1979-йил декабрь ойида СССР армияси Афғонистонга бостириб киради. Мақсад қўшни давлатда коммунистик режим ўрнатиш эди. Уруш 10 йил давом этади ва совет қўшинлари ҳар жабҳада мағлубиятга учрайди. Охир-оқибат СССР раҳбарияти қўшинларни Афғонистондан олиб чиқишга қарор қилади. 1989 йилда совет армияси қўшни давлатдан тўлиқ чиқарилади.
Афғон уруши деганда кўз олдимизга вайрон бўлган мамлакат, қурбон бўлган миллионлаб одамлар келади. Бироқ бир пайтлар Москвада ўтирган корчалонлар буни ўйламаганди.
Улар ҳали она сути оғзидан кетмаган 18 ёшли бўз йигитларни уруш ўчоғига жўнатган ва уларнинг қўли билан Афғонистонни култепага айлантирганди.
Афғон уруши ҳақида гап кетганда Ғарб оммавий ахборот воситалари “Совет иттифоқининг Вьетнам уруши” деб аташади. Бу бежизга эмас. Советлар ҳам худди америкаликлардай бегона юртга бостириб кириб, у ерда 10 йил уришди.
Худди америкаликлардай бегона юртда беҳуда қон тўкиб, миллиардлаб доллар маблағ йўқотди. Охирида худди америкаликлардай шарманда бўлиб мағлубиятга учради.
Афғон уруши советларга нега керак бўлганди?
Аксарият тарихчилар советлар Афғонистонда коммунистик тузум ўрнатиш учун бу давлатда уруш очган деб ҳисоблайди. Бу қараш тўғридир, бироқ афғонларни “коммунистларга айлантириш” осон кечмайди. Ҳатто айтиш мумкинки, бунинг иложи бўлмади.
Азалдан миллий ва диний қадриятларга содиқ яшаган афғонлар динни инкор қиладиган ва асосан даҳрийлик тарғиб қилинадиган коммунистик тузумни қабул қила олмади ва кўплаб қурбонлар беришига қарамасдан ўша пайтларда дунёнинг энг йирик армияси ҳисобланган совет армиясига 10 йил муносиб қаршилик кўрсатди.

Бошқа томондан Афғон урушининг том маънодаги ташкилотчиси КГБ раҳбари Юрий Андропов бўлган дейишади. 1970 йилларнинг иккинчи ярмида СССРда ҳокимиятни де-факто қўлга олган бу шахс СССР мудофаа вазири Дмитрий Устиновни ҳам ўзига бўйсунадиган қилиб қўйганди. Шу сабабли у КГБ бошлиғининг чиғириғидан чиқмасди, барча буйруқларини индамасдан бажарарди.
1978 йилда Афғонистонда нотинчлик бошланади. ўзларини Афғонистон Халқ Демократик партияси аъзолари деб атаган гуруҳ мамлакат раҳбари Муҳаммад Довудга қарши исён бошлайди. Бу исён тарихда “Савр инқилоби” номини олган.
Исёнчилар президент саройини ўраб олиб, Муҳаммад Довудга таслим бўлиш талабини қўяди. У кўнмайди. Ўртада отишма бошланди. Натижада, Муҳаммад Довуд, унинг оила аъзолари бўлган йигирмага яқин киши, жумладан, беш нафар фарзанди ва акаси Муҳаммад Наим ҳалок бўлишади.

Шундан сўнг исёнчилар Афғонистонда демократик республика тузилганини ва мамлакат социализм йўлидан кетишини эълон қилади. Мамлакатга Муҳаммад Таракий раҳбар, Ҳафизуллоҳ Амин эса инқилобий кенгаш раиси бўлади.
Ўша пайтда дунёнинг икки қутби лидерлари бўлган СССР ва АҚШ дарҳол Афғонистоннинг янги раҳбарлари билан алоқага чиқишади. Шунда Нурмуҳаммад Таракий СССР билан, Амин эса АҚШ билан яқинлашиш тарафдори экани маълум бўлади.
Қўшни давлатда вазият таранглашгач, бундан Андропов унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. КГБ раҳбари Устиновга босим ўтказиб, у билан тил бириктиради ва мамлакат раҳбарига Афғонистонга қўшин киритиш кераклигини айтади.
1979 йил сентябрда Афғонистонда вазият кескинлашади. Ҳафизуллоҳ Амин Нурмуҳаммад Таракийни ағдаради ва қатл этади. Сўнг ўзи Афғонистоннинг якка ҳукмдорига айланади.
Вазиятнинг бундай кечиши СССР манфаатларига мос келмасди. Бунинг устига Брежневни қўшни давлатга қўшин киритишга кўндириб бўлмаётганди.

Ана шундай вазиятда 1979 йил декабрда Андропов Афғонистоннинг Багром шаҳрига КГБнинг “Мусулмон баталони” деб аталган ва асосан Марказий Осиё ҳамда Кавказдан чақирилган ходимлардан иборат махсус бўлинмасини жўнатади.
1979 йил 16 декабрь куни КГБ Аминга суиқасд уюштиради, бироқ у тирик қолади. Шундан сўнг 27 декабрь куни афғонлардай кийиниб олган “Мусулмон баталони” Амин саройини эгаллайди ва уни ўзини ўлдиради. Бу пайтда советлар Афғонистон билан чегарага жуда катта қўшинни олиб келган ва улар қўшни давлатга бостириб киришга тайёр турганди.
Ўша пайтда КГБ ходимларининг Аминни ўлдиргани сир сақланган ва оммага афғон халқи исён кўтаргани ва Аминни ўлдиргани айтилади. Аслида эса уни КГБ ходимлари ўлдирганди.
Амин ўлдирилгач советлар Бабрак Кормал исм-шарифли шахсни Багромдаги СССР ҳарбий базасидан Кобулга олиб боришади ва уни Афғонистон раҳбари деб эълон қилишади. Шундан сўнг янги раҳбар СССР раҳбариятидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун ўз мамлакатига ҳарбийларни киритишни “илтимос қилади”.
Бунга жавобан советлар дарҳол Афғонистонга қўшин кирита бошлайди. Бироқ ўшангача совет қўшинларининг бир қисми қўшни юртнинг шимолий қисмига кириб бўлганди. Шу тариқа Афғонистонда уруш бошланади.
Кейинчалик, Брежневнинг жияни ўз эсдаликларида совет қўшинлари Афғонистонга киритилгандан бир оз вақт ўтиб тоғасининг ҳар куни кечки пайт Дмитрий Устиновга қўнғироқ қилиб “Дима, бу уруш қачон тугайди? Сен уруш узоқ давом этмайди, деган эдинг. Аммо, жин урсин бу урушингни, охири кўринмаяпти-ку?! Ахир, у ерда болаларимиз ҳалок бўлишяпти?!” деб гапирганлари ҳақида ёзганди.

Афғон уруши ўз номи билан босқинчилик уруши эди. Бироқ ана шу урушда гарчи ўзга юртга қурол кўтариб борган бўлса-да бир аскарни афғонлар жуда ҳурмат қилишади.
Йўқ, у қонли жанглар кетаётган пайтда асир тушиб афғонлар томонга ўтиб кетмаган. Афғонлар фойдасига сотқинлик ҳам қилмаган. Шунчаки у афғонларни ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз жонини қурбон қилганди.
Бу аскарнинг исм-шарифи Сергей Малсин эди. Хўш, Малсин афғонлар учун қандай қаҳрамонлик кўрсатган ва ўлимидан сўнг уларнинг меҳрини қандай қозонганди.
Горкийдан Афғонистонгача
1965 йил 15 декабрда Горкий (ҳозирги Нижегород) вилоятидаги Бор шаҳрида туғилган Сергей оилада ёлғиз ўғил эди. У ўрта мактабни тугатгач кемасозлик корхонасида слесар бўлиб ишлай бошлайди.
1984 йил баҳорда, йигит 18 ёшга тўлганида ҳарбий хизматга чақирилади. Ўшанда совет қўшинлари Афғонистонда жанг қилаётганди.

Маълумот учун, СССРда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг уч йиллик мажбурий ҳарбий хизмат жорий қилинган эди. 1960 йилларнинг иккинчи ярмида мажбурий ҳарбий хизмат икки йилга қисқартирилади. Бугун собиқ иттифоқнинг айрим давлатларида икки йиллик мажбурий ҳарбий хизмат сақланиб қолмоқда.
Сергей армияда бир йил хизмат қилгач, 1985 йил июнда уни Афғонистонга жўнатиб юборишади. Унга “КамАЗ” юк машинасини беришади ва Сергей қўшни давлатда жанг олиб бораётган армия таркибида ҳайдовчилик қила бошлайди.
Қалтис вазият ва ўлим
1985 йил 2 ноябрь. Сергейнинг икки йиллик ҳарбий хизматни якунлаб уйга қайтишига бир неча ой қолган. У навбатдаги юкларни манзилга етказиш учун йўлга тушади.
Йигит белгиланган жойга етиб бориши учун Афғонистондаги энг хавфли йўл – Саланг довонидан ошиб ўтиши лозим эди. Бу довон йўллари тор, тик нишаблик ва кескин қайрилишлардан иборат эди. Афғон уруши кетаётган пайтда советлар бу йўлда туннел қуришганди.
Сергей ўзига берилган юк машинасини денгиз сатҳидан 3 500 метр баландликда бошқариб борар экан, советлар қурган туннелдан чиққач, кескин қайрилишлардан бирида рўпарасидан кичикроқ ўлчамдаги юк машинасига бошқа манбада автобус дейилган) дуч келади. Машина тепасида йигирмадан ошиқ афғонлар, аёллар, болалар бор эди. Орадаги масофа жуда қисқа қолган ва тўқнашув муқаррар эди.
Агар тўқнашув содир бўлса йирик ўлчамли “КамАЗ” афғонларнинг юк машинасини тик жарликдан пастга тушириб юбориши ва оқибатда унинг тепасида бўлганлар ҳалок бўлиши аниқ эди.

Афғон юк машинасининг тепасида асосан аёллар ва болалар борлигини кўрган Сергей у билан тўқнашмаслик учун ўзи бошқариб кетаётган машина чамбарагини тик қоя томонга буриб юборади.
Ўшанда афғонлар кетаётган машина эсон-омон ўтиб кетади, бироқ “КамАЗ” қояга урилиб пачақланади. Сергей оғир жароҳат олади ва оқибатда вафот этади.
Йигитнинг жасадини темир тобутга солиб Бор шаҳрига жўнатишади ва у шу ердаги қабристонга дафн қилинади. СССР олий совети фармони билан Сергейга ўлимидан сўнг Қизил юлдуз ордени берилади. Кўп ўтмай унга Афғонистон медали ҳам берилади.
Рамзий қабр ва афғонлар ҳурмати
Сергейнинг жасади Россияга жўнатилгандан сўнг йигит билан бирга хизмат қилган аскарлар у ҳалок бўлган жойга, Саланг довонидан ўтган йўл ёқасига рамзий қабр қилиб, унга қабртош ҳам ўрнатиб қўйишади.
Катта ўлчамли қабртошга йигитнинг исм-шарифи, туғилган ва ўлган йиллари кирилл ҳарфларида ёзиб қўйилади.
1989 йилда СССР ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиққач аламзада афғонлар советларга дахлдор нима бўлса, барчасини яксон қилишади. Ҳатто ҳалок бўлган совет аскарлари учун ўрнатилган ёдгорликларгача.

Бироқ улар Сергейнинг хотираси учун ўрнатилган ёдгорлик тошга тегинишмайди. Аксинча, ҳар-ҳар замонда унинг атрофини тозалаб қўйишади. Афғонлар бир пайтлар одамлар кетаётган машина билан тўқнашишдан қочиб, ўз ҳаётини қурбон қилган совет аскарига шу тариқа ҳурмат кўрсатишади.
Сергейга ўрнатилган ёдгорлик тош ҳанузгача Саланг довонидан ўтган йўл ёқасида турибди. Уруш тугагандан сўнг афғонлардан бири ўша атрофда бўлган булоқ сувини қувур билан олиб келиб Сергейга ўрнатилган ёдгорлик тоши олдида оқизиб қўйибди.
Ўткинчилар тўхтаб сув олишади ва кирилл ёзуви туширилган ёдгорлик тоши ким учун ўрнатилганини, нега шу пайтгача бузиб ташланмагани билан қизиқишади. Шунда ҳодисадан хабардорлар уларга Сергейнинг қаҳрамонлигини сўзлаб беришади.
Шармандали мағлубият
Андроповнинг “Икки ойда Афғонистонда тартиб ўрнатамиз ва урушни тугатамиз” деган гапига ишонган ёки чорасизликдан унга ҳеч нарса дея олмаган Брежнев 1982 йил кузда, урушни бошлаган КГБ раҳбари Андропов 1983 йил кузда вафот этиб кетишади. Бироқ уруш давом этаверади.
Андроповдан кейин СССРни қисқа муддат Константин Черненко бошқаради, бироқ у ҳам Афғон урушини тугатишни ўйламайди.
1985 йил мартда Черненко вафот этади ва ўрнига Михаил Горбачёв СССР раҳбари бўлади. У ўзидан аввалги раҳбарлардан фарқли равишда совет қўшинлари қўшни давлатда беҳуда уришаётганини англаб етади ва 1986 йил февралда Афғонистондан қўшинларни босқичма-босқич олиб чиқиш ҳақида гапиради.
Ўша пайтда бу иш осон эмасди, шу сабабли ҳам орадан яна икки йил ўтиб кетади ва бу вақтда совет қўшинларининг талафотлари янада ошиб боради. Охир-оқибат 1988 йил 15 май кунидан бошлаб советлар Афғонистондан қўшинларни олиб чиқа бошлайди.

1989 йил 15 февралда совет армиясининг сўнгги қисмлари Термиздаги Ҳайратон кўпригидан ўтади. Шу тариқа 10 давом этган урушдан сўнг совет армияси Афғонистондан мағлуб бўлиб қайтади. Орадан яна икки йил ўтгач, 1990 йилда Горбачёв тинчлик йўлидаги хизматлари учун халқаро Нобель мукофотини олади.
Афғон урушидаги йўқотишлар ва СССРнинг парчаланиши
1975 йилда АҚШ армияси Вьетнамда мағлубиятга учраганди. Шу сабабли советлар “Бизнинг армия дунёдаги энг кучли армия” деб мақтанишарди. Бироқ Афғон уруши ва ундаги мағлубият барчасини ошкор кўрсатди қўйди.
Ўшанда совет ҳарбий техникалари ҳам унча мукаммал эмаслиги билиниб қолди. Бундан ташқари, советларда профессионал армия йўқ эди. 18 ёшга тўлган йигитлар армияга чақирилар ва улар икки йил хизмат қилгач захирага бўшатиларди. Бўшатилганлар ўрнига яна ёш йигитлар келарди.
Тасаввур қилинг, 18 ёшли йигит ҳарбий хизматга чақириляпти. Бир неча ой тайёргарлик кўргач жанг майдонига ташланяпти. Ана шундай вазиятда Покистон ва Афғонистондаги ҳарбий лагерларда тайёргарлик кўрган афғонлар ҳали тажрибаси бўлмаган йигитларни “тутдай тўкиб ташлайди”.
Расмий маълумотларга кўра Афғон урушида СССР томонидан қарийб 1 миллион ҳарбий қатнашган ва 10 йилда улардан 14 453 нафари ҳалок бўлган. Бироқ айримлар советлар ҳалок бўлганлар сонини бир неча маротаба камайтириб кўрсатганини айтган.
Шунингдек, расмий маълумотларда советлар ҳар йили уруш учун қарийб 1 млрд доллар сарфлагани келтирилган. Аслида эса СССР бу беҳуда уруш учун йилига 5-8 млрд доллар сарфлаган.
Афғон урушига энг кўп аскар Марказий Осиё республикаларидан, жумладан Ўзбекистондан юборилган. Расмий маълумотларга кўра 10 давомида Афғон урушига 64 500 нафар ўзбекистонлик юборилган.
Шулардан 1 522 нафари ҳалок бўлган, 2 500 киши жароҳатланган. Бироқ норасмий маълумотларда Афғон урушида қатнашган ва ҳалок бўлганлар сони бир неча баробар кўп экани айтилади.

Шубҳасиз Афғон урушидан энг кўп жабрланган — бу афғон халқининг ўзи бўлди. Мамлакат бутунлай вайронага айланди. Бундан ташқари миллионлаб афғонлар қурбон бўлди.
Маълумотларга кўра, Афғон урушида 2 миллион Афғонистон ҳарбийлари ва фуқаролари ҳалок бўлган. Айрим тадқиқотчилар маълумотларида ҳалок бўлганлар қарийб 3 миллион нафар бўлгани, 5 миллион нафар афғонистонлик эса қочқинга айлангани қайд этилган.
Афғон уруши нафақат миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлди, балки СССРни оғир иқтисодий инқирозга ҳам туширди. Оқибатда кўп ўтмай мамлакат парчаланиб кетди ва мустабид тузум қўл остида мустамлака бўлиб келаётган республикалар мустақилликка эришди.
Бугун ўша урушда қатнашган инсонлар орамизда юрагида катта дард ва алам билан орамизда яшамоқда. Азизлар, ҳеч ким сизни ҳеч нарсада айблай олмайди, чунки сиз ўзингиз хоҳлаб бормагансиз, шунчаки советларнинг манфур сиёсати қурбони бўлган эдингиз.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)