Тошкент шаҳрида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро Ш.С. (муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган) танишлари ёрдамида фуқаро Д.А. ва унинг икки нафар танишини Қашқадарёдаги Ахборот технологиялари ва менежмент университетига 3-босқичдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига 6 минг доллар олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, Хоразм вилоятида фуқаро Д.М. фуқаро Д.И.нинг ишончига кириб, унга Урганч давлат университети томонидан берилган академик таътилини тўғрилаб, диплом олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига 900 доллар ва 1,3 млн сўмни таниши М.Я. орқали олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида фуқаро Д.М. фуқаролар Б.О. ва А.Б.ни алдаб, уларнинг Қозоғистон университетидаги ўқишини гўёки Қирғизистондаги халқаро университетга кўчириб, ушбу таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида сохта диплом тайёрлаб бериб, эвазига уларнинг жами 4,8 минг доллар олгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тошкент кимё халқаро университетининг Самарқанд филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги “Абу Али ибн Сино” номидаги жамоат саломатлиги техникумига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар аниқланганди.
Изоҳ (0)