2025 йил 1-чорагида республика умумий экспорт тушумининг 44 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.

Жорий йил январь–март ойларида Ўзбекистон экспорти ҳажми 8,1 млрд долларни ташкил этиб, 2024 йил мос давридагидан 24,4 фоизга кўпайди. Мазкур ўсиш Марказий банк олтинни юқори қийматда сотгани билан боғлиқ.
Дастлабки чоракда мамлакат қарийб 3 млрд 570 млн долларлик олтин экспорт қилди (жами экспортнинг 44 фоизи). Ўтган йиллар илк чоракларидаги кўрсаткичлар билан таққослаганда бу анча юқори қиймат ҳисобланади. Масалан, 2024 йилнинг илк уч ойида 2 мрлд 664 млн долларлик олтин сотилган.
Ҳатто мутлақ рекорд даражада (8,1 млрд долларлик) олтин экспорт қилинган 2023 йилнинг январь–март ойларида ҳам 2,4 млрд долларлик қимматбаҳо металл сотилганди.
Республика 2021 йил мос даврида 1 млрд долларлик, 2022 йил 1-чорагида 2 млрд 970 млн долларлик олтин экспорт қилган. 2020 йил мос даврида қимматбаҳо металл сотилмаган.
Қолган йиллар 1-чоракларидаги олтин сотувлари қиймати қуйидагича бўлган:
- 2015 йил 823,9 млн доллар;
- 2016 йил 375,1 млн доллар;
- 2017 йил 388,7 млн доллар;
- 2018 йил 1,3 млрд доллар;
- 2019 йил 1,2 млрд доллар.
Аввалроқ Марказий банк жорий йил февралида 1,73 млрд долларлик қимматбаҳо металлни хорижга экспорт қилгани, январда эса олтин сотилмагани хабар қилинганди. Бундан чиқди, март ойининг ўзида 1,8 млрд доллардан ортиқ қийматда олтин экспорт қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 22 апрель ҳолатига олтиннинг халқаро нархи тарихий рекорд даражада қимматлашиб, бир унсияси учун 3509 долларга етди. Кейинчалик нарх бир оз пасайган.
Изоҳ (0)