Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисида” Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор билан 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгиланмоқда:
- бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1 700 сўм ундирилади;
- бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун – 4 000 сўм;
- қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 1 600 сўм.
Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.
Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.
Ўзбекистон президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-59-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳридаги мунтазам автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтказиш белгиланган.
Автобусларда “кунлик планлар”нинг бекор бўлиши
Тошкентда 2023 йилнинг 5 майидан бошлаб, 5, 11, 18, 19, 37, 44, 67, 77, 83, 136, 139, 142, 72 ва 81-сонли пойтахт бўйлаб ҳаракатланувчи автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто-шартнома асосида ташкил этилган. Июль ойида эса пойтахтдаги 32 та автобус йўналишида “кунлик план” бекор қилинганди.
Брутто-шартномалар — бу йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти йўловчи ташувчига йўналишлар бўйича тўловларни бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб, сифат назорати остида ўтказиб беради.
Қулай тарифлар
Мазкур қарор билан жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш белгиланган. Гап бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланиши ҳақида кетмоқда.
Бундан ташқари, йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъи назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилиши кутилмоқда. Йўналишларда йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.
Изоҳ (0)