6 январь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков томонидан Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳаси бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, томонлар лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартлари ва зарур чора-тадбирларни белгилаб олган.
«Мазкур ГЭС нафақат Қирғиз Республикасини, балки Марказий Осиё мамлакатларининг электр ва сув таъминотида муҳим ўрин тутади» — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, лойиҳа доирасида 5,4 миллиард куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Изоҳ (0)