Жорий йил 5 март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда коррупцияни бартараф этиш юзасидан бажарилган ишлар ва келгусидаги вазифалар танқидий–таҳлил қилинди.
Маиший коррупция улуши кўп
Ўзбекистонда коррупция жиноятлигига қарамай республика дунёнинг энг коррупциялашган давлатларидан бирилигича қолмоқда. Бу ҳақда Transparency International ташкилоти эълон қилиб келаётган индексларда қайд этилган. Масалан, ташкилотнинг 2024 йилда 180 та давлатни қамраган коррупция рейтингида Ўзбекистон 121-ўринни эгаллаган. Умумий 100 баллик баҳолашдан бор–йўғи 32 балл тўплаган. Жами 50 баллдан паст натижа давлатда коррупция юқори даражада эканини англатади. Шу боис, муаммога қарши курашиш бугун янада долзарб аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда бу масала кенг таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, ҳозир Ўзбекистонда коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилмоқда. Жумладан, инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби йўналишларда коррупция омиллари кўп.
“Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади”, деган президент.
Мажлисда жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани қайд этилди.
Амалдорлар даромади ва юриш–туриши назоратга олинади
Йиғилишда янграган муҳим янгиликлардан бири давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш вақти келгани айтилди. Президент мутасаддиларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача парламентга киритишни топширди.
Аслида мазкур қонун президент фармони асосида 2022 йил 1 январдан кучга кириши белгиланганди. Ҳужжатда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат хизматчилари, корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини мажбурий декларациялаш тизими жорий этилиши кўрсатилган. Аммо турли важлар билан қонунни қабул қилиш жараёни кечиктирилиб келинмоқда.
“Коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз зарур. Аввало нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозим. Бу – энг тўғри йўл”, деди президент.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчиликка ноқонуний бойлик орттириш ҳақида модда киритиш таклиф этилган. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади.
“Коррупцияни енгиш учун биринчи навбатда унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган ўқ илдизларини қуритишимиз шарт. Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўляпти. Одамлар уларга тенглашаман деб, ўзини ўтга-чўғга уряпти. Бу борада айрим раҳбарлар ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиш ўрнига, бундай сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳам бор гап”, деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев парламент палаталари, маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла раислари, нуронийларни бу масалага бош-қош бўлиб, аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.
Судга аралашганлик учун жавобгарлик қаттиқ бўлади
Йиғилишда суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани маълум қилинди.
“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”, деди президент.
Одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳим. Бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олишлари учун имконият яратиш керак. Мажлисда мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топшириғи берилди.
Секторлар тугатилади
Мажлисда солиқ идоралари ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилгани билан тушумлар кескин ошмагани айтилди. Масалан, минглаб корхона ҳисоботларида бирорта ҳам ходим йўқ деб кўрсатган бўлса, яна минглаб корхона 2 ёки 1 нафар ишчи кўрсатмоқда. Бу солиқ идоралари яширин иқтисодиёт билан суст ишлаётганидан далолатлиги кўрсатиб ўтилди.
Инсофли тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи 7 кун ичида қайтариб берилиши белгиланган. Бироқ солиқ раҳбарлари тадбиркорларнинг 487 миллиард сўмлик 2,5 мингга яқин мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқмаган.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти бундан 8 йил илгари йўлга қўйилган. Унинг ёрдамида йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал этилди. Аммо сўнгги йилларда прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторни баҳона қилиб, соҳасидаги ишларни сусайтириб юборгани танқид қилинди.
“Бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ шуғулланмайди. Уларнинг ўрнига бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими билан шуғулланади. Прокуратура, ички ишлар, солиқ раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: сектор ишидан озод қилиш бу — эски даврга қайтиб, аҳоли ва тадбиркорларга ҳар қадамда тўсиқ, коррупцияга шароит яратиш, дегани эмас”, деди давлат раҳбари.
Мажлисда айрим туман ва шаҳар ички ишлар раҳбарлари статистикани яхшилаш учун жиноятни яшираётгани, рўйхатга олишни ойлаб чўзиб юргани айтилган.
Янги ички ишлар вазирига ҳар бир маҳалладаги профилактика масканларини кузатув камераси ва ҳар бир инспекторни бодикамера билан таъминлаб, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олиш бўйича янги платформани ишга тушириш топширилди. Жиноятларни ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Прокурорлар тергов устидан назоратни сусайтириб юборгани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, судлар томонидан 637 та жиноят иши камчиликлари учун терговга қайтарилган.
Бош прокуратура тергов сифатини ошириш ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича янада қаттиқ ишлаши кераклиги қайд этилган. Бош прокуратура ҳам, ички ишлар вазирлиги ҳам уйғониши, янгича ишлаб, бир-бирини тийиб туриши лозимлиги таъкидланди.
Давлат харидларида шаффофлик масаласи
Йиғилишда манфаатлар тўқнашуви, қиммат нархда товар сотиб олиш ёки хизмат кўрсатиш асосан давлат харидларида кузатилаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Тўғридан-тўғри сотиб олса бўладиган 50 дан ортиқ товар ва хизмат турлари мавжуд. Лекин бирорта раҳбар буни рўйхатдан чиқарайлик, ҳамма танлов қилиб олсин, нарх арзон бўлади, деган таклифни билдирмади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатасига парламентнинг бюджетга масъул қўмиталари билан биргаликда тўғридан-тўғри харидларни икки карра қисқартириш топширилди. Йил якунигача сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарда.
Шу билан бирга, мазкур йўналишда Эксперт комиссияси тузилиши белгиланди. Комиссия илғор тажриба асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформа яратиб, ундаги маълумот янгиланиб турадиган тизим қилади. Бунда, давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ўртача бозор нархидан кўпи билан 20 фоиздан ошмаслиги шарт. Мазкур талабни бузганлик учун қонун билан жавобгарлик ва жарималар жорий қилинади.
Мулоқотда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олинаётган товарларни ҳам тартибга солиш вақти келгани таъкидланган. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилиши белгиланган. Хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобиль ва мебелга ўтиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда йирик лойиҳаларни юқори даражадаги коррупцияга қарши стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш тизими кучайтирилиши ҳам муҳим янгилик бўлди.
“Мутасаддиларга бундай инвестиция лойиҳаларида халқаро коррупцияга қарши стандартларни жорий этиш, йирик аукцион шартларини рақобатдошлик экспертизасидан ўтказишни йўлга қўйиш топширилди. Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” платформаси қамрови оширилиши, халқаро ташкилотлар лойиҳаларига ҳам босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланди. Бу ишлар халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги қурилишларда субпудратчиларни ёллаш ва 1 миллион долларгача бўлган лойиҳалардан бошланади”, дейилади хабарда.
Коррупция агентлиги танқид остида
Президент йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан мутлақо норозилигини айтган. Агентлик ходимлари вазирликларга, ҳудудларга бориб, аниқ бир соҳани таҳлил қилиб, муаммоларга ечим бериш ўрнига, қўзғатилган жиноят ишларини санайдиган қуруқ статист бўлиб қолгани таъкидланган.
Агентлик раҳбарияти коррупция ҳолати энг кўп бўлган туман соғлиқни сақлаш, бандлик бўлими ёки банк филиалига бориб, ҳолатни ўрганмагани, янги замонавий тизим бўйича таклиф бермагани кўрсатиб ўтилди. Ушбу соҳаларнинг бевосита раҳбарларининг ўз тизимини “коррупциядан холи” қилиш ишлари сустлиги маълум қилинган.
Президент топшириғи билан инвестиция дастурлари устидан назорат кучайтирилганидан кейин ўтган йилни ўзида 3 триллион сўм иқтисод бўлди. Ёки соғлиқни сақлаш тизимида “Ситуацион марказ” ишга туширилгани ҳисобига 2024 йилда 1,2 триллион сўмлик мақсадсиз харажатларнинг олди олинди.
“Лекин нега бу ишлар президент топшириқ берганидан кейин бошланиши керак?”, дея савол қўйган давлат раҳбари.
Парламентдаги бюджет қўмиталарида ҳам ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирликка бориб, коррупциявий омилларни аниқлашда ва ўзгариш қилишда ташаббускорлик етишмаётгани қайд этилди.
Бош вазирга 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш, уларни олдига аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди.
Вазирликларнинг ҳудудий комплаенс ходимларини бевосита вазирни ўзи ишга қўйиши, ўзига сиёсий масъулият олиб, бутун тизимидаги коррупция учун шахсан жавоб бериши белгиланди.
“Агентликнинг иш услуби мутлақо ўзгаради. Бунинг учун тажриба тариқасида 5 та идора: Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот”нинг комплаенс назорати агентликка ўтказилади. Йил якуни билан бу вазирликларда қанча коррупциявий омилларни бартараф қилгани, одамларга қандай енгилликлар бўлгани ҳақида Миллий кенгашда ҳисобот беради”, дейилади манба хабарида.
Шу ибалн бирга, агентлик вазир, ҳокимлар билан бирга ҳар чоракда коррупция юқори бўлган камида учта соҳада тумангача тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади. Таҳлиллар асосида қайси жараённи рақамлаштириш, қайси бюрократик тартибни бекор қилиш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқади.
Икки ойда халқаро рейтинг ташкилотлари тавсияси асосида “йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ҳар бир вазирлик ва идорага қилинадиган ишлар аниқ белгилаб берилади. Сусткашликка йўл қўйган раҳбарларни жазолаш бўйича таклиф киритилади.
Яна айрим масалалар
Йиғилишда ҳозирда қонунчиликда коррупциявий жиноятларнинг аниқ рўйхати йўқлигига эътибор қаратилган. Парламент тасдиқлаган қонунда асосан жазони кучайтиришни ўзи билан чекланиб қолингани, коррупцияни олдини олиш, одамларни бунга тоқатсизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш, жиноятни фош этишга ёрдам берганларни рағбатлантириш каби масалалар акс этмагани кўрсатиб ўтилган. Президент бу қонунни қайта ишлаш учун қайтаришини айтган.
Шу билан бирга, йиғилишда жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни ҳам халқаро стандартларга мослаштириш лозимлиги қайд этилган.
Ҳозирги технологиялар даврида коррупциянинг янги, рақамли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Шу боис янги ўқув йилидан Ички ишлар ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияларида бу йўналишда мутахассис тайёрлаш бошланади. Лекин бундай турдаги жиноятларни аниқлаш ва олдини олишда фақатгина замонавий кадрларни ўзи етарли эмас.
Йиғилишда халқаро тажрибани ўрганиб, киберкоррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш зарурлиги таъкидланган. Мансабдорлик ва маиший коррупция омилларини таҳлил қилиш, уларни олдини олиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш зарурлиги айтилган.
Изоҳ (0)