Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳри яқинидаги Сазди сув омборида юзага келган вазият туфайли аҳоли эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон телеграф агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Сазди сув омборида сув оқими кўпайган ва бу Сазди ҳамда Жинишка дарёларида сув сатҳининг кўтарилишига олиб келиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари яқин атрофдаги қишлоқлардан фуқароларни олдиндан эвакуация қилмоқда. Айни пайтда 25 киши эвакуация қилинган, улардан тўққиз нафари болалар, — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.
Сазди сув омбори Ақтўбедан 8 километр узоқликда жойлашган. Уралск шаҳрида ҳам 2 апрелдан бери Деркўл ва Шаган дарёларида сувнинг критик даражадан кўтарилиши сабабли айрим турар жой ва қишлоқ уйларини сув босган. Аҳоли эвакуация қилинмоқда, қутқарувчилар ваҳима қилмасликни сўраган.
Уйлари Шаган ва Деркўл дарёлари текисликларида жойлашган 10 мингдан ортиқ аҳоли вақтинча хавфсиз жойларга кўчиб ўтмоқда. Вақтинчалик уй-жойи бўлмаган одамлар эвакуация марказларига жойлаштирилади. Аҳолини эвакуация қилиш учун жами 12 та автобус ажратилган. Талончиликнинг олдини олиш мақсадида сув босган ҳудудларда полиция ходимлари кеча-ю кундуз навбатчилик қилмоқда.
Изоҳ (0)