Энди қандли диабет хавфини аниқлаш учун қон топшириш шарт эмас. Токио университети тадқиқотчилари қандли диабет хавфининг асосий кўрсаткичи ҳисобланган глюкоза даражасини бошқаришни баҳолашнинг ноинвазив усулини ишлаб чиқишди. Уларнинг усули танага тақиладиган ва реал вақт режимида қондаги қанд миқдорини кузатиб борадиган узлуксиз глюкоза мониторлари (CGM) маълумотларини таҳлил қилишга асосланган. Тадқиқот натижалари Communications Medicine (CМ) журналида эълон қилинди.

Қандли диабет кўпинча “сокин эпидемия” деб аталади. Касаллик сезилмай ривожланади ва асоратлари жиддий бўлиши мумкин. Даврий қон таҳлилларига асосланган анъанавий ташхис усуллари ҳар доим ҳам эрта бузилишларни — айниқса глюкоза даражаси ҳали меъёрда, аммо беқарорлаша бошлаган оралиқ босқичларни аниқлай олмайди.
Маълум бўлишича, AC_Var 2-тур қандли диабет ривожланиш хавфининг тан олинган индикатори — диспозиция индекси билан чамбарчас боғлиқ экан. Бошқа кўрсаткич — глюкозанинг стандарт оғиши билан биргаликда бу модел юрак ишемик касаллиги каби хавф ва асоратларни башорат қилишда анъанавий тестлардан аниқроқ натижа кўрсатган.
“Яратилган алгоритм глюкоза даражасининг тебранишлари бўйича гликемик назорати бузилган бир нечта беморларни аниқлаш имконини берди. Стандарт тестлар эса беморларнинг метаболизми меъёрда эканлигини кўрсатган эди. Бу шуни англатадики, биз қандли диабет ривожланишининг дастлабки белгиларини аниқлай оламиз ва ташхис расман қўйилишидан олдин чора кўришимиз мумкин”, дейди Токио университети профессори Синя Курода.
Усулни имкон қадар қулай қилиш учун тадқиқотчилар, беморлар ва шифокорлар мустақил равишда CGM маълумотларини таҳлил қилишлари ва хавфни баҳолашлари мумкин бўлган веб-иловани ишлаб чиқишган.
Изоҳ (0)