Ўзбекистон терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби футболчиси Абдуқодир Ҳусановга Mersedes-Benz Г-Cласс (Гелендваген) русумли автомашина совға қилишди.

Футболчи бугун, 17 март куни Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари доирасидаги Қирғиз Республикаси ва Эронга қарши учрашувларида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди. Шундан кейин ҳимоячига нархи тахминан 350 минг доллар турадиган автомобилни совға қилишгани ҳақида видео ва фотолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Маълум бўлишича, асли қозоғистонлик ўзбек футбол функционери Улуғбек Асанбаев қимматбаҳо автомобилни май ойида оила қуришни мўлжаллаётган Ҳусановга тўёна қилган.



Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоалар фан-клуби раиси ва блогер Абдураҳмон Фозиловнинг хабар беришича, Ҳусанов ЖЧ саралаши доирасидаги 25 март куни бўлиб ўтадиган Эронга қарши баҳсдан кейин Англияга қайтиб кетади.
Унинг Теҳрондан Манчестерга хавфсиз қайтиши учун “шаҳарликлар” раҳбарияти Эронга самалёт жўнатади, дейди Абдураҳмон Фозилов.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари учун бугун, 17 март куни йиғинга киришади. “Оқ бўрилар” 20 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Қирғиз Республикасига қарши майдонга тушса, 25 март куни Теҳрондаги “Озоди” стадионида Эрон билан ўйнайди.
Изоҳ (0)