Узоқ давом этган коронавирус пандемияси даврида баъзи одамлар ҳеч қачон COVID 19 га чалинмади. Олимлар бурундаги иммун ҳужайраларининг реакцияси ва эрта огоҳлантирувчи геннинг фаоллиги бунга сабаб бўлганини айтмоқда. Уларнинг тадқиқоти ҳақида The Guardian хабар берди.
Британиялик олимлар гуруҳи 2021 йил пандемия авжида бўлган даврда тажриба ўтказган. COVIDга чалинмаган ва эмланмаган 36 нафар соғлом катта ёшли кўнгиллиларга бурун орқали вируснинг паст дозаси юборилган. 16 кишида қон ва бурун шиллиқ қаватидаги иммун ҳужайраларининг фаоллиги кузатилган. Натижада, кўнгиллилар уч гуруҳга бўлинган:
- Олти кишида инфекция қайд этилиб, улар касалликка чалинган;
- уч кишида коронавирусга топширган тест натижалари вақтинчалик ижобий бўлган;
- еттита тестда салбий натижа кузатилган, улар ривожланган иммунитетга эга бўлган.
Иккинчи ва учинчи гуруҳдаги одамларда, ҳатто COVID юқитирилишидан олдин ҳам, HLА-DQА2 деб номланган геннинг юқори фаоллиги қайд этилган. Бу иммунитет тизимига хавф ҳақида сигнал берувчи ҳужайраларда кузатилган.
Олимлар HLА-DQА2 фаоллиги юқори бўлган одамлар коронавирусга нисбатан самаралироқ иммунитетга эга бўлиши мумкин деган хулосага келган. Бироқ, уларда мутлақ иммунитет кузатилмаган, сабабли айрим кўнгиллилар тадқиқотдан кейин вирусни юқтирган.
Изоҳ (0)