Навоий вилоятининг Конимех туманида Ўзбекистонда илк маротаба ёмғир ёғдириш технологияси қўлланмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Узоқ йиллар давомида туманда ёғингарчиликнинг камлиги, қурғоқчилик ва сув танқислиги чорвачиликнинг ривожланишига жиддий тўсиқ бўлиб келаётган эди. Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида туман ҳокими Руслан Рузаев ташаббуси билан биринчи бор туманга ёғингарчиликни сунъий равишда юзага келтирувчи замонавий аппарат олиб келинди.
Ушбу аппарат орқали атмосферадаги табиий жараёнларга таъсир кўрсатиб, булут ҳосил қилиш ва ёмғир ёғдириш имкони яратилади.
Вилоят ҳокимлиги берган маълумотга кўра, ушбу инновацион лойиҳа Қозоғистоннинг International centre of climate change technologies компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Яйловларда ёмғир ёғдириш инновациясини қўллаш орқали Конимехнинг чўл ҳудудларида чорвачиликни ривожлантириш мақсад қилинган. Мазкур технология туманда қурғоқчиликка қарши курашишда кенг қўлланилади.
2024 йилда “Ўзбеккосмос” Бухоро ва Навоийда 35 гектардаги қум ва шамолни ушлаб қолувчи чўл ўсимликлари қопламаси йўқолиб кетганини аниқлаганди. Шу муносабат билан президент мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ушбу 2 та вилоятнинг чўл ва ярим чўл ҳудудларида “яшил” майдонларни кўпайтириш бўйича дастур ишлаб чиқишни топширганди.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши бўйича 2025 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасида булутлардан сунъий ёғин ёғдириш усуллари ва технологияларини ўрганиш ҳамда технологияни келгусида Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш масаласини кўриб чиқиш белгиланган.
2025 йил августгача ишчи гуруҳни шакллантириш, услуб ва технологияларни ўрганиш, методларни аниқлаш ва самарадорлигини баҳолаш, мазкур технологияни маҳаллийлаштириш имкониятларини таҳлил қилиш режалаштирилганди. 2025 йил сентябрда лойиҳани амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, октябрь ойида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)