Уч йил бурун Ўзбекистонда космонавтика соҳасини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилган эди. Аммо ўтган вақт давомида бу ташкилот нима иш қилаётгани, қандай режалар билан фаолият юритаётгани тўғрисида жамоатчиликка деярли маълумот берилмади. Ҳатто аҳоли орасида «Ўзбеккосмос» номли агентлик борлигини билмайдиганлар ҳам кўп бўлса ажабмас. «Дарё» мухбири 12 апрель — Халқаро космонавтика куни муносабати баҳона бир қанча саволларга жавоб олиш ниятида агентлик бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов билан суҳбатлашди.
— «Ўзбеккосмос» агентлигини ташкил этиш ҳақидаги илк ташаббус 2018 йилда билдирилган. 2019 йилда президент фармони имзоланиб, агентлик фаолияти йўлга қўйилди. Ташкилот биринчи матбуот анжуманини уч йилдан сўнг, яъни шу йилнинг март ойида ўтказди. Агентлик фаолияти кўпчиликка таниш эмасдек. Бунинг сабабларини қандай изоҳлайсиз?
— Ҳақиқатан, 2018 йили космос мавзуси кўтарилган. Бир йилдан кейин давлатимиз раҳбари фармонга имзо чеккач, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Ўзбеккосмос» агентлигига асос солинди. 2020 йилнинг ёзида агентликка раҳбар тайинланди ва йил якунига қадар жамоа шакллантирилди.
Бу вақт ичида «Ўзбеккосмос» нима иш билан шуғулланса, жамиятга, давлатга кўпроқ фойда келтиради, деган саволга жамоамиз билан жавоб топишга киришдик. Биринчи навбатда, Ўзбекистонга ҳар томонлама ўхшаш давлатлар, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа МДҲ, Европа, Осиё мамлакатларининг космос соҳасининг ривожланиш йўли, тажрибасини ўрганишга қарор қилдик, улардаги космик агентликлар нималар билан шуғулланишига қизиқдик.
Шунга гувоҳ бўлдикки, айрим давлатлар катта маблағ эвазига сунъий йўлдош учиргандан кейингина бу ресурсни қандай қилиб ишлатиш устида бош қотирган. Баъзилари эса босқичма-босқич космик технологияларни киритиб борган ва бозорни тайёрлаб, сўнг катта маблағ сарфлаган. Масалан, Қозоғистонда ерни масофадан зондлаш орқали маълумотларни аниқ, инсон омилига боғлиқ бўлмаган ҳолда олиш амалиёти 2018 йилдан бошлаб йўлга қўйилган. Бунинг натижасида, ноқонуний ҳолатлар аниқланган.
Биз ҳам геология, кадастр, сув ва қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, экология каби соҳаларда космик мониторингни жорий этишни мақсад қилдик. Шу орқали давлатга, иқтисодиётга, халққа катта ёрдам берган бўларканмиз. Буни қилиш учун миллиард-миллиард маблағ бўлиш шартмас.
Жамоамиз билан ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиб, уни ҳукуматга тақдим этдик. Қўллаб-қувватланганидан сўнг 2021 йилдан асосий фаолиятимиз бошланди. 2022 йилнинг мартида бўлиб ўтган матбуот анжуманида эса ўтган бир йил мобайнида амалга оширган ишларимиз бўйича оммавий ахборот воситалари олдида ҳисобот топширдик.
— Фаолияти нолдан бошланган агентлик кадрлар масаласини қандай ҳал қилмоқда? Космонавтларни тайёрлайдиган мактабни йўлга қўйиш режада борми?
— Бу ҳам ечимини кутаётган муаммолардан бири. Шу вақтгача космик соҳа учун кадрлар тайёрланиши мамлакат ичида йўлга қўйилмаган эди, олийгоҳларда йўналишлар ҳам бўлмаган. «Ўзбек коинот» номли ташкилот 2001 йилда тугатилган. Шундан сўнг бу соҳа тўхтаган десак, муболаға бўлмайди. 2018 йилдангина эътибор қаратила бошланди.
Кадрлар масаласини ҳал этишда Германия, Франция, Жанубий Корея, Россия сингари ўнлаб мамлакатлардаги олий ўқув юртларига мурожаат билан чиққанмиз, музокаралар давом этяпти. Ўзбекистондаги Турин, ЎзМУ, Инҳа каби университетлар билан меморандум имзолаганмиз. Кадрлар тайёрлаш билан бирга уларга имкониятлар яратиш устида ҳам жиддий бош қотириб, амалий ишларни қилишимиз зарур. Агар етарли шароит бўлмаса, тайёрлаган кадрларимиз ўқишни битиргач, ишлаш учун хорижга кетиши аниқ.
Шунингдек, олдимизда тадқиқот ўтказиш ва мутахассислар кўпайтириш масаласи ҳам турибди. Ҳар бир нарса фундаментал илмга бориб тақалади. Илм-фанга эътибор қаратилса, кейин тадқиқот пайдо бўлади. Фундаментал илмга фақат давлат маблағ тикади, ҳамма мамлакатда шундай. Яқинда аэрокосмик секторда стартаплар учун инкубация дастурини ишга туширдик. Дастур бизнес ғоялари бор, шу соҳага яқинроқ касб эгалари ва қизиқадиганларга мўлжалланган. Уларни йиғиб, жамоа шакллантирмоқчимиз.
— Агентлик ўтган вақт давомида амалга оширган қайси ишлари ва натижалари билан мақтана олади?
— 2021 йили бир қанча соҳаларда тажриба синов тариқасида қатор лойиҳаларни амалга оширдик. Дастлаб Самарқанд шаҳрида автойўлларни рақамлаштириш бўйича кичик пилот лойиҳа устида ишладик. Яъни автомобиль йўлларининг узунлиги, қоплами, қанча чизиғи борлиги ва бошқа ҳолатларни ўргандик. 2021 йилнинг август ойида Жиззах вилояти Зомин туманидаги ўрмон ёнғини туфайли зарар кўрган 38 гектар майдон ўрмон ҳудуди ҳамда ёнғин ўчоғи келиб чиқиш ҳудуди бўйича кунлик космик суратларни ва бирламчи таҳлил маълумотларини ўзида мужассамлаштирган маълумотлар бир иш кунида тақдим этилган.
Ўрмон хўжалиги, геология соҳаларида ҳам қилган пилот лойиҳаларимиз натижасини ҳукуматга тақдим этдик. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси Чорвоқ сув омбори атрофидаги ҳудудларни мониторинг қилиш бўйича қарор чиқарди. Унга кўра, 12 мингдан ортиқ объектлар, яъни эҳтимоли юқори бўлган нотурар жойлар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар, 2 йил давомида ўзлаштирилмаган ерлар тўғрисидаги бирламчи маълумотлар базаси шакллантирилди. Сўнгра мазкур маълумотларни ўз ичига олган геоахборот платформаси ишлаб чиқилиб, унга юқорида таъкидланган маълумотлар юкланиши таъминланган.
Бугунги кунда ҳам бир қатор лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Президент қарори билан 2022 йил якунигача синов тариқасида Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Қибрай, Тошкент туманларидаги ноқонуний қурилишларни аниқлаб, бу бўйича тегишли ташкилотларга маълумотлар киритиш вазифаси қўйилган. Агар мазкур тажриба ўзини оқласа, бутун мамлакат бўйича татбиқ этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Франциянинг Airbus International компанияси билан ҳамкорликда «Гео ферма» пилот лойиҳа устида ишлаяпмиз. Унга кўра, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Жомбой, Оқдарё туманларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари учун космик мониторинг амалга оширилади. Лойиҳа Франция ҳукуматининг Fasep грант дастури доирасида молиялаштирилади. Мақсад шуки, мазкур туманларда қанча гектар қишлоқ хўжалиги ерлари борлиги, уларга нималар экилаётгани, экинларнинг қандай ҳолатдалиги, сув етиб бориши ёки сувсизлиги каби бир қанча ҳолатлар реал ўрганилади. Жараён 18 ой давомида буғдой ва пахта мавсумида бўлиб ўтади. Бу лойиҳа космик мониторингнинг қанчалик афзаллиги борлигини кўрсатади. Агар лойиҳа ижобий натижа кўрсатса, буни ҳам республика бўйлаб жорий этиш таклифини илгари сурамиз.
Шунингдек, ўрмон фондининг камайиши ёки кўпайиши, қуриш аломатлари, қандай касалликлар борлиги бўйича ҳам космик мониторинг ўтказиш мақсад қилинган. 450 минг квадрат километр ҳудудни фақат юқоридан мониторинг қилиш керак. Бу борада инсон омили ҳам, дронлар ҳам аниқ маълумотлар чиқариб беролмайди.
— Сиз юқорида таъкидлаган ишларни турли вазирлик ва ташкилотлар ҳам бажаради, улар бу ҳақда жамоатчиликка ҳисобот берган пайтда кўп айтилади. Бир вазифани бир қанча ташкилотларга юклатилиши қанчалик тўғри, сизнингча?
— Тўғри, ноқонуний қурилишлар билан ҳам, ўрмон хўжалиги фонди билан ҳам бошқа ваколатли ташкилотлар шуғулланади. Бизда такрорланадиган вазифа йўқ. Янги технологияларни киритган ҳолда уларнинг ишини оптималлаштиришга ёрдам беряпмиз, асосий вазифамизнинг бир қисми сифатида кўмаклашяпмиз. Бу ҳақда Президент фармонида ҳам белгиланган. Одам омилини камайтириб, реал ҳолатни қоғозда эмас, рақамлаштирилган ҳолда кўриш имкониятимиз бор.
Агентлик ташкил этилгач, космик мониторинг қилиш амалиёти жорий этилди. Космик суратлардан фойдаланиш дунё учун янгилик эмас. Шу вақтгача Ўзбекистонда бепул сунъий йўлдошлардан фойдаланиб келинган. Лекин улар тақдим этган суратлар жуда ноаниқ бўлган ва улардан кам фойдаланилган.
— Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов тўрт йил олдин «Ўзбекистон яқин келажакда ўз сунъий йўлдошини учиради», деган эди. Бу қачонга мўлжалланган?
— Ўзбекистонда сунъий йўлдош дейилса, кўпчилик интернет масаласини кўтаради ва шундай тушунади. «Сунъий йўлдош учирсак, интернетимиз зўр бўлиб кетади», деган фикр бор. Аслида сунъий йўлдошнинг тури кўп. Бугунги кунда ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдоши ва алоқа сунъий йўлдоши анча оммалашган.
Ҳозир сунъий йўлдош Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжонда ҳам бор. Мазкур давлатлар 2014 йилгача космосга ўз сунъий йўлдошларини чиқарган. Улар геостационар дейилади ва 36 минг километр баландликка учирилади. Бу йўлдош интернет учун эмас, мустақил алоқани таъминлаб бериш учун қилинади.
1990 йил охири ва 2000 йил бошларида интернетнинг кабелдан келиши қийин масала бўлган. Шунинг учун одамлар антенна ўрнатиб, сунъий йўлдош интернетидан фойдаланган. У пайтда 1 мегабит, 2 мегабит интернет жуда катта тезлик ҳисобланган, ҳамма жойга инфраструктура бормаган бир пайтда сунъий йўлдош интернетини ишлатиш қизиқ, фойдали ва қулай эди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳудудига оптик тола орқали кириб келаётган ва тарқалаётган интернет тезлиги ҳамда сифатини алоқа сунъий йўлдошлари яхшилаб бера олмайди. Геостационар, юқори орбитадаги сунъий йўлдошлар билан ҳозирги оптик тола орқали кириб келаётган интернетни таққослаб, рақобатга қўйиб бўлмайди. Ўзбекистон сингари Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистонга ҳам интернет ҳозирги пайтда оптик тола орқали кириб келади.
Лекин бугунги кунда SpaceX компаниясининг Starlink лойиҳаси қуйи ер орбитасида минглаб сунъий йўлдошлар учиряпти. Ушбу спутниклар ерга яқин бўлгани учун 300-600 километр баландликда учиб юради. Улар биздаги оптик тола билан таққослаб бўладиган тезликдаги интернетни етказиб беради. Масалан, оптик толада интернет узатиш тезлигини Нью-Йоркдан Тошкентгача 56 миллисекунд деб олсак, Starlink’да бу космос орқали бўлгани учун 40-42 миллисекунд тезлик имкониятини беради. SpaceX компанияси мазкур лойиҳаси орқали бутун дунёга интернет тарқатмоқчи. Бориш қийин бўлган жойларда Ўзбекистон минглаб сунъий йўлдош учириши мантиқсиз, деб ўйлайман.
Мустақил алоқани таъминлаб бериш мақсадида сунъий йўлдош учириш режамизда бор. Агар давлатимизда бу сунъий йўлдош берадиган имкониятларга талаб бўлса, буни албатта, амалга оширамиз. Космик фаолиятни ривожлантириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқиш арафасидамиз. Биз қўйган стратегия ва имкониятлар ўз вақтида босқичма-босқич бажариладиган бўлса, 2030 йилгача учириш мақсад қилинган.
Шуни алоҳида айтишим керакки, космосга сунъий йўлдош учириш ҳар доим жуда катта маблағ талаб қиладиган жараён бўлган. Ҳар қандай лойиҳага қанча пул ишлатилса, албатта, жамоатчилик ва аҳолида турли саволлар туғилади. «Ҳаётимизда нималар ўзгарди, нима янгилик бўлди?», каби ўринли саволларга мантиқий жавоб ҳам бўлиши керак.
— Агентликка ҳар йили давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилади? Бу сумма имкониятларингизни кўрсатиб, катта ишлар қилиш учун етадими?
— Ўтган йили 3 миллиард сўм пул ажратилган ва бу ойликларни ёпиш учун ишлатилган. Асосан, чет элдаги ҳамкорларимиз ёрдами билан лойиҳаларни амалга оширганмиз. Лекин давлат ҳам биз нималар қила олишимизга қараб пул беряпти. 2022 йил учун 30 миллиард сўмдан сал кўпроқ маблағ берилди. Бу космик соҳа учун катта пул эмас. Бошқа вазирлик ва агентликларга ажратиладиган маблағларга солиштирганда ҳам кичик сумма. Аммо бизга шунча пул кераклигини ўзимиз режаларга асосланиб, сўрадик. 30 миллиардга 4-5 соҳада космик мониторинг жараёнини бажарамиз. Кўрсатган натижамизга қараб, ажратиладиган маблағ миқдори ҳам ўсиб бораверади.
— «Ўзбеккосмос» Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink интернет сунъий йўлдошлари билан ҳамкорлик қилиши мумкинми?
— Агентлик фаолияти йўлга қўйилгач, Ўзбекистон БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ҳамда МДҲ ҳукуматлараро космик кенгашига аъзо бўлган. Шу билан бирга, Ҳиндистон, Қозоғистон, Франция ва Корея космик агентликлари билан шартномалар имзолаган. Дунёнинг Maxar, Airbus, Planet, Hexagon, SSI Monaco, Viasat, OneWeb, ESRI каби етакчи компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шу қаторда SpaceX компанияси билан ҳам ҳамкорлик қилиш мақсадида уларга алоқага чиққанмиз ва лойиҳа ходимларини Ўзбекистонга таклиф қилганмиз.
2021 йилнинг июнь ойида делегация вакиллари юртимизга ташриф буюрди ва мазкур технологияни Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича илк келишувга эришдик. Музокаралар давом этмоқда. Чунки ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидалари мавжуд. Жорий йилнинг 10–11 май кунлари Тошкентда агентлик томонидан Марказий Евросиё минтақасида илк бор халқаро космик технологиялар конференцияси (STC-2022) бўлиб ўтади. Ушбу йирик конференцияда SpaceX компаниясининг Starlink лойиҳаси делегацияси ҳам қатнашади ва келишувнинг кейинги босқичини ўтказамиз. Бундан ташқари, бир қатор интернет сунъий йўлдошлари вакиллари ҳам иштирок этади.
— Ташкил этилганига икки йил бўлган агентликнинг май ойида катта тадбирга мезбонлик қилишидан мақсад нима?
— Йирик компаниялар ва ҳамкасбларимизга борлигимизни билдириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни бир жойга йиғиш мақсадида конференция ўтказишга қарор қилдик. Уларнинг таклифлари, тажрибалари биз учун муҳим. «Space Technology Conference STC-2022» конференциясида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Монако, Канада, Швеция, Финляндия, Ҳиндистон, Туркия, БАА, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон сингари кўплаб мамлакатлардан ҳам делегация вакиллари келиши кутилмоқда.
Миролим Исажонов суҳбатлашди.
Изоҳ (0)