Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхонов буни асоссиз ва фейк деб атади.

“Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги мавжуд визасиз тартиб ўз кучида қолмоқда”, дейди вазирлик вакили.
Унинг таъкидлашича, расмий манбалар бундай чоралар жорий этилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Аҳрор Бурхонов фуқароларни фақат расмий ва тасдиқланган манбаларга ишонишга чақирди.
Яқинда Дубайда ўзбекистонлик икки жиноий гуруҳ ўртасида кескин тўқнашув содир бўлиб, бу пичоқбозлик билан якунлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. ТИВ матбуот котиби мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирганди.
2024 йил 16 февралдан бошлаб Дубай Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз борадиган шаҳарлар қаторига кирганди. Ўзбекистон фуқаролари 30 кундан ошмаган муддатда БАА ҳудудида бўлиши даврида виза талабларидан озод этилди.
Изоҳ (0)