Кипрнинг Арадипу шаҳрида раққос Динос Кантис бошига стаканлар жойлаштириб, анъанавий “Шиша рақси”ни ижро этди. Бу рақс Гиннес рекордини янгилаши мумкин. Бу ҳақда in-cyprus хабар берди.

Рақс давомида Кантис бошига ортиб бораётган шиша стаканларни жойлаштиришни давом эттирди. Томошабинлар уни халқ мусиқаси остида иштиёқ билан қўллаб-қувватлашди. Раққос ижро давомида бирорта ҳам хатога йўл қўймай, ҳаракатларни моҳирона тарзда амалга оширди.

Раққос 468 та шароб стаканини бошига қўйиб, рақсга тушишни уддалади. У аввалги рекордни, 319 та стакан билан ўрнатган Аристотелис Валаоритиснинг натижасини ортда қолдирди.
Мен орзуни ҳақиқатга айлантирдим. Бу рекордни ватанимда янгилашни хоҳлагандим ва уни амалга оширдим. Мен эришган ҳар бир ютуқ акам Зачариас учун. Бугун бутун Арадипу бирлашди. Бу бизнинг ҳамжамиятимиз учун эди, деди Динос Кантис.
Кантиснинг чиқишидан видео ва бошқа далиллар Гиннес рекордлари ташкилоти томонидан кўриб чиқилиши керак. Кейинроқ бу рекорд расман тасдиқланиши мумкин.
Изоҳ (0)