“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 3 июль куни ўтказилган тест синовлари атрофида норозиликлар кучаймоқда. Айрим талабгорлар тест саволлари мураккаблиги, баллар юқори эканидан норози. Тестда 55 балл тўплаган йигит ўз жонига қасд қилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Шу муносабат билан “Дарё” мухбири жамғарманинг ижрочи директори Гулноза Исмаиловадан изоҳ олди.
Жамғарма томонидан 2024 йилда ўтказилган тестда номзодлар учун 30 та савол берилиб, 1 соат вақт ажратилган эди. Бу йилги саволлар сони 40 тани ташкил қилди, бироқ вақт узайтирилмади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори буни “битта саволга 1,5 дақиқа етиши” билан изоҳлади.
Таҳлилий ва IQ тестлари учун 1 соат вақт белгилангани ҳар бир савол учун 1,5 минут ажратилганини билдиради. Халқаро стандартларни кўрайлик, бу солиштирувни кўрадиган бўлсак, 1,2 дақиқани ташкил этмоқда. Ўзбекистон давлат тест маркази томонидан белгиланган бу вақт ҳам айнан халқаро стандартларга тўлиқ мос келади, ҳаттоки, бу борада енгилликлар яратилганини кўришимиз мумкин, деди Гулноза Исмаилова.

Бу йилги имтиҳонларда тестдан ўтиш чегараси максимал 100 баллдан 61 этиб белгиланди. Айнан шу масала кўпчиликнинг норозилигини келтириб чиқади. Чунки 2024 йилги тестларда магистратура ва докторантура учун максимал 60 баллдан 20 балл тўплаганлар суҳбат босқичига ўтганди. Бакалавр учун бу кўрсаткич йўналишларга қараб 30-40 баллни ташкил қилди.
Ўтган йили бўлиб ўтган тестларда ҳаттоки ўтиш баллари аниқ эмасди. Улар ҳам барча номзодларга нисбатан ўйнаб ўтказилган. Натижада паст балл олганлар ҳам номзод сифатида тан олиниши мумкин эди. Бу йил тестларда ҳеч қандай инсон омили фактори аралашмагани, ҳеч қандай тазйиқлар ўтказилмагани, аниқ кўрсатилган баллар белгилангани шаффофлик, адолатлилик, тенглилик принципига амал қилганини билдиради.
Тўғри, тестлар қийин бўлиши мумкин, лекин чет элда ўзбек тилида ўқилмайди, талабгор инглиз тилида фикрлай олиши, таҳлил қила олиши, уларни ўзлаштира олиши учун бир қатор мезонларга риоя қилиши керак. Бунинг учун босқичлардан сараланиб ўтиши керак, деди у.
Халқаро грантлар, шу жумладан, Erasmus, Chevening ва DAAD номзодларни саралашда уларнинг академик салоҳияти, ижтимоий фаоллигига эътибор қаратади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса фақат IQ тести ва танқидий фикрлаш билан чекланиши норозиликка сабаб бўлмоқда.
“Ҳамма ҳам аниқ соҳаларга ҳужжат топширмайди. Ижтимоий гуманитар, тиббиёт йўналишлар учун топшираётганлар учун ўзига мос имтиҳон ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?”, деган саволга қуйидагича муносабат билдирилди.

Бу каби эътирозларни ижтимоий тармоқларда биз ҳам кузатиб юрибмиз. Таҳлилий баҳолаш ва IQ тест деганда бу ерда ҳеч қандай математика йўқ. Булар математик билимларни эмас, мантиқий фикрлашни талаб қилади. Ҳозирги кунда 375 нафар номзодимиз тестлардан озод этилди. Чунки уларнинг қўлларида SAT сертификати ва магистратура учун GRE ҳамда GMAT сертификатлари бўлган.
SAT тизимида математика ва инглиз тили тизими бор. Унда математика математикалигича эмас, мантиқан фикрлашни назарда тутади. Инглиз тили сертификати — тил нуқтайи назаридан эмас, материалларни ўзлаштира олиш, таҳлил қила олиш, матндан нимадир фикр ясай олиш. Бу тестлар юқори стандартли бўлиб, уларда таҳлил қилиш ва мантиқан фикрлаш нуқтайи назаридан ёндашилганини кўришимиз мумкин, дейди Исмаилова.
EЮУФ ижрочи директори тестларга, уларнинг матнига ва мазмун-моҳиятига аралаша олмаслигини айтди. Соҳага мос тестлар тузиш ҳақидаги саволга эса имтиҳонда талабгорнинг билими баҳоланмайди, дея жавоб қайтарди.
Улар ўз соҳаси бўйича университетларнинг қабул хатларини олишган. Тегишли билимларни олишга интилишларини кўрсатишган. Уларнинг мазкур билими улар топширган университет бўйича баҳоланади, дея таъкидлади масъул.
Ижтимоий тармоқларда тестдан 55 балл олган йигит ота онасининг танқиди сабабли ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳолат юзасидан тегишли ваколатли органлар билан ҳали алоқа ўрнатмаганини маълум қилди. “Дарё” суицид юзасидан бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов билан боғланди ва “ҳолат ўрганилмоқда” деган жавоб олди.
Изоҳ (0)