Хитойнинг Ҳиндистондаги элчиси Ху Фейхонг АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Ҳиндистонга нисбатан жорий этилган 50 фоизлик бож тарифларини танқид қилиб, Пекин Нью Деҳлини бу масалада қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Элчининг фикрича, Вашингтон божларни “савдо келишувларида босим воситаси” сифатида қўлламоқда. Бундай ҳаракатлар олдида жим қолиш ёки муроса қилиш босқинчиликни янада кучайтиради.
“АҚШ ҳинд товарларига нисбатан божларни 50 фоизгача ошириб, янада босим ўтказишини билдирмоқда. Хитой бу каби чораларни қатъий қоралайди ва Жаҳон савдо ташкилотига асосланган кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш учун Ҳиндистон томонида қатъий туради”, деди Ху Фейхонг Нью Деҳлида ўтказилган тадбирда.
Ушбу баёнот Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ининг Ҳиндистонга қилган ташрифидан кейин янграмоқда. Ташриф чоғида икки давлат чегара зиддиятларини ҳал қилиш, авиақатновларни тиклаш ҳамда савдо алоқаларини кучайтириш бўйича келишувга эришган.
Ху Фейхонг Ҳиндистон ва Хитойни Осиё иқтисодиётининг “икки двигатели” деб атаб, уларнинг ҳамкорлиги минтақа ва бутун дунё учун фойдали эканини таъкидлаган. Шунингдек, Пекин АҚШдан четга чиқаётган ҳинд маҳсулотларини ўз бозорида қабул қилишга тайёр эканини билдирган. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эса Х ижтимоий тармоғида шундай хабар қолдирган:
“Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги барқарор, башорат қилса бўладиган ва конструктив муносабатлар минтақавий ҳамда глобал тинчлик ва фаровонликка катта ҳисса қўшади”.
Изоҳ (0)