Миссури штатининг Шарқий округи суди Хитой ҳукуматини пандемия бошида коронавирус тарқалиши ҳақидаги маълумотни яширганликда айбдор деб топди. Суд Хитой мамлакати 24 миллиард доллардан кўпроқ жарима тўлаши керак, деб топди. Бу ҳақида The New York Times хабар қилди.
Даъво Миссури Бош прокурори томонидан 2020 йил апрель ойида қўзғатилган. Штат расмийларининг таъкидлашича, Хитой COVID-19 мавжудлиги ва тарқалиши ҳақидаги маълумотларни яширган ва кейин бутун дунёга шахсий ҳимоя воситаларини этказиб беришни тўхтатган.

Судья Стивен Н. Лимбоу ўз қарорида Хитой “пандемия хавфи ва кўлами тўғрисида дунёни чалғитган” ва “шахсий ҳимоя воситаларини тўплаб олиш бўйича монополистик амалиётлар билан шуғулланган” деб ёзган. Унинг фикрича, бу Қўшма Штатларнинг пандемияга ўз вақтида тайёргарлик кўришига тўсқинлик қилди ва тиббиёт ходимлари учун етарли жиҳозларни сотиб олишни имконсиз қилиб қўйди.
Миссури расмийлари Хитой активларини мусодара қилиш орқали жаримани ундиришга ваъда беришди. Хитой томони эса судья қарорига рози эмаслигини билдирди.
2019 йил декабрь ойида Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) Вуханда пневмония авж олгани ҳақида хабар берган эди. 2020 йил март ойида ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус вируснинг тез тарқалиши туфайли COVID-19 ни пандемия деб эълон қилди.
Охирги маълумотларга кўра, коронавирус туфайли 7 миллиондан ортиқ одам вафот этган. 2025 йил январь ойида Марказий разведка бошқармаси вируснинг лаборатория келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботни эълон қилганди.
Изоҳ (0)