Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Самарқанд шаҳрида амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув аввалида Лавров давлат раҳбарига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда Ўзбекистон—Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Барча йўналишларда фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар олиб борилаётгани қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ошмоқда. Ҳудудлар ва етакчи саноат корхоналарининг кооперацияси кучаймоқда. Маданият, санъат, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.


Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Сергей Лавров 22 апрель куни Самарқандга етиб келганди. 23 апрель куни у Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан учрашиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.
Вазирлик вакили Мария Захарова Музокаралар чоғида вазирлар халқаро масалалар, минтақавий хавфсизлик, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Марказий давлатлар ҳамдўстлиги ва “Марказий Осиё—Россия” доирасидаги ҳамкорликка эътибор қаратилишини, Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинишини айтганди.
Изоҳ (0)