Президентнинг 23 апрелдаги қарорига асосан, Тошкент давлат тиббиёт университети ректори лавозимига Шуҳрат Боймурадов тайинланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, ушбу университет Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида ташкил этилади. Университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.
Ҳужжатга кўра, турдош йўналишдаги ОТМларни уларнинг қуввати, илмий салоҳияти ва бошқа кўрсаткичларидан келиб чиқиб йириклаштириш ҳамда тиббий таълим тизимида кадрлар тайёрлашни самарали ташкил этиш мақсад қилинган.
Университетга талабаларни ўқишга қабул қилиш 2025/26-ўқув йилидан бошланади. 2025/26-ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини университетда давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда университет дипломи берилади.
Янги ташкил этилган университетга ректор деб тайинланган Шуҳрат Боймурадов шу кунга қадар Тошкент тиббиёт академиясида ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида ишлаб келаётганди.
Изоҳ (0)