COVID-19 Хитой лабораториясидан сизиб чиққан бўлиши мумкинлигини даъво қилиб, Хитойни обрўсизлантиришни ва коронавируснинг келиб чиқишини сиёсийлаштиришни бас қилиш зарур, деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин брифингда. Унинг сўзлари вазирлик сайтида келтирилган.
Дипломат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Хитойнинг қўшма илмий гуруҳи коронавируснинг бундай усулда тарқалгани даргумон деган хулосага келганини, халқаро ва илмий ҳамжамият бу хулосага қўшилганини эслатди.
Ўтган ҳафта The Wall Street Journal нашри АҚШ Энергетика вазирлиги коронавирус Хитой лабораториясидан сизиб чиқиш орқали тарқалган, деб ҳисоблаётгани ҳақида ёзганди. Илгари шунга ўхшаш назария АҚШ ҳукуматининг миллий лабораторияси томонидан “ишончли” деб аталган, уни ФҚБ ҳам қўллаб-қувватлаган, аммо миллий разведка бу версияга шубҳа билдирган. Яна тўртта разведка агентлиги вируснинг табиий келиб чиқиши ҳақидаги назарияни қўллаб-қувватламоқда, иккитаси бир қарорга келмаган, дея таъкидлайди газета. Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби февраль ойи охирида “Ҳозирда АҚШ ҳукуматида COVID-19 аниқ қандай бошлангани бўйича консенсус йўқ”, деганди.
ЖССТ пандемия бошланганидан кейин инфекциянинг келиб чиқишини текширишни бошлаганди. Мавжуд маълумотларга асосланиб, ЖССТ экспертлари лабораториядан сизиб чиқиш эҳтимолини “жуда кам” деб баҳолади.
Пекин ЖССТга лаборатория версиясини текширишда ёрдам беришдан бош тортди ва ташкилотни сиёсий позицияда айблади. ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебреесус вирус Хитой лабораториясидан тарқалган бўлиши мумкинлигини тан олди: “Мен ўзим лаборантман, иммунологман, лабораторияда ишлаганман ва лабораторияда бундай ҳодисалар бўлиб туришини биламан”. Вируснинг келиб чиқиши бўйича кейинги ЖССТ тадқиқотлари Хитойнинг қаршилиги туфайли тўхтатилди.
Изоҳ (0)