2025—2027 йилларда 303,6 млн кВт соат электр энергияси ва 7,3 млн куб метр табиий газ иқтисод қилинади. Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.

Келтирилишича, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Энергетика вазирлиги ва Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда энергия сарфи юқори бўлган 34 та корхоналарда энергия аудити ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек, энергия самарадорликни оширишга қаратилган энергия ресурслари истеъмолини қисқартириш дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра 2025—2027 йилларда 303,6 млн кВт соат электр энергияси ва 7,3 млн куб метр табиий газни иқтисод қилиниши белгиланди.
Хусусан, белгиланган чораларни амалга ошириш натижасида 2025 йилда 43,5 млн кВт соат электр энергияси ва 6,7 млн куб метр табиий газ, 2026 йилда 121,2 млн кВт соат электр энергияси ва 659 минг куб метр табиий газ ва 2027 йилда эса 138,9 млн кВт соат электр энергияси иқтисод қилинади.
Жорий йилнинг январь—март ойларида 33,1 млн кВт соат электр энергияси ва 10,9 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинди. Шунингдек, бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига январь—март ойларида 606 минг кВт соат электр энергияси сарфи камайди.
Ташкилий-техник чора-тадбирлар, электр ускуналарни капитал таъмирлаш ҳисобига 10 минг кВт соат электр энергияси иқтисод қилинди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги “Бекободцемент” АЖда кўмир ёқилғисига ўтиши натижасида жорий йилнинг I чорагида 10,9 млн куб метр табиий газ иқтисод қилинди.
Электр ва газ қурилмаларини ўрнатиш тартиби ўзгартирилди
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг “Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.
Ҳужжат билан эндиликда энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида ўрнатиладиган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари Мажбурий ижро бюроси вакилининг иштирокисиз уланади, рўйхатга олинади ва пломбаланади.
Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобидан олинган электр энергияси улуши 9,38 фоизга тенг бўлди.
Таққослаш учун бу кўрсаткич:
- Тожикистонда — 89,37 фоиз;
- Қирғизистонда — 85,92 фоиз;
- Арманистонда — 26,57 фоиз;
- Украинада — 19,74 фоиз;
- Россияда — 17,57 фоиз;
- Қозоғистонда — 12,76 фоиз;
- Молдовада — 9,68 фоиз;
- Озарбайжонда — 6,89 фоиз,
- Беларусда — 2,71 фоиз,
- Туркманистонда — 0,03 фоизни ташкил этган.
Жаҳон бўйича рейтингда Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси улуши бўйича 195 та давлат орасидан 154-ўрини эгаллади.
Альбания, Бутан, ЖАР, Конго, Непал, Парагвай рейтинг етакчилари бўлди. Ушбу давлатларда бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилган. Туркманистон рейтингда энг охирги ўринни олди.
Ўзбекистонда яшил энергетика
Ўзбекистонда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 18 фоизга етказиш мақсад қилинганини айтганди.
Шавкат Мирзиёев ўша йилнинг февралида бўлиб ўтган йиғилишда энергетика вазири ва вилоятлар ҳокимларининг муқобил энергетика соҳасидаги режаларидан норози бўлиб, икки-уч ой ичида 14 та қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, шунингдек, иккита насосли сақлаш станцияси лойиҳаларини бошлашга топшириқ берганди. Президент “яшил энергетика ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланди”, деб айтганди.
Ўзбекистонда аҳолининг энергия манбаларига талабини қондириш мақсадида ҳар йили кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижасида охирги 5 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 30 фоиз кўпайиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. 2025 йилда қуввати 65 мВт бўлган 1 185 та микро ГЭС барпо этилади.
Табиий газ ҳақида
Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатилиши сабаб 15 млн метр куб газ тежалди. Президентнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарорида ҳудудларда истеъмолчиларни муқобил энергия ресурсларидан фойдаланишга ўтказиш ҳамда энергия тежовчи технологияларни ўрнатиш орқали 2,5 миллиард кВт соат электр энергиясини ва 1,1 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилишга эришиш мақсадида бир қатор чоралар белгиланганди.
1 апрелдан табиий газнинг базавий меъёри 500 куб метрдан 100 куб метрга туширилиши айтилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилдаги 204-сонли қарори бўйича мазкур шкала март ойида ўзгариши белгиланганди. Бироқ март ойида ҳаво ҳароратининг паст бўлиши ва одатдагидан кўра совуқроқ келиши муносабати билан давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан иситиш мавсуми учун белгиланган 500 кубометр базавий меъёр 2025 йилнинг 1 апрелигача узайтирилганди.
Изоҳ (0)