Пентагон раҳбари Пит Хегсет рафиқаси Женнифер Хегсетни хорижлик ҳамкасблари билан ёпиқ учрашувларига олиб борган. Уларда махфий ҳарбий маълумотлар муҳокама қилинган. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Женнифер Хегсет Fox News телеканалининг собиқ продюсери бўлиб, 6 март куни Пентагоннинг махфий учрашувларидан бирида иштирок этган. Унда Пит Хегсет ва Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили ўртасида юқори даражадаги музокаралар ўтказилган. Мазкур учрашув трансатлантик иттифоқ учун муҳим аҳамиятга эга эди. Боиси унда Европа хавфсизлигига дахлдор давлат Украина масаласи кўтарилган.
Пентагондаги учрашувда Буюк Британия қуролли кучлари штаб бошлиғи адмирал Тони Радакан ҳам қатнашган. Улар Қўшма Штатларнинг Украинани разведка маълумотлари билан таъминлашни тўхтатиш ҳақидаги қарорининг сабабларини муҳокама қилишган.
Аслини олганда, мудофаа вазири хорижий ҳамкасблар билан учрашувга расмий жиҳатдан исталган кишини таклиф қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ одатда бундай музокараларда қатнашувчилар рўйхати қатъий чекланади ва фақат махсус рухсатга эга шахсларгина иштирок этади. Чунки бундай учрашувларда кўпинча махфий маълумотлар муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, аксар ҳолларда махфий учрашувлар ўтказиладиган жойда бегона шахсларнинг кириб келишини назорат қиладиган хавфсизлик хизмати ходимлари бўлади.
WSJ нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, баъзи юқори мартабали амалдорларнинг турмуш ўртоқлари махфий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бироқ Пентагон вакили Женнифер Хегсетнинг бундай имтиёзга эга ёки йўқлигини аниқлаштиришдан бош тортган.
Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Қўшма Штатларнинг Яманга зарбалар ҳақида маълумотларни Сигнал мессенжеридаги махфий чатда муҳокама қилгани, бепарволик ортидан мазкур гуруҳга Тhе Аtlantic журналисти ҳам қўшиб юборилгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)