)