Замонавий тиббиётда ултратовуш текшируви (УТТ) ички аъзоларнинг ҳолатини аниқлашда энг хавфсиз ва самарали усуллардан бири ҳисобланади: аппаратдан нурланиш олинмайди, оғриқ бўлмайди, ёш бўйича чеклов ҳам йўқ. Қалқонсимон без, юрак ҳамда бошқа ички аъзоларни вақтида текшириш орқали кўплаб касалликларнинг олдини олиш мумкин. Ушбу мақолада қачон ва нима сабабдан бу текширувларни ўтказиш зарурлиги ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Нима учун УТТ энг оммабоп текширув усули саналади?
- Хавфсиз — соғлиқ учун зарарсиз ва қайта-қайта бажариш мумкин
- Тез — натижаси дарҳол тайёр бўлади;
- Қулай — ускуналари ихчам, ҳатто уйда ҳам текширув ўтказиш мумкин;
- Ахборотга бой — ички аъзоларнинг ҳолатини реал вақт режимида кўрсатади.
Қайси аъзолар УТТ ёрдамида текширилади?
Қорин бўшлиғи аъзолари ва буйраклар. УТТ ёрдамида қуйидагиларни баҳолаш мумкин:
- Жигар ва ўт пуфаги (тошлар, полиплар, яллиғланишлар).
- Ошқозон ости бези (тузилиши ўзгаришлари, ўсмалар).
- Буйрак ва талоқ (кисталар, тошлар ва бошқа патологиялар).
Органларнинг ҳажмини ўлчашдан ташқари, структура ўзгаришлари, яллиғланишлар, ўсимта (яхши ва ёмон сифатли), тошлар, ўт йўллари кенгайиши, буйрак ва сийдик тизими муаммоларини аниқлаш мумкин.
УТТ учун қандай тайёргарлик кўриш керак?
- УТТ дан 2–3 кун аввал дуккаклилар, карам, сут, газли ичимликлар каби газ ҳосил қилувчи маҳсулотлардан воз кечинг.
- УТТ оч қоринга қилинади — текширувдан 6–8 соат олдин овқатланмаслик лозим.

Кичик тос аъзолари УТТ текширувида қуйидагилар аниқланади:
- Гинекологик касалликлар;
- Сийдик пуфаги ҳолати;
- Эркаклардаги патологиялар (простата).
Қалқонсимон без УТТ қуйидагиларни кўрсатади:
- Тугунлар, кисталар;
- Яллиғланиш, органлар ўлчамининг ўзгариши.
Юрак УТТ (Эхокардиограмма)да қуйидагилар баҳоланади:
- Юрак клапанлари ишлаши;
- Қон айланиши;
- Юрак бўлмачалари ўлчами.
Аёллар кўкрак безининг УТТ текширувида
- Тўқималар тузилиши;
- Қаттиқликлар, кисталар, ўсимталар бор-йўқлиги;
- Без тўқималарининг фаоллиги текширилади.
Ҳайз даврининг 5–12-кунларида, гормонал фон барқарор бўлган даврда УТТ ўтказиш натижалар аниқроқ бўлишига ёрдам беради.

Кичик тос УТТ (аёллар ва эркаклар учун 3 усулда ўтказилади):
Қорин орқали (трансабдоминал) — қулайроқ, лекин аниқлиги пастроқ.
Қин орқали (трансвагинал) — аёллар учун, аниқлиги юқори.
Тўғри ичак орқали (трансректал) — эркакларда простата безини батафсил кўриш учун.
Унга қандай тайёргарлик керак?
- 2–3 кун аввал газ келтирувчи овқатлардан сақланинг.
- Қорин орқали бўлса, 1–2 соат олдин 1–2 литр сув ичинг (сийдик пуфаги тўлиқ бўлиши керак).
- Қин орқали бўлса, сийдик пуфаги бўш бўлиши керак.
- Тўғри ичак орқали бўлса, ичакни тозалаш керак (клизма ёки ичак юмшатувчи восита орқали).
Оёқдаги қон томирлар УТТ
Бу усул оёқдаги артерия ва веналарни текширади ва тромб, қон айланиши бузилиши ёки бошқа муаммолар мавжудлиги текширилади. Шунингдек,
Веналар — клапанлар ишлаши, томир ўлчами, тромблар бор-йўқлиги.
Артериялар — торайишлар, атеросклероз белгилари, яширин патологиялар аниқланади.
Кимларга тавсия қилинади?
- Оёқларда шиш, оғриқ, босишда оғирлик бўлса;
- Варикоз ёки тромбоз касаллигига гумон бўлса;
- Қон томирлари операциясидан кейин назорат учун керак бўлади.
Муҳим эслатма:
УТТ натижаси бу аниқ ташхис эмас, балки фақат бир кўрсаткич. Тўлиқ ташхис учун лаборатория натижалари, бошқа текширувлар ва шифокор хулосаси керак.
Муҳим: УТТ барча нарсани кўрсатмайди.
УТТ аппарати суяклар ва ҳаво билан тўлган аъзолар (ўпка, ичак)ни кўра олмайди, уларни текшириш учун КТ (компьютер томографияси), МРТ (магнетик резонанс томография) ёки эндоскопия қилиш керак бўлади.
УТТ натижасининг аниқлиги икки нарсага боғлиқ:
- Ускунанинг сифати — замонавий бўлса, аниқлиги юқори бўлади;
- Шифокор тажрибаси — тасвирни тўғри талқин қилиш жуда муҳим ҳисобланади.
Тавсия:
Агар сизга УТТ тайинланган бўлса, яхши ускунага эга клиника ва тажрибали мутахассисларга мурожаат қилинг.
Изоҳ (0)