Ўзбекистонда 30 июнь соат 23:30 дан 1 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 278 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет тўққизинчи кун касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бир кун ичида 278 кишида касаллик аниқланиши рекорддан кейинги иккинчи натижа ҳисобланади. Бир кун аввал 281 кишида касаллик аниқланиб, янги рекорд ўрнатилганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 8781 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 218 нафари карантин муассасаларида;
  • 50 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 35 нафар, Бухоро вилоятида — 5 нафар, Сирдарё вилоятида — 5 нафар, Хоразм вилоятида — 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 1 нафар);
  • 10 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Сирдарё вилоятида — 8 нафар, Тошкент вилоятида — 2 нафар) аниқланган.

Кун давомида 8 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 5 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида янги касалликлар аниқланиши бир кун аввалгига нисбатан 2 бараварга кўпайди.

Тошкент шаҳрида аниқланган 61 та ҳолатдан 35 таси аҳоли орасида, 26 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Тошкент яна аҳоли орасида энг кўп коронавирус аниқланган ҳудуд бўлди. Июнь ойининг 30 кунидан 21 тасида пойтахт бу борада етакчилик қилганди. Пойтахтда 4 июндан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида касаллик аниқланади.

Сирдарё вилоятида 18 та янги ҳолат аниқланди. Улардан 8 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида, 5 нафари карантиндагилар орасида ва 5 нафари аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда 23 ва 26 июнь кунлари ҳам карантиндагилар, ҳам аҳоли орасида, ҳам халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида касаллик аниқланганди. Сирдарёда ўтган ойда 1, 10, 1421232627 ва 28 июнь кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик қайд этилганди.

Самарқанд вилоятида аниқланган 11 та ҳолатнинг барчаси карантиндагилар орасида қайд этилди. Вилоятда 10 кун ичида касалланганлар сони 51 нафарга кўпайди. 23 июнда 3, 24 июнда 14, 28 июнда 4, 29 июнда 2 ва 30 июнь куни 17 кишида касаллик аниқланганди.

Бухоро вилоятида қайд этилган 9 та ҳолатнинг 4 таси карантиндагилар орасида, 5 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 251012, 141516, 17, 212627 ва 29 июнь кунлари ҳам янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган, ушбу кунлар ичида 15 июндан бошқа барча кунларда аҳоли орасида коронавирус аниқланган. 29 июнь куни Шофиркон туманида яшовчи 58 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган ва у Бухорода касаллик оқибатида вафот этган биринчи бемор бўлганди. Ҳозирда вилоятнинг Вобкент, Ғиждувон, Жондор ва Шофиркон туманлари «қизил» ҳудуд ҳисобланади. Икки кундан буён вилоятда автобуслар ҳаракати номаълум муддатга қадар тўхтатилган.

Хоразм вилоятида аниқланган 7 та ҳолатдан 3 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 4 таси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда 5 кундан буён янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаётганди. Умуман олганда, Хоразмда охирги вақтларда касаллик аниқланса, камида 10 кишида коронавирус чиқаётганди. 15 июнь куни 10 кишида, 19 июнь куни 12 кишида, 20 июнь куни 13 кишида,  23 июнь куни 14 кишида, 26 июнь куни эса 22 кишида коронавирус аниқланганди.

Тошкент вилоятида халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида 2 та ҳолат қайд этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган битта ҳолат аҳоли орасида аниқланди. Қорақалпоғистонда 28 июнь куни ярим ой ичида биринчи марта аҳоли орасида яна касаллик қайд этилганди. Шундан сўнг Нукус шаҳрида карантин чоралари кучайтирилиши маълум қилинганди.

Қашқадарё вилоятидаги ягона ҳолат карантиндагилар орасида аниқланди.

Касалликдан даволаниш

1 июль давомида тиббиёт муассасаларида 165 нафар фуқаро соғайди. Уларнинг 126 нафари Тошкент шаҳрида, 18 нафари Қашқадарё вилоятида, 14 нафари Бухоро вилоятида ва 7 нафари Самарқанд вилоятидаги шифохоналардан тузалиб чиқди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 8781 нафар бемордан 5847 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 29 июндан буён ўзгармаяпти.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан ошди, 28 июнга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 2500 нафардан ҳам ошди. Ҳозирга келиб Тошкент шаҳридаги беморларнинг ўзи 2500 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2907 нафар бемордан 2546 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 361 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Жиззахда 5, Қорақалпоғистонда 9, Наманганда 13, Хоразмда 23, Бухорода 25, Андижонда 28, Сурхондарёда 32, Навоийда 43, Самарқандда 60 ва Қашқадарёда 123 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди. Даволаниш бўйича энг ёмон кўрсаткичлар Жиззах (30 фоиз) ва Қашқадарё (37 фоиз) вилоятларига тегишли бўлиб турибди. Самарқанд вилояти коронавирусдан даволанганлар сони 400 нафар ва ундан ошган Тошкент ва Бухородан кейинги учинчи ҳудуд бўлди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ. исмли эркак 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийўл туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент—Қарши йўналишида ҳаракатланувчи «Афросиёб» тезюрар поездида яшаш манзилига қайтган. 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

Бемор бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган.

29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

ССВ 64 ёшли эркакда қайси куни коронавирус тасдиқлангани ва у қайси куни вафот этганини ёзмаган, бироқ бемор шифохонага мурожаат қилган 29 июнь ва ундан кейинги кун — 30 июнда вилоятда биронта ҳам янги ҳолат қайд этилмаганди. 1 июль санасида эса соат 17:00 дан соат 23:30 гача бўлган оралиқда Қашқадарёда коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 1 кишида вирус аниқлангани хабар берилди. Эслатиб ўтамиз, ССВ коронавирусдан юз берган ўлим ҳолатларини ҳар доим ҳам ўша кундаёқ бермайди. 20-беморнинг ўлими 5 кун ўтиб, 21-беморнинг ўлими 2 кун ўтиб эълон қилинганди.

Қашқадарёлик эркак Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 27-бемор бўлди. Бу Қашқадарё вилоятида коронавирусдан илк ўлим ҳолати бўлди. Бунгача Тошкент шаҳрида 14, Наманганда 4, Самарқандда 2, Сурхондарёда 2, Жиззахда 2, Фарғонада 1 ва Бухорода 1 нафар бемор вафот этганди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2907 нафар бемордан 18 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар сони 21, аҳволи ўта оғир беморлар сони 5 нафарни ташкил этаётганди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 40 311 нафар, стационар карантинда эса 24 576 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 93 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 408 нафарга кўпайди.