Жорий йил январь—июль ойларида мамлакатга бензиннинг тоннаси ўртача 573,6 доллардан импорт қилинган. Бу қиймат Божхона қўмитаси берган маълумотлардан келиб чиқади.

Етти ойда Ўзбекистонга жами қиймати 265,2 млн долларлик 462,4 минг тонна (2024 йил мос давридагидан 12 тонна кўп) бензин импорт қилинган. “Дарё” ҳисоб китобларига кўра, бунда ҳар бир тонна бензин ўртача 573,6 доллардан тўғри келмоқда. Бир литр бензин баҳоси эса 0,42–0,43 сент атрофида сотиб олинган дейиш мумкин.
Марказий банк эълон қилган курс бўйича январь ойида 1 доллар қиймати 13 минг сўмгача кўтарилган. Май якунигача курс 12 минг 800 сўмдан юқори шаклланган. Июнь бошларида долларнинг сўмдаги қиймати пасая бошлади, июль якунига келиб 12 591 сўмга тушди. Шундан келиб чиқилса, 1 литр бензин ўртача 5,5 минг сўмдан импорт қилинган бўлади.
Жорий йил 4 январь куни биржада Аи-80 бензининг тоннаси 9 миллион 328 сўмдан сотилган. Умумий ҳисобда 2 минг 28 тонна (2,8 миллион литр атрофида) бензин реализация қилинган. Бунда ўртача нарх бир литри учун 6,7 минг сўмдан тушади. 22 июлга келиб, мазкур маркадаги ҳар бир тонна бензин нархи 10 миллион 500 минг сўмдан ошди. Ушбу санада 1 650 тонна (2,3 миллион литр атрофида) бензин сотилган. Бу ўртача 7,5 минг сўмдан тўғри келади.
4 январь куни Аи-92 маркали бензини тоннаси 12 миллион 657 сўмдан, жами 147,8 тонна (194,3 минг литр) сотилган. Бунда Аи-92 бензинининг бир литри 9,6 минг сўмдан тўғри келади. 22 июлдаги савдода Аи-92 бензининг тоннаси 12 миллион 790 минг сўмдан жами 917,7 тонна (1,2 миллион литр) сотилган. Бу бир литр бензин ўртача 9,7 минг сўмдан сотилди дегани.
Жорий йил январь—июль ойларида Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йил мос даврига нисбатан 15,7 фоизга қисқарди. Яъни етти ой давомида 667 минг тонна автомобиль бензин ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун, 2023 йил январь—июлида 784,1 минг тонна, 2024 йил мос даврида 791,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарилганди.
Изоҳ (0)