Хитойда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 900 миллион кишига етди. Бу ҳақда Live Мint хабар берди.
11 январь ҳолатига кўра, 900 миллиондан ортиқ одам, яъни мамлакат аҳолисининг 64 фоизи коронавирус билан касалланган. Гансу провинциясида касалланишнинг энг юқори кўрсаткичи қайд этилган, ҳудудда аҳолининг 91 фоизи ковид юқтирган. Ундан кейинги ўринда Юньнань (84 фоиз) ва Синхай (80 фоиз) жой олган. Хитойнинг етакчи эпидемиологи қишлоқларда касалланишлар сони кескин кўпайишидан огоҳлантирган. Мамлакатда COVID тўлқинининг чўққиси икки-уч ой давом этиши кутилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ковид статистикасини юритмаётган Хитойни касалликдан ўлим сонини камайтириб кўрсатишда айбламоқда. Бунга жавобан Хитой ТИВ коронавирус бўйича маълумотларни ЖССТ билан техник алмашинув орқали «қонунга мувофиқ ўз вақтида ва ошкора» алмашаётганини билдирган.
Халқаро соғлиқни сақлаш экспертлари 2023 йил Хитойда камида бир миллион киши ковиддан ўлишини башорат қилмоқда. Пекин пандемия бошланганидан бери 5 000 дан ортиқ ўлим ҳақида расман хабар берган, бу дунёдаги энг паст ўлим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Мавзуга доир: Фото: Хитойда коронавирус авж олган бир пайтда крематорийларга тизилган навбатлар
Изоҳ (0)