Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху фаластинликлар бошпана сифатида фойдаланаётган Рафаҳга ҳужум қилишни буюрди. Миср Исроилни бу борада огоҳлантирди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Нетаньяху ҳужумнинг янги босқичи бошланишидан олдин Рафаҳдан юз минглаб одамларни эвакуация қилишни таъминлашга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳарбийлари эвакуация бўйича “режа ишлаб чиқмоқда” ва одамларни қаерга жойлаштириш ҳақида ўйламоқда.
“Биз буни тинч аҳолининг Рафаҳдан чиқиб кетишини хавфсиз таъминлаган ҳолда қиламиз”, — деди Исроил бош вазири.
Нетаньяхуга кўра, Исроил мудофаа кучларини Рафаҳга кирмасликка чақираётганлар “аслида Исроил урушда мағлуб бўлиши кераклигини айтмоқда”.
9 февраль куни Нетаньяху Миср билан чегарадош Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида кенг кўламли операция бошлаш ниятида эканини маълум қилди. АҚШ Давлат департаментининг фикрича, операция ҳозир амалга оширилса, фалокат бўлади. Рафаҳда қуруқликдаги операция ўтказиш Британия ва Фаластин расмийлари томонидан танқид қилинди.
Рафаҳ Исроил ҳужуми пайтида Ғазо сектори шимолидан эвакуация қилинган 1,3 миллиондан ортиқ фаластинлик учун бошпана ҳисобланади. Уларнинг аксарияти чодир лагерларида ёки БМТ бошпаналарида яшайди.
Миср Исроил қўшинлари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига юборилса, Исроил билан Кемп Девид келишувларини (1979 йилги Исроил-Миср тинчлик шартномаси) тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.
Изоҳ (0)